Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАСИМИЗНИ СЎЗ БИЛАН ИФОДАЛАШ ҚИЙИН

ҲАЙРАТ ВА ҲАВАСИМИЗНИ СЎЗ БИЛАН ИФОДАЛАШ ҚИЙИН

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга келган халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари юртимиздаги тарихий-маданий обидаларни зиёрат қилиб, истиқлол йилларида олиб борилган бунёдкорлик ишларига юксак баҳо бермоқда. Қадимий Самарқанд шаҳрига келган кузатувчилардан айримлари бу борада ўз таассуротларини ЎзА мухбирига сўзлаб берди. 

Аҳмад Тарабик, Қоҳира университетининг Осиё тадқиқотлари бўйича маркази директори ўринбосари (Миср):

– Ўзбекистонда 2014 йил 21 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам кузатувчи сифатида иштирок этиб, сайловнинг юксак демократик тамойиллар асосида ўтганидан катта таассурот олган эдим. Очиқлик ва ошкоралик тамойиллари бўйича ўтган сайловда халқингиз ўзи муносиб деб топган номзодларга овоз берган эди. Бу ҳақдаги фикрларимни сайлов якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига, Мисрга боргач, ўз юртдошларимга баён қилган эдим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳам кузатиш имкониятига эга бўлганимдан мамнунман. Сайлов кампаниясининг бориши, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишиб, айтишим мумкинки, 29 март куни бўладиган сайлов жуда юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтади. Бунинг учун Ўзбекистонинг салоҳияти ҳам, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳам етарли.


Герберт Люгбауэр, «Австрия-Ўзбекистон» дўстлик жамияти президенти, «Askin & Со» компанияси бошқарувчи директори (Австрия):

– Самарқанд ҳақида кўп эшитганман ва бу шаҳарни юксак цивилизация, йирик маданият маркази, деб билардим. Адашмаган эканман. Бугун уни томоша қилиб, лол қолдим. Самарқанд мен ўйлаганимдан ҳам гўзал ва мафтункор шаҳар экан. Тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларнинг кўплигидан ҳайратландим. Бу қадимий иншоотларнинг бунёд этилиш тарихи, уларда сақланаётган ноёб тарихий ашёлар ҳақида маълумотларни тинглаб, ўзбек халқи тарихи нақадар қадимий ва бой эканига амин бўлдим. Муҳими, бу маданий бойлик авлоддан авлодга безавол етказилмоқда.

Мен бу шаҳарга яна келишни ва барча тарихий обидаларни томоша қилишни ният қилдим. Бугун Самарқандга замонавий “Афросиёб” поездида келдик. Ундаги қулайлик ва хизматлар юксак даражада.

 

Лаоде Камалуддин, Индонезия ректорлар форуми раиси:

– Ўзбекистонда Президент сайловига кўрилган тайёргарликка юксак баҳо бераман. Барча ташкилий ишлар белгиланган талаблар асосида олиб борилган. Тошкент ва Самарқандда бир нечта сайлов участкаларида бўлдим. Уларда сайловчилар учун яратилган қулайликлар бизга жуда манзур бўлди. Айниқса, тиббиёт, она ва бола хоналарининг ташкил этилгани ўрганса арзийдиган тажриба. Бу мамлакатингизда инсон саломатлиги, она ва бола муҳофазаси давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан экани ифодасидир.

 

Дэвид Армстронг, “Earth Times” онлайн журнали бош муҳаррири (Буюк Британия):

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик тадбирлари қонунларга қатъий риоя қилинган ҳолда юксак ташкилотчилик билан олиб борилмоқда.

Сайловнинг муҳим жараёнларидан бири ҳисобланган сайловолди ташвиқотида Президентликка номзодларга яратиб берилган тенг шароит ва имкониятлар ҳам бизда яхши таассурот қолдирди. Айниқса, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот олиб боришда барча номзодларга тенг миқдорда бепул эфир вақти ва нашр майдони ажратилгани эътиборимизни тортди. Шу ҳолатнинг ўзи Ўзбекистонда сайлов халқаро андозалар асосида, демократик тамойилларга риоя қилинган ҳолда ўтказилаётганидан далолат беради.

Самарқанддаги тарихий обидалар ва замонавий иншоотлар ҳар қандай кишини ҳайратга солади.

 

Саид Ғулом Шоҳ Бухорий, Синд бирлашган партияси вице-президенти, Покистон олий суди адвокати:

– Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишдим. Мамлакатингизда фуқароларнинг сайловда қатнашиши, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши учун барча шарт-шароит ва ҳуқуқий асос яратилган. Сайлов участкалари овоз бериш тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр.

Самарқандга келиб, буюк муҳаддис Имом Бухорий ётган тупроқни зиёрат қилиш бахти насиб этганидан яратганга шукроналар айтаман. Дунёнинг ўттизга яқин мамлакатида бўлиб, кўплаб тарихий жойларни зиёрат қилганман. Имом Бухорий мажмуаси менда ўзгача таассурот қолдирди. Бу масканни зиёрат қилиб, қалбим янада равшанлашди, ўзимни руҳан енгил ҳис қилдим.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)


Киритилган вақти: 27/03/2015 16:28.   Кўрилганлиги: 561
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/hayrat-va-havasimizni-soz-bilan-ifodalash-qiyin

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг