Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИНСОН – АЗИЗ, ХОТИРАСИ – МУҚАДДАС

ИНСОН – АЗИЗ, ХОТИРАСИ – МУҚАДДАС

Дунёдан ўтганларни ёд этиш, уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш, номларини абадийлаштириш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Шу боис ҳар биримиз аждодларимиз, яқинларимиз мангу қўним топган масканларни зиёрат қилиб турамиз. Бу билан инсонийлик бурчимизни адо этиш баробарида руҳий енгиллик ҳис этамиз. 

Мамлакатимизда давом этаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ҳам муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳудудларини тартибга келтириш, саранжом-саришта қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда хайрия ҳашарлари ўтказилмоқда.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига кўра, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан шу кунларда вилоятдаги 1400 дан ортиқ қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари дафн этилган қабрларни зиёрат қилиш учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Қабристонларни тоза-озода, тартибли сақлаш инсонийлик бурчимиз, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Иштихон тумани бўлими раиси Зафар Ҳайитмуродов. – Бу ишни ҳар бир инсон ўз виждон амри билан бажаради. Умумхалқ ҳашарларида бу фазилат янада яққол намоён бўлади. Шу сабабли туманимиздаги 146 қабристонда ҳар йили бир неча марта ҳашар уюштирамиз. Бу тадбирларда каттаю кичик, барча фаол қатнашади.

Шу йил 14-15 мартда ўтказилган ҳашар кунларида барча зиёратгоҳлар тартибга келтирилиб, улар ҳудудида 4 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари, 15 минг туп қаламчалар экилди. Қабристонлар ҳудудида махсус гулзорлар яратилди, йўлакчалар ташкил этилди. Айни пайтда бу юмушлар давом эттирилиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хоки қўйилган қабрлар атрофи ободонлаштирилмоқда. Қабристон ҳудудида улар ҳақида маълумотлар акс этган лавҳалар ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, давлат маблағи ҳисобидан ўтган йили туманимиз ҳудудидаги етти қабристон атрофи девор билан ўралган эди. Жорий йилда яна олти қабристонда бу юмуш амалга оширилмоқда.

Қўшработ туманидаги “Юқори Жўш” маҳалласи аҳолиси ҳашар орқали қишлоқдаги қабристон ҳудудини девор билан ўради, дарахт ва гул кўчатлари ўтқазди. Қабристон ҳудуди бўйлаб йўлакчалар солинди. Бу масканда ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари дафн этилган қабрлар атрофи тартибга келтирилди.

Умуман, бу каби хайрли ишлар вилоятнинг барча туманларида уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, туман ва шаҳарлар марказларидаги Хотира майдонлари ободонлаштирилиб, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда. Чунки бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги олдидан ушбу масканларга ёшларнинг саёҳатларини уюштириш, уруш қатнашчилари ва ёшлар ўртасида учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 03/04/2015 12:30.   Кўрилганлиги: 708
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/inson-aziz-xotirasi-muqaddas

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг