Ҳудудий дастурлар ижроси қатъий назорат қилинади

Президентимиз томонидан жорий йил 9 августда қабул қилинган “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда 2017 йилда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини янги босқичга олиб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.


Қарорга асосан йўлга қўйилган секторлар фаолиятининг аниқлиги ва самарадорлигини таъминлаш чоралари белгиланди. Вилоят ҳокими, прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари шаҳар ва туманлар кесимида секторларга раҳбар этиб бириктирилди. Айни пайтда ушбу секторлар томонидан янги қарор ижроси юзасидан манзилли ишлар бошлаб юборилди. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янгича ёндашув асосида амалга ошириш, жараёндаги механизмларни тубдан қайта кўриб чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Туман ва шаҳарларда аниқланган, вилоят даражасида ҳал этиладиган муаммолар ечими ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергенов бошчилигида республика вазирлик ва идоралари масъул шахсларидан иборат республика ишчи гуруҳи вилоятимизга ташриф буюриб, секторлар фаолияти, ҳудудий дастурлар ижроси, мавжуд муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганди.

Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул ҳисобланган Каттақўрғон, Паст Дарғом ва Нуробод туманларида ҳам ишчи гуруҳ ташрифи давомида аҳоли билан мулоқот олиб борилди. Кам таъминланган оилалар ва ногиронларга амалий ёрдамлар берилди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.  

Вилоят ҳокимлигида мазкур ўрганишларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Шаҳар ва туманлар ҳокимлари, масъул идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиҚилишда ҳудудларга бириктирилган масъул мансабдор шахсларнинг ўрганишлар бўйича ахбороти тингланди.

Таъкидланишича, ўрганишлар давомида шаҳар ва туманлардаги кам таъминланган оилалар ва имконияти чекланган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, таълим, тиббий муассасаларнинг аҳволи, фаолияти билан яқиндан танишилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.

Йиғилишда Пахтачи ва Нарпай туманларида ногиронлар, бандлиги таъминланмаган фуқаролар кўплиги қайд этилди. Нарпай туманидаги мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи қониқарли, деб бўлмайди. Жумладан, тумандаги 31-мактабгача таълим муассасаси ўрганилганда, болаларга бериладиган таомлар талаб даражасида эмаслиги, ётоқ кроватлари таъмирга муҳтожлиги, умумий аҳвол ачинарли эканлиги маълум бўлган.

Пахтачи туманида бандлиги таъминланмаган фуқаролар кўплиги, Жомбой туманида ҳам мактабгача таълим муассасалари билан боғлиқ камчиликлар борлиги, Каттақўрғон туманидаги бозорлар ободонлаштиришга муҳтожлиги, кўпқаватли уйлардаги муаммолар ва ҳудудларда ечимини кутаётган қатор масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Т.Худойбергенов секторлар фаолияти бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан тавсиялар берди.



Киритилган вақти: 13/08/2017 09:23.   Кўрилганлиги: 338

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг