ҲАР КУНИДА ШАҲАР ҚУРГАН ЮРТ

Бугун ургутликлар учун ўзгача кун.

Наврўз!

Аслида ҳам бу элнинг тўйлари-ю маъракалари бошқача бўлади. Ёшу кекса Наврўзга талпинади. Ахир байрамлар, базму жамшидлар халқ билан, сайиллару ўйин-кулги билан файзли-да!

Ургутнинг чека, қўшни давлат билан чегара ҳудуди – “Мирзабоғлон-Чеп” маҳалла фуқаролар йиғинига кириб борар эканмиз, пасту тепаликлар, қиру тоғларнинг виқори, оҳори кайфиятимизга таъсир эта бошлади. Кечагина уйғонган майсалар, дарахтларнинг шовуллаб гулга киргани, туғилганига бир ҳафта ҳам бўлмаган қўзичоқларнинг чопқиллаб юргани кўнгилдан дунёни қувади. Табиатга қулоқ тутгингиз келади, ўзингизни эркин қўясиз…

Одамлар тўп-тўп бўлиб кетишяпти. Бошига тоғора қўйиб олган онахонлар, хотин-халажу қиз-жувонлар бир томон. Улардан бироз олдинда эса беш-ўн отлиқ тулпорини кишнатиб боряпти. Одамлар тобора қуюқлашиб борарди.

Шубҳасиз, ўша томонда улуғ байрамлардан бири – Наврўз сайли бошланган. Наврўзнинг келиши нафақат табиатни, балки одамларни ҳам уйғотиб юборган. Ҳамманинг руҳида тетиклик сезилиб турибди.

Наврўз сайли ўтказилаётган ҳудудга кирдиг-у ҳаммамиз тезроқ автобусдан тушишга, одамларга қўшилишга, қаршимизда намоён бўлган бетакрор манзара – инсон ва табиат маҳсули бўлган гўзалликка ўзимизни ургимиз келди. Қувноқ ва бахтиёр одамларни кўриб, беихтиёр уларга ўхшагинг келади. Бизда ҳам шундай бўлди. Аслида ҳеч кимни танимайсиз, аммо ҳамма таниш, қадрдондек. Бу ҳам ўзбекка хос одат. Дўстинг қувонса, сен ҳам қувонасан, байрам қилса, унга қўшиласан. Умумхалқ байрами ўз номи билан ҳам шундай бўлмоғи лозим. Ҳамманинг юрагига қувонч сиғади, байрам татийди.

– “Мирзабоғлон-Чеп” маҳалла фуқаролар йиғинида беш ярим мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди ушбу маҳалла котиби Тўйчи Раҳимов. – Сўнгги йилларда маҳалламизда кенг кўламдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Вилоят ҳамда туман ҳокимлигининг эътибори ва кўмаги билан бир йил аввал барча шароитларга эга бўлган кўркам маҳалла маркази қуриб берилди.

Шунингдек, иккита чойхона, бозор, ўндан ортиқ мини-маркет, тикувчилик цехи, дорихона фойдаланишга топширилди. Мана, замонавий спорт майдончасида ўғил-қизларимиз исталган спорт тури билан шуғулланиш имконига эга бўлдилар. Бу йилги Наврўз байрами ҳам маҳалламиз аҳли учун ёдда қоларли бўлишига шубҳа йўқ. Чунки бугун саккиз юз ўринли гўзал амфитеатримизнинг очилиш маросими ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Санъатга иштиёқи баланд халқмиз. Бундан ташқари, маҳалламизда тарғибот тадбирлари, санъаткорлар, таниқли кишилар билан учрашувлар тез-тез ўтказиб турилади. Келгусида мана шундай тадбирлар, қолаверса, санъатга ошуфта ёшларимизнинг, бадиий жамоаларимизнинг концерт дастурларини ҳам шу ерда ўтказишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, Ургутнинг энг олис ҳудудида жойлашган бу манзил сўнгги йилларда анча обод бўлди. Наврўз байрами арафасида ҳам катта ободончилик ишлари олиб борилди, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилди.

Бир сўз билан айтганда, бу жой кичик шаҳарча қиёфасига кирди. Барча қулайликларга эга бўлган, аҳолининг ҳар қандай эҳтиёж-у талабига жавоб берадиган масканга айланди.

Тўйга тўёна билан бор, дейди халқимиз. Бу нақл шунчаки айтилмаган, бизнинг Наврўзимиз кўргазмаларсиз, инсон баҳри дилини очадиган манзараларсиз, таассуротларсиз ўтмайди. Ён-атрофда тадбиркору ҳунармандлар, сандиқсозу заргарлар ўз маҳсулотларини олиб чиқиб, халққа намойиш қилди.


Шу атрофда бунёд этилган стадион спортга иштиёқманд ёшлар билан гавжум. Кураш, стол тенниси, шахмат-шашка, волейбол ўйнаётган ўғил-қизларнинг масканда яратилган шароитлардан хурсандлиги шундоққина кўриниб турибди.

Мазкур сайилда ўндан ортиқ саҳналар ташкил этилди. Ҳудуддаги маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар ўз байрам дастурларини намойиш этдилар. Айниқса, фольклор-этнографик гуруҳлар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқиши кўпчиликка манзур бўлди.

– Дастуримизни Кексаларни эъзозлаш йилига бағишлаб, «Эл эъзози – кексалар» деб номладик ва шу номда қўшиқ ҳам тайёрлаганмиз, – дейди «Бешқарсак» фольклор-этнографик жамоаси аъзоси Фотима Мақсадова. – Аслида ҳам кексаларини ҳурмат қилган, нуронийларини эъзозлаган халқмиз.

Мана, эътибор қилинг-да, бугунги Наврўз сайлининг ҳам ўзига хослиги, файзини нуронийларимиз белгилаб беришяпти. Уларни давранинг тўрига ўтқазишимиз, сўзни ҳам, дуони ҳам улардан олаётганимиз замирида кексаларга ҳурмат, ихлос мужассам.

Дарвоқе, бугун биз ижро этаётган «Кадичи момо», «Қарс-қарс» каби миллий қўшиқ ва айтимлар ҳам кексаларимиз бисотидан олинган. Токи, азалий анъаналар, боқий қадриятлар Наврўз билан қайта туғилсин.

Тонг отмасданоқ бошланган Наврўз сайли кун тушга қараб боряптики, давом этмоқда. Бир ёнда арқон тортиш, бир ёнда кураш, бир томонда хўроз уриштираётганларнинг қийқириғи, бироз нарида қўчқорига дам бераётган йигитчанинг шашти-ю кечинмалари сизгаям юқади. Айниқса, сайилгоҳнинг қоқ ўртасидан чашма суви бир ариқ бўлиб оқмоқда. Ариқнинг ёнгинасидаги кекса дарахтга илинган арғимчоқда учаётган сулув қизларнинг шодон кулгиси эса қулоғингизга шалоладек ёқимли эшитилади.

Димоғимизга ургутча паловнинг ҳиди урилди, кечаси билан қайнаган сумалаг-у халиса аввал нуронийларга, кейин ёшларга тарқатилди.

– Абдулла бобо анчадан буён бемор ётибди, уйига ош жўнатинглар!

– Фазилат янга яқинда набирали бўлди, келинига сумалак бериб юборинглар, қувват бўлади.

– Шу кунларга етказганига шукур!

Маҳалла марказидаги кўркам сўрида ўтирган отахонлар, уларга қўшилиб ёшлар ҳам дуога қўл кўтарди… Бизнинг байрамларимиз шунақа – шукроналик, муҳтожларга қайишиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, бир сўз билан айтганда, эл билан татийди.

Қаҳрамон бобо Содиқов маҳалланинг энг обрўли, ҳурматли инсонларидан экан. Ҳожи отанинг кўзидаги қувонч, тез-тез дуога кўтарилаётган қўллари, нуроний чеҳраси шу ерлик кексаларнинг мартабасини ифода этиб тургандек бўлди, назаримизда.

– Бу кунларнинг қадрига етиш керак, – дейди Қаҳрамон бобо. – Тинчмиз, тўқмиз, кундан кунга ҳаётимиз фаровонлашиб боряпти. Айтинг, марказдан шунчалик олис бир жойда мана шундай кошоналар қад кўтаришини тасаввур қилганмидик? Қариганда шунчалик иззат-икромда бўламиз, деб ўйлаганмидик? Ҳеч нимадан камимиз йўқ! Фақатгина бу шароитларга, тинчликка шукрона келтириб, бугунги эзгу ишларни давом эттиришимиз лозим. Шундагина юртимизга кўз тегмайди, янада фаровон бўлади, деб ўйлайман.

Санъаткорлар келишди!


Вилоятимизда давом этаётган “Ўзбек миллий кино санъати кунлари” фестивали иштирокчилари ҳам Наврўз тантаналарида иштирок этишди. Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мирза Азизов, Матёқуб Матжонов, таниқли актёр ва кинорежиссёр Ҳилол Насимов каби эл ардоғидаги санъаткорлар маҳалла аҳли билан дилдан суҳбатлашиб, уларни Наврўз байрами билан табрикладилар.

Бу йилги Наврўз “Мирзабоғлону-чеп”ликлар учун чиндан ҳам эсда қоларли бўлди. Маҳалла марказининг ёнгинасида бунёд этилган муҳташам амфитеатрнинг очилиш маросими ҳам шу кунга тўғри келди.

Амфитеатрнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди ва туман аҳлини Наврўз байрами билан табриклади.

Шундан сўнг янги амфитеатрда севимли санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Исомиддин Пўлатов


Киритилган вақти: 20/03/2015 21:35.   Кўрилганлиги: 1092

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг