
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 3-4 декабрь кунлари ўтказилган тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Давлат бюджети кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
2016 йилги бюджетнома ҳам мамлакатимизнинг макроиқтисодий барқарорлигини ва ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръатларини таъминлашга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги юксак рақобатбардошлигини шакллантиришга, аҳоли фаровонлигини, турмуш даражаси ва сифатини оширишни давом эттиришга қаратилган.
Жумладан, бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, келгуси йилнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ялпи ички маҳсулотни 7,8 фоизга оширишни назарда тутади. Шунингдек, 2016 йилда иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичлари фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳисобига ҳам таъминланади. Жумладан, 2016 йилда барча капитал қўйилмалар ҳажмини 9,6 фоизга оширишни таъминлаш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 4,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,1 фоизи ажратилиши мўлжалланмоқда.
2016 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсати ишлаб чиқаришни янада модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини, агросаноат мажмуасини жадал ривожлантириш, экспорт ўсишини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Солиқ сиёсатидаги асосий устуворликлар хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолига тушадиган солиқ юкини янада камайтириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсишини рағбатлантирувчи солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш орқали бюджет тизими бюджетларининг мутаносиблигини таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда.
Аҳоли даромадлари зиммасига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида солиқ солишнинг иккинчи поғонаси бўйича жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш назарда тутилмоқда, бу эса аҳоли даромадларини 235 миллиард сўмга кўпайтириш имконини беради.
2016 йилда хизматлар соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 6 фоиздан 5 фоизга пасайтирилиши 2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурида назарда тутилганидек, мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 54,5 фоиздан 55,5 фоизга кўпайтириш имконини беради.
Бу эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2012 йил 10 майда тасдиқланган 2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурининг сифатли бажарилишига кўмаклашади.
Ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнларини изчил давом эттириш, солиқ-бюджет сиёсатини мустаҳкамлаш, бозор ислоҳотларини ва ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, мақсадлар ҳамда вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда жаҳон бозорининг кечишини тахмин қилиш мураккаб ва мавҳум бўлган, глобал молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари давом этаётган, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида инвестициявий фаоллик сустлашаётган ҳамда ўсиш суръатлари пасаяётган бир шароитда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг ижтимоий йўналтирилганлиги стратегик аҳамиятга эга.
Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шу жумладан, олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория корпусларини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлашни ва жиҳозлашни молиялаштиришга, шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланадиган харажатларни ошириш тенденциялари сақланиб қолди. Яъни, давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари 59,2 фоизни ташкил қилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетида, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларида ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида ижтимоий соҳаларга устуворлик берилган.
Ойлик иш ҳақи, стипендиялар, ижтимоий нафақалар ва пенсиялар миқдорларини инфляция суръатларидан ортиқ миқдорларда ошириш орқали аҳоли даромадларининг ва турмуш даражасининг ўсишини таъминлаш назарда тутилган.
Қисқа қилиб айтганда, давлат бюджети давлатнинг инсонпарварлик сиёсатини молиявий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган.
З.МИРЗАЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 15
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.