Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ИЖОД – ИҚТИДОР – ИМКОНИЯТ”

“ИЖОД – ИҚТИДОР – ИМКОНИЯТ”

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги бир қатор таълим муассасаларида шу шиор остида маданий тадбирлар ўтказилди. 

Ушбу тадбирларда бадиий адабиёт, журналистика, мусиқа, расм, тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчи иқтидорли ёшлар соҳанинг таниқли вакиллари, моҳир ва тажрибали устозлардан сабоқ олиш имконига эга бўлдилар.

Хусусан, 1-сон Самарқанд педагогика коллежида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли шоир-ёзувчилар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Тадбирда коллежнинг ижодкор ўқувчи-ёшларидан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 41-, 66-, 68-умумтаълим мактабларининг тўққизинчи синф ўқувчилари ҳам қатнашди. Устоз ижодкорлар мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги арафасида ташкил этилаётган бундай тадбирлардан кўзланган мақсад, умуман, мамлакатимизда ёш иқтидор эгаларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталдилар.

* * *

Жаъфар Ёдгоров Самарқанд шаҳридаги 62-умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқийди. Дарсдан бўш вақтларида болалар мусиқа ва санъат мактабига қатнайди. Бу маскандаги устозлардан анъанавий ижрочилик йўналиши бўйича сабоқ ўрганади. Уч йиллик машқлари давомида у “Дугоҳ”, “Салламно”, “Ушшоқ”, “Шашмақом” каби мумтоз ашулаларни ижро этишнинг ўзига хос жиҳатларини ўзлаштиришга муваффақ бўлди. Бир неча бор “Камалак юлдузлари” болалар фестивали, “Ўзбекистон – Ватаним маним!” кўрик-танловида ўзини синаб кўрди, совриндор бўлди.

Самарқанд шаҳридаги 22-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбир Жаъфар сингари санъатга иштиёқманд ўнлаб ёшларни кашф этгани билан эсда қолди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Халқ артисти М.Мавлонов, Самарқанд санъат коллежи ўқитувчилари М.Жомуродов, Х.Исматов “Санъаткор ва мусиқачилар таълим муассасасида” номли маҳорат машғулотлари ўтишди. Аввал тажрибали санъаткор ва мусиқачилар мазкур муассасада таҳсил олаётган ўқувчилар – ҳаваскор хонанда ва мусиқачиларнинг анъанавий ижрочилик ва эстрада қўшиқчилиги, дутор, рубоб, доира, фортепьяно ижрочилиги каби ижод намуналарини кўрикдан ўтказдилар. Саҳнага чиққан ёш ижрочиларнинг овози, ритми, ижро маҳоратига баҳо беришди. Ёш иқтидор соҳиблари билан қўшиқчилик ва мусиқа санъатининг сир-синоатига оид тажрибаларини ўртоқлашдилар. Уларга ижро давомида аниқланган хато-камчиликлар бўйича тавсиялар, маслаҳатлар беришди.

* * *

Университет хиёбони, Руҳобод мақбараси атрофидаги фавворалар мажмуаси ҳамда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда тасвирий ва амалий санъатга қизиқувчи иқтидорли ёшлар, ҳаваскор рассомлар иштирок этиб, уларнинг ижод намуналари профессионал, таниқли рассомлар кўригидан ўтди.

Маҳорат дарсларида ёш ижодкорлар ранг-тасвир санъати, миниатюра, композиция, натюрморт, графика, расм чизиш маҳорати йўналишлари хусусида (суратлар мисолида) батафсил маълумот олдилар. Ҳаваскор рассомлар чизган суратлар моҳияти таҳлил этилди.

Бевосита тадбир давомида сўлим хиёбон манзарасини ранг-тасвирда акс эттира бошлаган Самарқанд санъат коллежи ўқувчиларининг ишларини кузатган рассом, вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Николай Султонов ёш ижодкорларга асар яратиш жараёнида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини тушунтирди.

Самарқанд давлат университети касбий таълим факультети тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши талабаси Комрон Ҳамидуллаевнинг мойбўёқда ишланган “Бувимни эслаб”, “Чанқовузчи момо” ҳамда “Қўчқорлар жанги”, “Жасорат” асарлари устоз рассомларнинг эътирофига сазовор бўлди.

“Ижод – иқтидор – имконият” шиори остидаги тадбирлар 24 июнга қадар вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.

Абдуғофур Шерхолов,Исомиддин Пўлатов,Зилола Омонова


Киритилган вақти: 12/03/2016 18:04.   Кўрилганлиги: 523
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ijod-iqtidor-imkoniyat

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг