Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИМТИЁЗЛАР ИМКОНИЯТЛАРНИ КЕНГАЙТИРДИ

ИМТИЁЗЛАР ИМКОНИЯТЛАРНИ КЕНГАЙТИРДИ

Вилоят ҳокимлигида “2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” мавзусида конференция-семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган тадбир сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, вилоят, туман ва шаҳар студияларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари вакиллари ҳамда 3 минг 300 дан ортиқ тадбиркор ҳамда фермерлар иштирок этди.

– Мамлакатимиз иқтисодиётини жадал ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улушини ошириш давлатимизнинг асосий эътиборида турибди, – деди вилоят ҳокими. – Хусусан, кейинги йилларда ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида хусусий сектор вакилларига қатор имтиёзлар, преференциялар берилди. Натижада бу фаолият билан шуғулланишни истовчилар сафи кенгайиб, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, айни кунда вилоятимизда 16 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.Кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши эса 77,4 фоизни ташкил этиб, уларда иш билан банд аҳолининг 83,3 фоизи меҳнат қилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 20 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни соҳада амалга оширилаётган ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Ўз ўрнида мазкур ҳужжатлар ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари олдига тадбиркорларга ҳар томонлама кўмак бериш билан боғлиқ масъулиятли вазифаларни юклади. Чунки яратилган шароит ва имкониятларга қарамасдан, соҳалар ва уларнинг қуйи бўғинларда, хусусан, рўйхатга олиш, ер ажратиш, коммуникация тармоқларига уланиш ва банк хизматлари кўрсатилишида ҳали-ҳамон муаммо ва тўсиқлар учрамоқда.

Масалан, шу йилнинг 8 ойида 1573 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, уларнинг 838 таси электрон кўринишда рўйхатдан ўтказилган, холос. Бу борада Адлия вазирлиги томонидан тавсия этилган намунага асосан шаҳар ва туманларда «бир дарча» марказларини ташкил этиш, тадбиркорлар учун турли идораларда кўрсатилаётган давлат хизматлари бир жойда, яъни ушбу марказлар орқали кўрсатилишини кенг йўлга қўйишимиз лозим. Бунинг учун вилоят адлия, молия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармалари ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари қисқа муддатда «бир дарча» марказларига тадбиркорлар учун қулай бўлган жойларда хоналар ажратиш, локал ва интернет тармоғига уланган энг замонавий компьютерлар ва мебеллар билан жиҳозлаш лозим.

Умуман, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар талай. Соҳага масъул бўлган ҳар бир бошқарма ва ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар раҳбарлари тадбиркор билан елкама-елка туриб, унинг муаммосини ҳал этишимиз шарт.

Конференция-семинарда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар вакиллари юқорида таъкидланган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга тушунтирди.

 

Вилоят прокурори Б.Дехқанов:

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ижросига кўра, Жиноят кодексига янги «Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар» ҳақидаги алоҳида боб киритилди. Натижада тадбиркорлик субъектларининг хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, фаолиятини текшириш тартибини бузиш ёки қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш, банкдаги ҳисобварағи бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиш ёки пул маблағлари ҳақидаги ахборотни талаб этиш, ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини бузиш ёки рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни рад этиш, банклар томонидан пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш каби ҳаракатлар учун янги қонун айбдор мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш учун қонуний асос яратди.

Қонунчиликдаги янгилик бўлган бу каби меъёрлар хусусий мулк устуворлиги принципига тўла мос бўлиб, амалда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига хизмат қилади.

 

Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Мирзараҳимов:

– Мамлакатимизда хусусий секторнинг ролини тубдан ошириш ва ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун назорат қилувчи органлар, хусусан, давлат солиқ хизмати ходимлари зиммасига катта вазифалар юклатилди. Шунга кўра, назорат қилувчи органларнинг 50 дан ортиқ идоравий норматив ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилиб, амалиётга жорий қилинмоқда. Масалан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни тартибга солишга қаратилган меъёрларга киритилган ўзгартишлар туфайли режали солиқ текшируви учун белгиланган даврийлик муддатлари бошқа назорат органларига ҳам татбиқ этилди. Уларнинг фаолиятига асоссиз аралашган, ноқонуний текшириш ўтказган назорат органлари мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексида жавобгарлик нормалари кучайтирилди. Шунингдек, жисмоний шахс ёки оилавий корхона тураржойидан ёки ер участкасидан тадбиркорлик мақсадида фойдаланса, мол-мулк ва ер солиқларини жисмоний шахслар учун ўрнатилган ставкалар бўйича тўлаши белгилангани ва бошқа қатор имтиёз ҳамда преференциялар соҳага кўрсатилаётган эътибор самарасидир. 

 

Анжуманда тадбиркорлар мазкур фармон асосида яратилган енгиллар, имтиёзлар ва имкониятлар ҳақида фикр юритишди.

Гулбека Қўчқорова – Пастдарғом туманидаги «Бека Чарос» хусусий корхонаси раҳбари:

– Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги фармони биз, тадбиркорлар фаолиятини янада ривожлантиришда ғоят муҳим ҳужжат бўлди. 2008 йилда ташкил этилган ва тикувчилик маҳсулотлари тайёрланаётган корхонамизда дастлаб саккиз киши меҳнат қилган бўлса, айни пайтда 40 нафар хотин-қиз муқим иш ўрни билан таъминланган. 2014 йилда «Микрокредитбанк»нинг Жума филиалидан 48 миллион сўмлик кредит олдик ва фаолиятимизни кенгайтирдик. Натижада жорий йилнинг 6 ойида 160 миллион сўмликдан зиёд эллик хилдаги маҳсулот ишлаб чиқардик.

Кейинги йилларда хусусий сектор вакилларига яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришга астойдил бел боғладик. Яъни, Жума шаҳридаги бўш бинони «ноль» қийматида харид қилиб, бу ерга хориждан келтирилган замонавий тикув дастгоҳлари ўрнатмоқдамиз. Мақсадимиз яна 30 кишини иш билан таъминлаш.

 

Бахтиёр Мўсинов – Жомбой туманидаги “Бахт” хусусий корхонаси раҳбари:

– 2007 йилда тадбиркорлик фаолиятимизни бошлагандик. Ўшанда тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш учун анча сансалорликка учрардик, ҳафталаб вақт сарфлардик. Бугунга келиб рўйхатдан ўтиш, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш электрон шаклда амалга ошириладиган бўлди. Президентимиз фармонида туман ҳокимликлари ҳузуридаги «бир дарча» фаолиятини такомиллаштириш юзасидан белгилаб берилган чора-тадбирлар тадбиркорларни турли рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар, лицензияларни олиш билан боғлиқ ташвишлардан халос этади.

Конференция-семинар давомида юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маърузаларни тинглаб, биз, тадбиркорлар ҳам қўл қовуштириб турмай, имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш суръатларини янада ошириб боришимиз зарур, деган хулосага келдим.

 

Соҳиб Акбаров – Ургут туманидаги “Ал-Назар орзу сервис”қўшма корхонаси раҳбари:

– Корхонамиз фаолият бошлаганига 7 йил бўлди. Мебель саноати корхоналариҳамда «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар учун яримтайёр маҳсулот ҳисобланган полиэстр тола ишлаб чиқарамиз. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги фармонига кўра, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб микрофирма, кичик корхона ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид текширувлар режали тартибда тўрт йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилгани диққатга сазовор. Текширишларнинг ўн кундан ошмаслиги эса нур устига нур.

Фаолиятимиз давомида баъзида бир кунда икки-учта идорадан келган вакилларга турли ҳужжатларни тақдим қилиш керак бўлар, бу ҳол ойлаб давом этарди. Бу вақтимизни олиб, фаолиятимиз самарадорлигига салбий таъсир қиларди. Энди ҳуда-беҳуда аралашишларга чек қўйилади, ноқонуний текшириш натижасида мулкдорлар ҳуқуқларини бузганларга жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади.

Акрам Ҳайдаров,
Ўктам Худойбердиев


Охирги ўзгариш: 23/09/2015 20:21.   Кўрилганлиги: 791
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/imtiyozlar-imkoniyatlarni-kengaytirdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг