Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИНГИЧКАГА ХИТОЙЛИК ТАДБИРКОРЛАР ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТАДИ

ИНГИЧКАГА ХИТОЙЛИК ТАДБИРКОРЛАР ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТАДИ

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Хитойнинг Синьцзян провинциясидаги “Синьян” илмий-савдо компанияси президенти Сунь Чженцзюнь бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими Т.Жўраев меҳмонларни ташрифи билан қутлаб, икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади. Бу, айниқса, саноат, юқори технологиялар, нефть-газ ва логистика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда.

2017 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард доллардан ошди. Жорий йилда бу рақамнинг яна ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида Хитой капитали иштирокида 30 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур корхоналар томонидан қурилиш материаллари, енгил саноат, пойабзал, кимё маҳсулотлари, қадоқлаш материаллари, мотороллерлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Эндиликда ушбу йўналишлар қаторига тоғ-кон металлургия саноати ҳам қўшилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таклифига кўра юртимизга ташриф буюрган Хитойнинг “Синьян” илмий-савдо компанияси, оғир-механика саноати йўналишида фаолият кўрсатувчи “CITIC” компанияси, Хэнань провинциясидаги кўмир саноати институти, тоғ-кон металлургия саноати йўналишидаги “Хэнань Голун” компанияси раҳбар ва муҳандислари Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка қўрғонидаги собиқ “Ингичка кони” акциядорлик жамияти участкаларида вольфрам, молибден ва мис қазиб олиш бўйича лойиҳани амалга ошириш юзасидан дастлабки ўрганиш ишларини олиб борди.

Учрашувда делегация раҳбари Сунь Чженцзюнь ўрганиш хулосалари асосида Ингичкада мавжуд иккита шахтадан фойдаланиш ва қўшимча янги кон шахталарини қуриш имконияти мавжудлигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳудудда ўзаро ҳамкорликда замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда геология-қидирув ишлари олиб борилса, вольфрам, молибден ва мис металларидан ташқари бошқа минерал хомашё ресурслари захиралари ҳам аниқланиши қайд этилди. Бу ерда руда қуми чиқиндисидан қурилиш материаллари, жумладан, безакли ғишт ишлаб чиқариш мумкин.

Хорижлик инвесторлар гуруҳи билан ўтказилган мулоқотлар якунига кўра, Ингичкада тоғ-кон металлургия саноати йўналишидаги лойиҳани амалга ошириш ҳамда қўрғонда коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш, инфратузилма объектлари қуриш учун Хитой томонидан 50-55 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади. Лойиҳанинг босқичма-босқич амалга оширилиши билан 500 тадан 700 тагача янги иш ўрни яратилади.

Ғ.Ҳасанов.


Охирги ўзгариш: 22/06/2018 20:05.   Кўрилганлиги: 1024
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ingichkaga-xitoylik-tadbirkorlar-investitsiya-kiritadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.