Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ҲАР БИР БОСГАН ҚАДАМИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОР

ҲАР БИР БОСГАН ҚАДАМИ МАНГУЛИККА ДАХЛДОР

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирларда мамлакатимиз кенг жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан, шунингдек, Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган фаоллар, нуронийлар, ёшлар билан суҳбат қуриб, Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёзиб олдилар.

***

Барот Нодиров,меҳнат фахрийси, Самарқанд вилояти Жомбой тумани:

- Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интиларди. Мен бунга фаолиятим давомида кўп гувоҳ бўлганман.

1994 йилнинг июль ойида Ислом Каримов жойлардаги аҳвол билан танишиш мақсадида вилоятларга сафар уюштирди. Ҳокимликдан туманимизга ҳам келиши хабар қилинди. Мен Жомбой туман агросаноат уюшмаси раиси лавозимида ишлардим. Учрашув “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида – Сарчашма қишлоғида бўлиши режалаштирилди. Ҳамма шу ерда. Бироқ Юртбошимиз автомашинани белгиланган жойдан олдинроқдаги дала олдида тўхтатди. Вилоят раҳбарларининг боши қотган: ахир, бу ерда тўхташ кўзда тутилмаганди-ку.

Президентимиз шахдам қадамлар билан тупроғи кўпчиб турган эгатларни босиб, ғўзага ишлов бераётган деҳқонлар томон юрди. Бу ерда ҳеч ким Президентни кутмаган эди. Биз ҳам шошганча бу ерга етиб келдик. Юртбошимиз ишчилар билан кўришиб, суҳбатлашди. Уларнинг қувончу ташвишлари, яшаш тарзи ҳақида сўради. Бу суҳбатдан ўзи ҳам, одамлар ҳам яйраб кетди. Дала бўйлаб кулги янгради. Шундан сўнггина вилоят фаоллари билан учрашув бўладиган жойга келди.

Учрашувда Ислом ака вилоят раҳбарларидан ҳудудлар ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўрагач, менга юзланиб, «Нодиров, нима иш қиляпсиз?», деб сўради. Мен туман агросаноат уюшмасида ишлаётганимни айтдим.

«Нега туманда пахта экиш режаси камайиб кетди?», деди сўнг. Жомбой ҳавоси салқинлиги, шунинг учун пахта кеч пишаётганлигини, асосан дефолиация ва десикация қилиб, кўсакларни мажбурий очтиришимизга тўғри келаётганини айтдим.

Ислом ака вилоят ҳокимига «Бундай ҳолатларга биз далада бевосита меҳнат қилаётган деҳқонлар иш тажрибасига таяниб, хулоса қилишимиз керак. Мутахассисларни чорлаб, ҳолатни таҳлил қилинг. Балки Жомбойни ғаллачилик, сабзавотчилик, боғдорчиликка ихтисослашган туманга айлантириш керакдир?», деди. Сўнг аҳолининг дон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришдаги қатор муаммолар, уларнинг ечими ҳақида фикр юритдилар ва гап орасида «Балки шу туманда ғаллачилик билан боғлиқ янгиликларни амалга оширармиз?», деб айтди.

Ўша йилдан бошлаб туманда пахта етиштириш босқичма-босқич камайтириб борилди. Мен эса Президентимиз тавсиялари асосида ғалла етиштириш борасида янгилик яратишга астойдил киришдим…

1998 йилнинг ёзида Ислом Каримов вилоятимизга, Имом Бухорий мажмуасида олиб борилаётган таъмирлаш ишларининг боришини кўриш мақсадида Пайариқ туманига ташриф буюрди. Ўша пайтда мен Жомбой туманининг «Ҳақиқат» жамоа хўжалиги раиси эдим. Ислом ака мажмуадан чиқиб, бизнинг хўжалигимизга келди ва ғаллачилик ишлари билан танишди.

Ўша йили биз ғалладан мўл ҳосил олгандик. Президент бу самарадорлик сабабини сўради. Шунда мен ғаллани экиш даврида ўзим ихтиро қилган усулим ҳақида гапирдим. Бу усулга кўра, ер майдони экишга тайёр қилинганидан кейин кўндалангига «С3У-36» экиш сеялкаси билан 150 килограммдан, узунасига эгат олиш давомида культиватор билан 100 килограммдан дон экиш лозимлиги ҳамда уни етиштиришдаги агротехник тадбирлар, унинг самарасини айтиб бердим. Хўжалигимизда экилган ғалланинг янги нави - «Улуғбек-600» донини кўрсатдим. Ислом ака донни олиб, буғдойзорга оралаб кетди ва бир бош бошоқни узиб, «Шу бошоқда нечта дон бор?», деб сўради. «100 донадан кам эмас», дедим. Ислом ака бошоқдаги донни ситиб, битталаб санади, 104 та чиқди. Республика Бош вазирининг биринчи ўринбосарига ҳамма вилоятлар, туман ҳокимлари ва қишлоқ хўжалиги мутасадди раҳбарларини шу хўжаликка чақириб, кўргазмали семинар ташкил қилишни буюрди.

Юртбошимиз деҳқонлар, айниқса, оддий одамлар билан самимий гаплашар, фикрларини тингларди. Одамларнинг юз-кўзларида, гап-сўзларида ўзи бошлаган ислоҳотларнинг самарасини кўрса, улар тимсолида эл-улуснинг розилигини сезса, қувончга тўларди. Зеро, Биринчи Президентимизнинг кундалик фаолияти, ғайрат-шижоати, саъй-ҳаракати одамларнинг бахту иқболи, фаровон ҳаётига қаратилганди.

*  *  *

Орзу Раҳматов, Самарқанд шаҳридаги Даҳбеди маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

 

- Буюк Йўлбошчимиз, Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маҳалламизда таваллуд топган. Шўх болалиги, орзуларга тўла ўсмирлиги шу ерда ўтган.

Биринчи Президентимиз дунёга келган 1938 йил - мафкуравий курашлар авж олган даврда бу буюк инсон исми Ислом деб қўйилишининг ўзи улкан жасорат бўлган. Чунки қатағон айни авж палласига кирган йилларда исломий исм қўйиш у ёқда турсин, ислом дини ҳақида гапиришнинг ўзикиши бошига хавф-хатар солиши ҳеч гап эмас эди. Маълумотларда ёзилишича, ўша йили вилоятимиз бўйича 1694 нафар ўғил бола туғилган ва фақат биттасининг исми Ислом бўлган экан. Бу - саккиз фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган, юксак тарбия берган Абдуғани ака ва Санобар оналарнинг қанчалик жасорат соҳиби эканликларидан дарак.

Бугун маҳалламизда саксон ёшдан ошган ўттиз нафардан кўпроқ нуроний отахон, онахонлар бор. Уларнинг кўпчилиги Ислом Каримов билан бирга мактабга борган, ўқиган ёки бир гузарда ўсган. Уларнинг айтишича, у болалигидан меҳнат ва бир бурда ноннинг қадр-қимматини яхши билган. Шунинг учун қаерда ишласа ҳам, юртнинг отаси бўлиб, халқимизни озодликка чиқарган, эл меҳрини қозонган пайтларда ҳам бу машаққатли даврни унутмаган.

Айни кунда маҳалламизда 308 хонадон, 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда. Улар Президент ўсган маҳаллада яшаётганидан қалбларида ифтихор сезишади, шу номга муносиб бўлишга интилишади. Маҳалламиз марказида Юртбошимизнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи хона ташкил этганмиз. Бу ердаги ёшлар учун махсус бурчакда Ислом Каримовнинг болалиги ва мактабда ўқиган даври суратларда акс эттирилган. Бу хонада нафақат маҳалламиз, балки Самарқанд шаҳрининг бошқа маҳаллаларидан, таълим муассасаларидан келган ёшларга Юртбошимиз болалигини сўзлаб берамиз, Йўлбошчимизнинг ўсмирлик давридаги илмга чанқоқлиги, ақлли ва заковатлилиги, мустаҳкам хотирага эга эканлигини ибрат қилиб кўрсатамиз.

Бугунги кунда Ислом Каримов туғилиб, вояга етган хонадон барча маҳалладошларимиз учун энг қадрли маскан. Бу ердан ҳамон юртимизнинг турли бурчакларидан келаётган одамларнинг қадами узилмаяпти. Бу халқимизнинг Биринчи Президентимизни нақадар севганидан, ота каби эъзозлаганидан далолат. Зеро, Ислом Каримов ўзбек халқини озод, Ўзбекистон давлатини мустақил қилди. Энг муҳими, нафақат юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлади, балки минтақадаги вазиятни барқарорлаштирди. Биз, маҳалладошлари шундай буюк зот билан бир масканда яшаганимиздан, улғайганимиздан доим фахрланамиз.


*   *   *

Юрий Беленко, меҳнат фахрийси:

 

- Ислом Каримов билан 1951 йилнинг 1 сентябрида 21-мактабда танишганман. Синфимизда ўқиш учун шароит бўлса-да, юпун эдик, қорнимиз нонга тўймасди. Уруш асоратлари шундоққина сезилиб турар, ким нима топса, кийиб келарди. Ҳеч ким бир-бирини камситмасди.

Очиқ айтаман, биз ҳам ҳамма болалардек ўйинқароқ бўлганмиз. Дарслардан сўнг кўча чангитиб чопар эдик. Баъзан дарслардан қочган вақтларимиз ҳам бўлган. Аммо Ислом ўта босиқ, тартибли эди. Саккизинчи синфга ўтганимиздан кейин у бутунлай ўзгарди, ҳақиқий йигитга айланди. Бунга уни синфком этиб сайлаганимиз сабаб бўлди. У ўзи ва синфи, болаларнинг тартиби, ўқишга келиб-кетиши, мактаб тадбирларида илғор бўлиши учун бор масъулиятни зиммасига олди. Бу вақтда Ислом Каримов бизларга тарбиявий соат дарсини ўтар, турли мавзуларда маъруза ўқир, яхши ўқиш, синф обрўсини ўйлаш, мақсадларимизни аниқлаб олишга даъват қиларди. У рус тилини жуда тез ўзлаштирди. Унинг русча равон ва мантиқли гапириши, озода кийиниши кўпчиликнинг ҳавасини уйғотарди. У гапирганда синфдошлар жим бўлиб эшитардик. Шу даврлардан Ислом Каримовнинг ўзига бўлган ишончи ортиб, мақсадлари қатъийлашиб, йўлбошчилик фазилати юзага чиқа бошлаган бўлса ажабмас.

У мард эди. Унга кўнглингни ёриб, бир нарса дедингми, бу сирни ундан бошқа ҳеч ким билмасди. Бунга сабаб, биринчидан, унинг оиласидаги тарбия ва иноқлик, иккинчидан, ўзини ўзи идора қила олиш хислати кучли, учинчидан, у энг қийини - дўстга содиқликни ҳам жойига қўярди.

Яна бир қизиқ ҳолат. Аввал ҳам, ҳозир ҳам синфдаги охирги парталарда “иккичи” ўқувчилар ўтиради. Ислом Каримов аълочи ўқувчи бўлса-да, негадир фақат орқа партада ўтирар, унинг бу одати у мактабни битиргунча давом этди. Ўша эски, қора рангли парта Биринчи Президентимиз шарофати билан ҳозир эътиборга молик жиҳоз сифатида мактаб музейидан жой эгаллаган.

Ислом Каримов болалигида бизнинг уйимизда кўп бўлган. Охирги марта менинг уйимга 1982 йилнинг ёзида республика Давлат план комитети раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётганида келганди. У Самарқанд орқали Қаршига кетаётган экан. Суҳбатлашдик, чой ичдик. Мен бирга ўтирган яқинларимга уни таништириб, ҳазиллашдим: “Эсингиздан чиқмасин, сизлар бугун бўлажак молия вазири билан бирга чой ичяпсизлар”. Ўн-ўн беш дақиқа гаплашдик. Ёшлигимиз, Самарқанд кўчалари, устозларни эсладик. Ислом билан болаларча беғубор қалб эҳтироси ила хайрлашдик...

Биз ҳеч қачон ҳеч кимга Президентнинг синфдошларимиз деб мақтанмаганмиз. Унга ҳамиша соғлиқ, сабр-матонат, ишларига барака тилаганмиз, холос. Бирор нарса умидвор ҳам бўлмаганмиз. Ахир, устозларимиз ва Ислом Каримовнинг ўзи ҳам ҳаммамизни ҳалол ва одил бўлишга ундаган-да. У Президент бўлгандан кейин ҳам ўз мақсадига содиқ қолди. Ўзида матонат топиб, жасорат кўрсатиб ишлади. Биз қалбимиз ғурурга тўлиб яшадик. Синфдош дўстимиз билан фахрландик. Шундай мард инсон билан ёнма-ён ўқиганим, замондош бўлганимдан бахтиёр яшайман.

*   *   *

 

Нормўмин Усмонов,Қўшработ туман Кенгаши депутати:

 

- Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни Молия вазирлигида ишлаган пайтлардаёқ билар эдим. Бироқ у киши билан яқиндан танишиш 2010 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтганди. Бу танишув ва дилдан суҳбат бир умр қалбимда муҳрланиб қолган.

Вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси. Залга Биринчи Президентимиз виқор билан кириб келди. Кун тартибига вилоят ҳокими лавозимига янги ҳоким номзодини тасдиқлаб олиш масаласи қўйилганди. Шубҳасиз, сессияда сўзга чиқувчилар ва бошқа жараёнларга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйиларди. Бироқ бу галги сессия бошқача тарзда ўтди. Ислом Абдуғаниевич қарийб етмиш дақиқа маъруза қилгач, музокаралар учун ўзи депутатларга сўз берди. Ислом Каримов дабдурустдан «Сўз 59-Жўш сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Нормўмин Усмоновга», деб қолдилар. Очиғи, буни сира кутмагандим. Ўзимни босиб, минбарга кўтарилдим. Ислом Каримовнинг Москвада ўтган саммитда айтган гаплари ҳақида фикр билдириб, Президентимизнинг оқилона сиёсатини қўшработликлар қўллаб-қувватлаганликларини изҳор этдим. У киши гапларимдан мамнун бўлиб, «Айтинг-чи, Қўшработ тумани республикамизга нималар етказиб беради?», дея савол берди.

Мен ўйланиб қолдим ва бироз туриб, дадиллик билан туманимиз сифатли кадрлар етказиб беришини айтдим.

Ислом Абдуғаниевич қарсак чалиб юборди ва «Раҳмат сизга, оқсоқол, бу гапингиз рост», деди мамнун жилмайиб.

Сўзимни тугатгач, Ислом Абдуғаниевич мени бағрига босиб, қўлимни маҳкам қисди ва “Қўшработ халқига мендан салом айтинг”, деди. Биринчи Президентимизнинг туманимизга ҳурмати ниҳоятда баланд эди.

Қўшработликлар қалбидан чуқур жой олган доно ва оқил раҳбар, ўткир сиёсатчи, халқпарвар бу инсон билан бўлиб ўтган учрашув бир умр ёдимдан чиқмайди.


***

Анвар Сагиров, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Хоразм вилояти филиали директори:

 

- Бугун Шарқ машъали, бетакрор ва табаррук замин- Самарқанд шаҳрида эканимдан, Буюк Йўлбошчимиз Ислом Каримов хоки қўйилган Ҳазрати Хизр мажмуасидалигимдан ҳам ғурурда, ҳам ҳаяжондаман…

2005 йилда Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлардим. 22 сентябрь куни Ислом Каримов Хоразмга ташриф буюрди. Президентимиз ташаббуси билан янгича қиёфа касб этган ва замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган Янгибозор туман марказий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди. Шу ерда Ислом Каримов иқтисодий-ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, ислоҳотлар жараёнини жадаллаштириш хусусида сўз юритиб, барча тоифадаги раҳбарлар учун уч даъватни ўртага ташлади.

«Биринчи даъват – интилиш, - деганди Президентимиз. - Ҳар бир одам бу ҳаётда яхши яшасам, бошқалардан орқада қолмасам, дейди. Бунинг учун доимий интилиш бўлиши лозим. Одам бир нарсага эришмоқчи бўлса, белни маҳкам боғлаши, курашчан бўлиши керак.

Иккинчи даъват – изланиш. Янги ҳаёт қуряпмиз. Мақсадимиз тараққий этган мамлакатлардан кам бўлмаслик. Ўтмишимиз билан фақат фахрланиб қолмай, яратиш, бунёдкорлик йўлидан бориш. Кимгадир боқиманда, кимгадир муте бўлиб яшаш бизнинг табиатимизга тўғри келмайди.

Учинчи даъват – ташаббус. Ўз-ўзига маҳлиёлик, озгина ютуқлар билан кифояланиб қолиш ақлни ўтмаслаштириб, иймонни сустлаштириб қўяди. Одам ҳаётдан қониқмаслиги, тўғрироғи, ҳаётдан эмас, ўзидан норозилик туйғуси билан яшаши лозим: бошқалар яхши яшаяпти, мен-чи?».

Юртбошимизнинг ана шу гаплари хоразмликларнинг ҳаёти мезонига айланди. У кишининг раҳнамолигида вилоятда улкан ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, тиббиёт соҳасида ҳам туб ўзгаришлар бўлди. Жумладан, Хоразмда Республика урология, кардиология ва кўз микрохирургиясига ихтисослаштирилган марказларнинг филиаллари ташкил этилди.

2017 йилнинг 29 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида бизнинг муассасада ҳам бўлиб, филиал фаолиятини янада яхшилаш бўйича зарур топшириқлар берди. Шифохонамиз келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги юрак хасталигига чалинган беморлар учун минтақавий марказ бўлиб қолишини, шунингдек, шифохона негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш лозимлигини айтди.

Кўп ўтмай, бу режалар тўлиқ амалга ошди. Муҳими, марказимизни замонавий таъмирлаш ва бўлимларимизни тиббий ускуналар билан таъминлаш мақсадида 3,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Натижада уч вилоят аҳолиси орасида туғма юрак нуқсонлари билан оғриган беморлар ортиқча вақт, маблағ сарфлаб, хорижий клиникаларга боришларига ҳожат қолмади.

Буларни ифтихор билан айтяпман. Бунинг боиси Ислом Каримов ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳам сиёсий фаолиятларини, аввало, аҳоли саломатлигини сақлашга қаратганлар. Халқ дардини ўйлаш, дармон бўлиш эса шубҳасиз, аҳолининг ҳурматини қозонишнинг яққол мисолидир.

***

 

Азим Латипов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Бухоро вилоятидаги “Азим Шофиркон юлдузи” фермер хўжалиги бошлиғи:

 

- Халқимиз истиқлол йилларида эришилган барча ютуқларини ҳақли равишда Ислом Каримов номи билан боғлайди. Чунки Биринчи Президентимиз энг нотинч ва таҳликали, мамлакатда парокандалик кузатилаётган пайтларда одилона қарорлари билан қанчалик оқил раҳбар эканлигини кўрсатиб берган эди. У кишининг қалтис вазиятларда кўрсатган жасорати, Ватанга муҳаббати ва фидойилиги, миллатга жону дили билан меҳр қўйиш борасида барчамизга ибрат кўрсатди. Халқни тинчликка олиб чиқди, фаровон кунларга етаклади. Асосийси, у киши одамларга мулкдор бўлиш имконини берди, фермерлик ҳаракати ташкил этилди. Кўп ўтмай, одамларда ерга бўлган муносабат ўзгарди, давлат ғалла мустақиллигини қўлга киритди. Бундай имкониятдан фойдаланиб, биз ҳам кўп йиллар олдин фермер хўжалиги ташкил этгандик. Пахта, ғалла ва бошқа тармоқларда эришилган ютуқларимиз туфайли 2002 йилда Биринчи Президентимизнинг қўлларидан давлатимизнинг олий мукофоти - Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олдим.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунёнинг бирорта мамлакатида давлат раҳбарига бу қадар ҳурмат кўрсатилмаган. Республикамизнинг бир нечта вилоятларида Биринчи Президентимизга қўйилган ҳайкалларни у кишининг 26 йиллик жасоратига қўйилган ҳайкал десак, муболаға бўлмайди.

***

Шарап Уснетдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Нуроний жамғармаси раиси:

 

- Ислом Каримов «Ватан менинг жону таним, саждагоҳим. У менинг тўлин ойим, тинч-омоним, иззатим ва шарафим», деб яшади ва умрини унинг бахти йўлида сарфлади. Бугун биз Биринчи Президентимизнинг жасоратларга тўла таҳликали йилларда кучли ирода, шахсий қаҳрамонлик ва донолик тимсоли бўлган ҳаётининг айрим лаҳзаларини эслаймиз, холос.

Ислом Абдуғаниевич 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган куннинг эртасига Вазирлар Кенгашининг мажлисида «Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди», деган маъруза билан чиқди. Давлат раҳбари бўлиб сайланган илк кундан бошлаб ерни деҳқонлар ихтиёрига берадиган тадбирлар жорий этди.

У кишининг Қорақалпоғистонга қилган биринчи ташрифи кечагидек эсимда. Орол денгизининг суви қуриб, чўлга айланган кезлар. Амударё суви тортилиб, халқ табиат қисматидан чарчаган, элда умидсизлик пайдо бўлганди. Қорақалпоғистон халқи эса тузли қумга айланган денгиз ёқасида қолганди.

Ўша пайтда қорақалпоқлар у кишини «бовурим» деб қатъиятли инсон сифатида қабул қилди, унга ишонди. Тиззалаб қолган халқим Яратган эгамнинг ҳақиқий раҳбарни юборганига шукрона қилиб, унинг ортидан эргашди.

Юртимизга иккинчи бор келишида И.Каримов «Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибидаги суверен республика бўлади, унинг суверенитетини ҳимоя қиламиз», деди. Бу сўз шу куннинг ўзидаёқ овул ва қишлоқларимизга бориб етди.

Бугунги келиб Қорақалпоғистон йирик саноат маркази, қурилиш майдонига айланди. Йилига 200 минг тонна кальцийланган содани дунё бозорига тарқатадиган Қўнғирот сода заводи Биринчи Президентимиз ташаббуси ва иродаси билан бунёд этилди.

Ҳатто халқимиз «Ҳойнаҳой, бу инсон қорақалпоқ бўлсалар керак, бизлар бир-биримизга жуда ўхшаймиз», деб айтишарди. Бу сўзларни академик Собир Камалов Ислом акага етказганида: «Агар қорақалпоқлар мени «қорақалпоғим», десалар ўзимни бахтли инсон деб ўйлайман», деганлари ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди.

Хитой файласуфи Сюн Цзиннинг «Ҳукмдорларнинг қудратли, шавкатли бўлиши, мамлакатда осойишталик ўрнатишнинг энг тўғри йўли ўзига муносиб ўринбосар танлай олишидадир», деган экан. Ислом ака ҳақиқий донишмандларга хос йўл тутиб, Шавкат Мирзиёевни давлатимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаб, ўзи бошлаган ислоҳотларнинг давомчиси сифатида тарбиялаб кетган эканлар. Бугунги Президентимиз Ўзбекистон давлатининг куч-қувватини янада кўтариш, фаровонлигини таъминлаш йўлида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширмоқдаки, бундан Ислом аканинг руҳлари хотиржам ва шод эканлигига ишончим комил.


***

Ҳасанбой Қосимов, Ўзбекистон Қаҳрамони, “GM Uzbekistan” акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш технологияси бўлими бош технологи:

 

- Давлатимиз мустақилликка эришганидан сўнг кўп ўтмай, Биринчи Президентимиз Тошкент трактор заводининг Андижондаги тиркамалар ишлаб чиқарадиган филиали ўрнида автомобиль заводи қуриш таклифи билан чиқди. Бунинг учун 1992 йилда Жанубий Кореяга расмий ташрифларида «DAEVOO» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйдилар. 1993 йилда эса қўшма корхона ташкил этилди. Ўшанда хориждаги кўплаб доираларда Ўзбекистоннинг автомобиль ишлаб чиқариши ҳақида истеҳзолар бўлди, ҳатто ватандошларимизнинг айримларида ҳам бунга ишончсизликлар бўлган. Фақат Биринчи Президентимизнинг ташаббуслари билан бу йирик мажмуа дунё юзини кўрди.

Укам Ҳусан билан биринчилар қаторида заводга ишга кирдик. Биз қатори кўплаб одамлар ишли бўлди. Заводда бутловчи қисмлар тайёрлайдиган кўплаб қўшма корхоналар очилди. 1996 йилда ишга туширилган завод дастлаб учта моделдаги автомобилларни ишлаб чиқарган бўлса, ҳозирда улар сони 11 тага етди. 1993 йилдан буён ҳар йили 100 дан ортиқ завод ишчилари Жанубий Кореяга бориб, малака ошириб қайтишади. Ҳозиргача завод конвейерларидан 2,8 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилди. Энг қувонарлиси, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиль дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунинг натижасида иқтисодиётда ўсиш кузатилди, шаҳарлар қиёфаси ўзгарди, энг асосийси, одамларнинг яшаш тарзи яхшиланди.

Мисол учун, Андижонда бутунлай янгича қиёфада кўчалар, хиёбонлар, уйлар қад ростлади. Шаҳар таниб бўлмас даражада ўзгарди, одамларнинг дунёқараши кенгайди. Буларнинг барчаси кўз ўнгимда рўй берди, лекин ўтмиш билан солиштирганда бундай бунёдкорликни кўриб, ишонгинг келмайди.

Ҳар куни юртимизнинг чирой очаётгани, замонавий бино-иншоотлар қурилаётгани, хонадонлар олдидаги ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни кўриб ва уларда менинг ҳам ҳиссам борлигидан ғурурланаман. Шу меҳнатларим туфайли 2004 йилда Оқсарой қароргоҳида Биринчи Президентимиздан «Фидокорона хизматлари учун» орденини, 2011 йилда эса давлатимизнинг энг юксак мукофоти - Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини олдим.

Бугун мен Ислом Каримов номи билан аталадиган «Асака» автомобиль заводида ишлаётганимдан фахрланаман.

***

 

УмидахонЖўраева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

 

- Яқинда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини хотирлаб, Регистон атрофидаги хиёбонга қўйилган ҳайкали пойига гул қўйдик. Хиёбонга қадам қўяр эканман, у кишининг минглаб ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топишига йўл кўрсатиб, юксакликка интилишга куч бағишлаганини яна бир карра ҳис қилдим. Мен ҳам худди шундай ёшлардан бириман.

Истиқлолимиз асосчисининг бизларга қарата: «Азиз фарзандларим, мен сизлар учун боримни беришга тайёрман, мен сизларга ишонаман», деган сўзлари қулоғимиз остида жаранглаб, бизга илҳом берган. Ҳар бир олимпиадада юртимиз шаънини ҳимоя қилишда ушбу ишончни оқлашга чин дилдан ҳаракат қилардик. Зулфия номидаги Давлат мукофоти бир неча иқтидорли қизлар қатори менга ҳам насиб этган. Улуғ Йўлбошчимизнинг ёшларга оталарча ғамхўрлик билан айтган сўзлари, «Маррани баланд қўйинглар, азиз болаларим!», деган ундови кейинги ҳар бир ютуғимга замин бўлди.

Ҳайкал пойида таъзим қиларканман, бугунги кунимиз, мусаффо осмонимиз, тинч ва хотиржам ҳаётимизга пойдевор қўйган Улуғ Йўлбошчимиз ҳали узоқ йиллар одамларнинг қалбида худди шундай хотирланишини ўйлаб, енгил тортаман.

***

 

Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари:

 

- Биринчи Президентимиз билан 2007 йилда илк бор юзма-юз учрашиб, суҳбатлашганимиз ҳеч ёдимдан чиқмайди. «Ҳали Фарғона шундай гўзал бир масканга, одамларнинг ҳаваси келадиган шаҳарга айланади. Фарғона маркази тубдан ўзгаради, замонавий қиёфа касб этади», деганларида ўзгаришлар нечоғлик бўлишини ўша йиллари, тўғриси, англамагандик. Аммо орадан тўрт-беш йил ўтгандан сўнг айтилган гап амалда қанчалик ўз ифодасини топганининг гувоҳи бўлдик.

Шаҳар марказида бир неча завод, хусусан, ёғ-мой комбинатлари жойлашган бўлиб, ҳар куни эрталаб ҳавомиз ундан чиқадиган ҳид билан тўйинган бўларди. Шаҳар марказидан бир километр юрганингиздан кейин хароба кўчаларга дуч келардингиз. Бу ҳолатлар бартараф этилди, Фарғона водийнинг гўзал бир марварид шаҳрига айланди. Биринчи Президентимизнинг «Ўзбекистон тенги йўқ диёр, ҳали кўрасизлар, кун келадики, бу ерга келувчилар навбатда туришади», деган сўзларини бот-бот эслайман. Ўшанда кўпчилик бу гапга бир афсонадай қараганди. Ушбу гаплар реал воқеликка айланаётганини ҳам кўриб турибмиз. Аллоҳ берган истеъдоди туфайли узоқни кўра олган, Ватанини ҳаддан ортиқ севган кишигина мана шундай фикрларни баралла, ишонч билан айтиши мумкин, назаримда.

Бугун у кишининг эзгу амаллари доим ёдга олиняпти, хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, халқаро доирада кучли сиёсатчилардан бири бўлганлиги эътироф этиляпти. Ушбу ҳолатни кузатарканман, Президентимиз Ш.Мирзиёев халқимиз азалдан улуғлаб келган устоз-шогирдлик анъанасини юксак даражада намоён қилаётгани катта маънавий жасорат, дегим келади. Ахир бошқа давлатларда амалдан кетган бош раҳбар ҳақида қандай фикрлар билдирилаётгани, унинг салбий амаллари тилга олинаётганини кўриб, эшитаяпмиз.

Яқинда хориж оммавий ахборот воситаларида дунёни ўзгартираётган ўн нафар лидерлар рўйхати эълон қилинди. Улар орасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳам борлиги бежиз эмас. Бир йиллик фаолият билан бу рўйхатга киришнинг ўзи юртимизда Биринчи Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларнинг нечоғлик тезкор, халқпарварлик билан давом эттирилаётганидан далолат беради.

Самарқандга кириб келарканман, шу фикрлар хаёлимдан кино тасмасидагидай бирма-бир ўта бошлади. Ушбу муқаддас замин яна бир улуғ инсоннинг қадамжоси билан бутун дунё наздида бир поғона юксалди, эътиборга тушди.

***

 

Маъфират Истамқулова, Наманган вилоятидаги қирғиз миллий-маданий маркази раҳбари:

 

- Самарқандга кириб келар эканмиз, қалбимни ширин туйғулар қамраб олди. Ислом Каримовни камолга етказган заминга ҳурматим ошди.

Ислом Каримов Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакилларига меҳрибонлик кўрсатди, барчасини баравар кўрди.

Мен у кишининг оқиллиги, жасоратига Жума Намангоний бошлаган нотинчликлар ва қирғизлар билан бўлган нохушликларни бартараф этиш чоғида гувоҳ бўлганман. Давлат раҳбарининг хатарли жойларга дадил кириб бориши, вазиятни босиқлик билан таҳлил этиши учун жасоратдан ташқари унда юртга фидойилик ҳам бўлиши зарур эди.

Давлат, халқ манфаатини ўз манфаати ва ҳузур-ҳаловатидан устун қўйишни ҳамма давлат раҳбарлари ҳам уддалай олмайди. И.Каримов ҳалолликда, маънавиятда ҳам барчамизга ибрат кўрсата олди.

Президент Ш.Мирзиёев ўз устозининг ғоялари асосида мамлакат ҳаётига ўзгача жўшқинлик киритди. Хусусан, Наманган ва Қирғизистон чегарасидаги 67 та қишлоқ аҳли бир-бири билан яна қадимий муносабатларини йўлга қўйишди.

Бугун биз Самарқанддаги ижобий ўзгаришларни кўриб, хурсанд бўлдик. Бу воҳа аҳлининг Ислом Каримовдай юртдошимиз номига, Шавкат Мирзиёевдек Президент даъватига муносиб бўламиз, деган шиорига тасаннолар айтдик.

***

 

Ойниса Очилова, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қашқадарё вилоят бўлими раиси:

 

- «Қашқадарё халқига меҳрим ўзгача, бу ерликларни ўзимнинг яқин кишиларимдай яхши кўраман!». Вилоятимиздаги Биринчи Президентимиз иштирокидаги ҳар бир анжуман худди шундай илиқ сўзлар билан бошланарди. Ҳақиқатан ҳам у кишининг бу ҳудудга алоҳида меҳри шу ерда вилоят раҳбари бўлиб ишлаганлариданоқ пайдо бўлган. Қашқадарё халқи учун мустақиллигимиз асосчисининг хизматларини айтиб, адо қилиб бўлмайди.

Биринчи навбатда мамлакатимиз миқёсида бўлгани сингари воҳамизда ҳам тадбиркорлик учун кенг имкониятлар очиб берилди. ¥ар бир туманда ўзига хос тарзда ҳунармандчилик йўналишлари яна қайтадан бўй кўрсатди. Шаҳрисабз ва Китоб каштачилиги асосида тикилаётган буюмларга хорижлик сайёҳлар катта қизиқиш билдирмоқда. Тадбиркор аёлларимиз сафи йилдан-йил кўпайиб, бугунги кунда вилоят миқёсида уларнинг сони ўн мингдан ошди.

Куни кеча Қашқадарёда ҳам Ислом Каримовнинг ҳайкали очилиш маросими бўлиб ўтди. Самарқанд Биринчи Президентимиз туғилиб ўсган муқаддас макон бўлса, Қашқадарё у кишининг меҳри тушган диёрдир. Шунинг учун 80 йиллик юбилей тантаналари бу икки вилоятда катта бир ҳаяжон билан ўтмоқда.

***

 

Сарвиноз Шокирова, Сирдарё вилояти, “Сарвиноз Собиржоновна Файзи” фермер хўжалиги раҳбари:

 

- Мен ўзимни бахтли ёшлардан бири деб биламан. Биринчи Президентимизнинг 80 йиллик юбилейига келганим, мақбаранинг очилишига гувоҳ бўлишимнинг ўзи қалбимни фахрга тўлдиради. Ахир у кишининг «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз», дея биз ёшларга билдирган ишончи мени 19 ёшимда фермер бўлишга ундади. Ва Президентимиз томонидан яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, бугун давлатимизнинг пахта ва ғалла хирмонига ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. Абадий сиймолари нафақат Тошкент, Самарқанд, Қашқадарёда, балки республикамизнинг барча вилоятларида қад ростлаши керак, деб ўйлайман. Чунки ўсиб келаётган ёш авлод миллат учун жонини ҳам аямаган, халқининг дардига қулоқ тутган, дунёга ўзбек миллатини танитган буюк шахс авлодлари эканлигини ҳис қилиб туриши лозим.

***

 

Абдураим Чориев, Сурхондарёдаги Ал-Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуаси директори:

 

- Биринчи Президентимиз мақбарасининг очилиш маросимида иштирок этиб, қалбимда ўзгача туйғулар ҳис этдим. Ушбу кўркам, бетакрор мақбара бутун умрини шу эл фаровонлигига бахшида этган, доимо янгиликка интилиб яшаган улуғ инсоннинг буюк ишларига муносиб бунёдкорликдир.

Кечагидай эсимда, Ислом Каримов Сурхондарёга ташрифи чоғида Ал-Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳига келиб, бундай улуғ инсоннинг хоки мангу қўним топган жой кўримсиз аҳволда бўлиши буюк кишининг номига ярашмаслиги ва бу масканни обод қилиш лозимлигини таъкидлаганди. Шундан сўнг мақбара атрофидан яна 10 гектар жой қўшилиб, 2008 йилда реконструкция ишлари бошланди. Қўшиб берилган майдонга 39 турдаги 3 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ислом Каримов ат-Термизий мажмуасига 2016 йил 30 июндаги ташрифи чоғида мақбара ичини миллий нақш ва безаклар билан безаш таклифини киритди. Биринчи Президентимиз вафот этгач, у кишининг бу ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми қайта тамирлади.


Охирги ўзгариш: 01/02/2018 09:53.   Кўрилганлиги: 1259
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/har-bir-bosgan-qadami-mangulikka-daxldor

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.