
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида Президентимиз тақдимномасига биноан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Халқимизга хос бағрикенглик ва кечиримлилик фазилатларининг ёрқин ифодаси бўлган амнистия акти ўз мазмун-моҳиятига кўра, жиноят содир этган ёки жазо ўтаётган шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварлик ва бағрикенглик намунасидир. Амнистия қарорининг қабул қилиниши нафақат жиноят содир қилган шахслар ёки маҳкумларнинг манфаати нуқтаи назаридан, балки уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, вояга етмаган фарзандлар ота-оналарининг меҳридан баҳраманд ўсиши, шунингдек, оилада иқтисодий ва маънавий муҳитни вужудга келтиришда асосий ўрин тутган ота ва оналарнинг иштирокини таъминлаши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунда давлатнинг жамият аъзоларига нисбатан ғамхўрлик ғояси акс эттирилган.
Сенат Қарорининг 1-бандига мувофиқ айрим тоифадаги маҳкумлар, яъни аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек, ушбу қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган, деб топилган шахслар жазодан озод қилинади.
Қарорнинг 2-бандида эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши назарда тутилган.
Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар ушбу қарорнинг 3-бандига мувофиқ жазодан озод қилинади.Ўталмай қолган жазо муддати уч йил-у олти ойдан кам бўлган шахслар эса манзил-колонияларга ўтказилиши белгилаб қўйилди.
Қарорнинг 6-бандида белгилаб қўйилганидек қарорнинг амал қилиши:
– узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган, ўта хавфли рецидивист деб топилган, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган, жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган, жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган, муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган, ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга;
– қарорнинг биринчи банди амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида кўрсатилган (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳолатлар), шунингдек, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга;
– қарорнинг учинчи банди амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва 104-моддаси учинчи қисми “д” бандида кўрсатилган жиноятларни (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган ҳолатлар) содир этган шахсларга;
– қарор 1–3, 5-бандларининг амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-(фирибгарлик) моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Сенат қарорига мувофиқ асосий жазодан озод қилинган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.
Мазкур Қарорнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Сенат томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида”ги Қарор ҳам тасдиқланди.
Унда амнистия ҳужжати бўйича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилиши лозим бўлган шахсларга нисбатан ишларни ва материалларни судда кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланди. Бунда амнистия тўғрисидаги Қарорнинг қўлланилиши, шунингдек, уни ижро этиш тартиб-таомиллари очиқ-ошкоралигининг таъминланиши устидан жамоат назоратини амалга оширишда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари фаол иштирок этиши назарда тутилган.
Нигора Раббимова,
Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси
раиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.