
Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, Нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг кенгайтирилган сайёр йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига асосан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг парламент назорати тартибида вилоятдаги ижросини ўрганиш якунлари муҳокама этилди.
Йиғилишда қўмита аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вилоятдаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси аъзолари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, вилоят ҳокими З.Мирзаев Президентимиз раҳнамолигида кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари тамойили асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида жамият ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли ошиб бораётганини таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 8300 дан ортиқ ННТ фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 8,7 фоизи, яъни 692 таси Самарқанд вилоятида давлат рўйхатидан ўтган. Кейинги йилларда вилоятда тадбиркорлик ва фермерлик, спорт, экология, маданий-тарихий ва маърифий соҳаларда ННТлар сони ортиб, фаолияти ривожланиб бормоқда. Улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларида ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари билан фаол иштирок этмоқда.
2009 йилда вилоят бўйича 11 ННТ танловларда қатнашиб, уларнинг 4 таси грант ғолиблигига эришган бўлса, 2015 йилда 55 иштирокчидан 17 тасининг лойиҳаси энг яхши деб топилиб, молиялаштирилди.
– Қонунлар ижросини ўрганиш жараёнида вилоятда ННТ раҳбарлари ва ходимлари малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, бу борада ўзаро ахборот алмашиш тизимини такомиллаштириш, Давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш бўйича давлат органлари билан ижтимоий ҳамкорлик бўйича муайян ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Юнусова. – Хусусан, давлат органлари билан ННТлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик тўғрисида ўттиздан ортиқ шартнома ва меморандум имзоланган.
2015 йилда вилоятдаги 15 нодавлат нотижорат ташкилоти давлат дастурларида 52 бандда белгиланган вазифаларни амалга оширган. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунига кўра, 2015 йилда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши қарори билан тузилган Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ННТлар билан фаол ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Ш.Қулматов қонунлар ижросини ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар, эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз юритиб, бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ҳ.Шодиева, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Х.Маматов, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ф.Раҳматов давлат бошқарув органлари ва ННТлар ўртасидаги ҳамкорлик, ижтимоий шерикликни кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратди.
Йиғилишда қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил натижаларидан келиб чиқиб ҳокимлик ва бошқа органлар, муассасалар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ННТларнинг фуқаролик жамиятидаги ролини ошириш юзасидан тавсия ва хулосалар билдирилди.
* * *
Шу куни парламент қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятдаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 9
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.