Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ИЖОДИЙ МУЛОҚОТ

ИЖОДИЙ МУЛОҚОТ

Салкам бир асрлик йўлни босиб ўтган Фарғона журналистика мактаби миллий матбуотимиз тараққиётини таъминлашда ўзига хос ўринга эга. Ушбу мактабнинг мамлакатимиз адабий-ижодий муҳитини шакллантиришга қўшган ҳиссаси, салоҳияти кўпчиликка маълум. 

Шу нуқтаи назардан уларнинг Самарқанд журналистикаси тарихи ва бугунги фаолиятида ўхшаш жиҳатлар ҳам талайгина.

Вилоят матбуот уйида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд ва Фарғона вилоятлари бўлимлари ҳамкорлигида уюштирилган “Босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ишини давр талаби асосида ташкил этиш, журналистлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари” мавзусидаги семинарда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Дастлаб фарғоналик журналистлар, туман ва шаҳар газеталари муҳаррирлари, муҳаррир ўринбосарлари ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат меҳмонлар вилоят Матбуот уйига ташриф буюриб, бу ерда фаолият юритаётган “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароит билан танишди.

– Вилоятимизда айни пайтда 82 та босма оммавий ахборот воситаси, олтита телерадиокомпания мавжуд бўлиб, уларда 500 нафардан зиёд журналист-ходимлар фаолият юритиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари, Республикада хизмат кўрсатган журналист М.Обидов. – Кейинги йилларда ҳокимликлар кўмагида вилоятимиздаги барча оммавий ахборот воситалари таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса газеталаримизнинг мазмун-мундарижаси, мавзулар кўламининг замон талаблари даражасида бойишига хизмат қилаётир.

Аммо мамлакатимиз, хусусан, вилоятлар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётидаги жараёнларни айрим даврга ҳамоҳанг услубларда ёритиш, журналистларнинг ижтимоий ҳимоясини жонлантириш талаб этилмоқдаки, бунда Самарқанд вилоятидан ўрганадиган тажрибалар жуда кўп.

Меҳмонлар таҳририятлардаги бўлимлар фаолияти билан танишиб, самарқандлик журналистлар билан суҳбатлашиш жараёнида ҳар икки вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий соҳалардаги ислоҳотларни ёритишдаги самаралар, ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини сарҳисоб қилдилар.

– Самарқанд журналистикаси, хусусан, “Зарафшон” газетаси ҳақида ҳамкасблардан кўп эшитганман, – дейди Тошлоқ тумани ҳокимлигининг “Тошлоқ тонги” газетаси муҳаррири ўринбосари Ю.Мамаев. – Бугун эса ушбу нашр таҳририяти, бўлимлари фаолияти, у ерда ишлаётган ходимлар билан танишиш, тажриба алмашиш имконияти туғилганидан мамнунман. Газета тахламларини варақлаб, саҳифалардаги айрим мақолаларни ўқиб, қисқа муддатли суҳбатларда Самарқанд матбуоти ҳақида тугал фикрлар билдириш қийиндир балки. Лекин “Зарафшон” газетаси қошида ташкил этилган матбуот тарихи музейи мамлакатимиз миқёсида ибратли иш бўлибди.

Яна, нашрнинг вилоят ҳаёти кўзгуси вазифасини бажараётгани, саҳифаларда жамоатчилик фикри, омма онгига таъсир этувчи услубларга бой мақолалар берилаётгани эътиборимни тортди. Бўлимларда меҳнат қилаётган ходимлар учун яратилган шарт-шароит, эркин ижодий муҳит, уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳавас қилса арзигулик. Ҳар бир бўлим замонавий компьютер техникалари, мебеллар, керакли анжомлар билан жиҳозланган, зарур адабиётлар билан таъминланган. Матбуот анжуманлари ўтказиш учун зал, керакли инвентарлар билан жиҳозланган спорт комплекси, ошхона ҳамкасбларимиз хизматига шай экан. Таҳририятда “Маҳорат мактаби” тингловчиларига сабоқ берилиб, касб сирлари ўргатилаётгани таҳсинга лойиқ.

Ташриф мобайнида меҳмонлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида ҳам бўлишди. Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида буюк аллома ҳайкали пойига гул қўйдилар. Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилдилар.

Тадбирларда икки вилоят ижодкорлари ўзларининг ижод маҳсуллари жамланган асарларни бир-бирига тақдим этди, ҳокимликларнинг эсдалик совғалари алмашинди.

Абдуғофур Шерхолов


Киритилган вақти: 02/05/2016 18:31.   Кўрилганлиги: 486
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ijodiy-muloqot

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг