Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИККИ НЕЪМАТ ҚАДРИ

ИККИ НЕЪМАТ ҚАДРИ

Мамлакатимизда муборак Рамазон ойи бошланди. Президентимизнинг шу йил 16 июндаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мазкур ойни миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш, халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат амалларига алоҳида эътибор бериш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни кенг тарғиб этишга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориш чоралари кўрилмоқда. 

– Дунёда неъматлар кўп бўлса-да, улар орасида икки неъмат – тинчлик ва саломатликдан улуғи йўқ, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили Нуриддин Исломов. – Бир-биримизга айтадиган илк каломимиз – Ассалому алайкумнинг мазмуни саломатлик тилашдан иборат. Дуоларимиз юртга тинчлик, элга омонлик сўраш билан бошланади. Яратганга шукрки, бугун юртимизда осойишталик барқарор, халқимиз тинч-хотиржам ҳаёт кечириб, меҳнат қилмоқда. Давлатимиз томонидан ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай баркамол ўсиши учун барча имконият, шарт-шароит яратилган. Кексалар доимий эъзозу эҳтиромда.

Муқаддас Рамазон ойи ана шу юксак инсоний фазилатлар бор бўй-басти билан намоён бўладиган палладир. Шу боис муҳтарам Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган қарорида муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамияти инобатга олинган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Шундан келиб чиқиб, ой давомида вилоятда “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши билан ҳамкорликда бажариладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бунда маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда юртимиздаги тинчлик-барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва аҳиллик, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятини тарғиб этиш ва тушунтиришга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш белгиланди.

Ёшлар иштирокида ўтказиладиган маърифий суҳбатларда дунёнинг турли минтақаларидаги нотинч вазиятни тушунтириш, ақидапараст гуруҳларнинг ғаразли ниятларини очиб бериш, тинчликнинг қадр-қиммати, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг диний ва дунёвий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумотлар бериш кўзда тутилган.

Бу борада яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги республика анжумани материалларидан кенг фойдаланилади. Айни пайтда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, маънавият тарғиботчилари, нуронийлар ва диний идоралар вакилларидан иборат тарғибот гуруҳлари шакллантирилмоқда.

Маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиш, Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларида хайрия тадбирларини амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 17/06/2015 18:46.   Кўрилганлиги: 612
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ikki-nemat-qadri

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг