Самарқанд вилояти ҳокимлиги
w w w . s a m a r k a n d . u z
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича
Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида зарур вазифалар белгилаб берилган.
Зеро, вилоятнинг иқтисодий ўсиши кўп жиҳатдан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига боғлиқ. Ҳафтанинг ҳар душанба куни вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этиб келинаётган “Тадбиркорлар қабули” хусусий сектор вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тўсиқларни тезкор бартараф қилиш имконини бермоқда.
Бугун, 2 сентябрь куни савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида анъанавий тарзда вилоят ҳокимлигининг навбатдаги тадбиркорлар қабули ўтказилди.
Навбатдаги қабулда иштирок этиш учун 41 нафар хусусий сектор ва тадбиркорлик субъектларидан вакиллар рўйхатга олинди. Ҳафта давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилган мурожаатлар, таклиф ва ташаббуслар масъуллар томонидан атрофлича ўрганилди. Учрашувга қадар 37 нафар тадбиркорларнинг тижорат банкларидан кредит олиш, ўз фаолиятини кенгайтириш, қурилишга рухсат бериш ва бошқа масалаларга оид мурожаатларига ечим топилди.
Қўшимча вақт ва аралашув талаб этиладиган 4 нафар тадбиркорларнинг мурожаатлари эшитилди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъуллар бириктирилди.
Шунингдек, қабул давомида Хитойлик инвесторлар билан учрашув ўтказилди. Каттақўрғон шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонлари ҳамкорлигида тузилган “XINBAILI INTERNATIONAL MINNING CO.” қўшма корхонаси олдида турган вазифалар ҳамда корхонада ўз ечимини кутаётган муаммолар муҳокама этилди. Муҳокама якунида масъулларга муаммоларга тезкор ечим топиш юзасидан зарурий кўрсатмалар берилди. Бир ҳафталик муддат билан барча мурожаатлар ижроси вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.