Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ҲАЖ, УМРА – МУҚАДДАС ЗИЁРАТ

ҲАЖ, УМРА – МУҚАДДАС ЗИЁРАТ

Унга талабгорлар, албатта, ниятни холис қилмоғи, эзгу ишларга мойил бўлмоғи шарт (суҳбат)

Президентимизнинг ташаббуси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Бу кўпчилик юртдошларимизнинг муборак зиёратни амалга оширишга бўлган ниятларини адолатли таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги раҳбари, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ билан суҳбатимиз ушбу муқаддас сафар амаллари, у билан боғлиқ масалалар хусусида бўлди.

 

– Ҳаж ва Умра – мусулмонлар учун энг муқаддас зиёрат, – дея гап бошлади З.Эшонқулов. – Бундай олий ниятни амалга оширишни назарда тутган номзод Ҳаж амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиш учун етарли диний билимга эга бўлиши, маънавияти, одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборли, оиласидаги муҳит соғломлиги, фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги соғлом муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтаришга лаёқатли бўлиши талаб  этилади.

Номзод қаерга бораётганини билиши, бунга ҳар томонлама тайёр бўлиши, ибодат сафари илмини билиши лозим. Қуръоннинг иккита сурасини мукаммал англашнинг ўзи бўлмайди.

Аслида бу муқаддас сафарлар исломда бажарилиши лозим бўлган арконларнинг бешинчиси ҳисобланади. Булар имон шартларини тўлиқ, мукаммал билиш, беш маҳал намозни ўқиш, Рамазон рўзасининг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда тутиш, мол-давлати ҳисобида белгиланган миқдордаги закотни муҳтож инсонларга бериб туриши, саховатпешалик каби талаблардир.

Зиёратга отланганларнинг аксарияти ушбу тўрт арконни бажармай туриб, охиргисини ижобат этмоқчи бўлишади. Ёки намозни, бирон-бир сурани билмасдан, ўзининг ихтиёри ёки фарзандларининг қистови билан сафарга отланмоқчи бўлишади.

Яна бир жиҳат, аризаси қабул қилингани унинг рўйхатга киритилди, дегани эмас. Мисол учун, учта ариза йиғилган бўлса, бир ой ичида суҳбат куни тайинланади ҳамда мурожаат масаласи кўрилади.

 

– Зиёратга муносиблар қандай танланади ва кимлар Ҳаж ва Умра тадбирларида иштирок этишга ҳақли?

 

– Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарорига кўра, Умра зиёратига бормоқчи бўлган фуқаро сўнгги икки йил мобайнида Умра ёки сўнгги беш йилда Ҳаж зиёратини амалга оширмаган бўлиши керак. Ҳажга борадиган номзодлар маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида бош имом, маҳалла имоми, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, хотин-қизлар қўмитаси ва "Нуроний" жамғармаси вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳи томонидан сараланади.

Номзоднинг моддий аҳволига ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги, кўнгли тўқлиги, ҳалол-покиза маблағ эвазига сафарга чиқиши муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили кузатилган ҳодиса бўйича мисол, беш нафар фарзанди бўлган бир ота Ҳаж рўйхатига ёзилган. У беш ўғлига "Ҳажга боришимга 5 миллион сўмдан тўлайсанлар", – деб шарт қўяди. Аммо беш ўғилнинг оилавий шароити ҳар хил. Ҳатто бирининг шароити жуда оғир. Ўша ўғил "Бошқа ака-укаларим қатори шу пулни беришим керак", – деб кунига яраб келаётган бир-иккита молини сотиб ёки кимдандир қарз кўтариб, отаси шартини бажаради.

Ҳажга бораётган одамнинг сафардан қайтиб келгунича рўзғори етарли даражада таъминланган бўлиши керак. Ҳожилик шартларига кўра, ҳамма томонлама қодир бўлган кишининг сафари фарз, аксинчаси соқит бўлади.

 

– Номзодларни саралаш жараёнида дуч келинаётган муаммоларга ҳам тўхталсангиз.

 

– Ҳозирда бир бор Ҳажга борган фуқарога қайта рухсат берилмаётганини халқимиз тўғри тушуниши керак. Чунки юртимизда Ҳажга боришни истовчи фуқароларимиз жудаям кўп. Ҳаж – инсон ҳаётида бир марта адо этилиши лозим бўлган ибодат. Номзодлар билан бўладиган суҳбатларда белгиланган талабларга тўғри келмайдиганлар ҳам учраяпти.

Мисол тариқасида келтиришим мумкин. Яқинда 30 ёшга кирган аёл ёлғиз ўзи Ҳажга бориш истагини билдирди. Унинг бу ҳаракати, биринчидан, қадриятларимизга, иккинчидан, шариат қоидаларига, қолаверса, Саудия Арабистони талабларига тўғри келмайди. Боиси, ёш хотин-қизлар маҳрамсиз – эри ёки ҳамроҳи (ота-онаси, қариндошлари)сиз Ҳажга йўл олса, Саудия Арабистонига киритилмайди. Қадриятларимиз мисолида айтадиган бўлсак, фарзандларини яхши тарбиялаб, таълим бериб, уларни уйли-жойли қилиб, маълум бир ёшга тўлганидагина бу сафарга чиқиш мақсадга мувофиқ.

Шароит ёки вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, ҳозир юртимизда Ҳаж талабгорлари орасида ёши улуғлар кўпчиликни ташкил этади. Эҳтиром, ҳурмат, азалий қадриятларимиз нуқтаи назаридан ёшлар ўзидан катталарга йўл бериши керак. Пайғамбаримиз "Кимки катталаримизни эҳтиром қилмаса, у биздан эмасдир", – деган ҳадисни келтирганлар.

 

– Бундан келиб чиқадики, бизда ёш хусусияти чегараланган, шундайми?

 

– Тўғри, баъзи бир давлатларда йиллар давомида ёши катта инсонларнинг аксарияти Ҳаж амалини адо этиб бўлишган. Шунинг учун ҳам уларда ёшидан қатъи назар, фуқароларни Ҳажга юбориш талаби ихтиёрийлик шароитига қурилган. Бизнинг мамлакатимизда эса ёши улуғ инсонларда зиёратга талаб юқори. Умрнинг ғаниматлиги ҳисобидан ҳам ёшларнинг кексаларга йўл бермоқлиги савоб. Шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, жуда кексайиб, қартайиб қолган эркак ва аёллар қийналиб қолиши мумкин. Асосан, уларнинг тиббий хулосаларига аҳамият берамиз, руҳий тайёргарлиги инобатга олинади.

 

– Ҳозирча Ҳаж ва Умра талабларига жавоб бермаётган талабгорларга маслаҳатингиз.

 

– Кўп йиллардан буён Ҳажга бориш учун тайёргарлик кўрган, етарли миқдорда маблағ жамлаган, айрим жиҳатлардан сафарга лойиқ топилмаган фуқароларимиз Аллоҳ йўлига атаган маблағини савобли ишларга сарфласалар, катта бир ажрни оладилар. Динимиз тарихига оид ривоятда келтирилишича, бир инсон муборак Ҳаж сафарига отланиб туради-да, ўзидан тўрт-беш ҳовли нарида оиласини боқолмайдиган, боқувчисини йўқотган бир аёлнинг ҳолатини эшитиб, ниятидан қайтади. Кейинги йиллар боришни ният қилиб, муборак сафарга жамлаган маблағини шу эҳтиёжманд хонадонга беришга қарор қилади. Табиийки, муҳтож оиланинг шароити ўнгланади ва саховатпеша инсоннинг ҳақига дуолар қилади. Бир куни шу одам туш кўради ва тушида ўзи кўмак берган оила жамланиб турганида у бу оила хонадони атрофида айланиб юради. Унга "Халилнинг уйини тавоф қилиш осон иш. Лекин Жалилнинг уйини тавоф қилиш бу марднинг иши", яъни бир инсоннинг кўнглини кўтариш, эҳтиёжмандни хурсанд қилиш Каъбани тавоф қилишдан ҳам улуғроқдир, деган ҳикмат билдирилади.

Маҳалладошларига ёрдам бериш, адашганларни тўғри йўлга бошқариш кераклиги нуқтаи назаридан фуқароларимиз томонидан кўзбўямачиликка йўл қўйилаётган вазиятлар ҳам учраяпти. "Фалон маҳаллага бориб, бир машина шағал тўкдим, кўчани обод қилдим, таъмирладим, кам таъминланган оилаларга совға улашдим", – деб жамоатчиликка жар солиб юрганлар ҳам бор. Ёки аксинча, камтарлик қилиб, "Буни савоб учун қилганман, бу ҳақда гапириш ёки мақтанишнинг ҳожати йўқ", қабилида эзгу амалларини очиқ айтмаётган фуқароларимиз ҳам мавжуд, албатта.

 

– Жамиятдаги ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш ҳамда маҳалладаги йўлдан адашганларни соғлом эътиқодга қайтаришда алоҳида намуна кўрсатган имом-хатибларнинг имтиёзли равишда Ҳаж сафарига боришига тавсия бериш кўзда тутилган.

 

– Имомлар гуруҳ раҳбарлигига танланаётганда улар учун маълум бир имтиёзлар белгиланган. Ҳар 49 кишига битта тажрибали имом-хатиб гуруҳ раҳбари сифатида белгиланади ва у элликбоши сифатида сафарга отланади. Ҳар йили 7-8 нафар гуруҳ раҳбари вилоятдаги 700 нафарга яқин имомлар, ноиблар ичидан танлаб олинади. Уларнинг жамоат ишларидаги фаоллиги, ёшларни тўғри йўлга бошлагани, ўзининг имомлик вазифасини тўла адо этгани ҳисобга олинади.

 

– Квоталар, тўловларда ўтган йилгидан фарқ мавжудми?

 

– Ҳозирча квоталарда ўзгариш йўқ. Ўтган йилги каби вилоятимиздан 450 нафар фуқарони Ҳаж сафарига жалб этиш мўлжалланмоқда. Тўловлар ҳали белгиланмади. Лекин харажатлар мароми ўтган йилгига қараганда кўпроқ бўлиши кутилмоқда.

 

– Кейинги йилларда уюштирилаётган "Ҳожи гаштак" маросимлари, зиёратни тижоратга айлантираётганларга муносабатингиз қандай?

 

– Аслида шариатимизда Ҳаж сафарига бориб келгандан кейин "Ҳожи оши", "Ҳожи тўй" каби тадбирларни ўтказиш шарт, деган тушунча йўқ. Аксинча, бундай сарф-харажатлар эҳтиёжманд, муҳтожлар учун сарфланса, савоби янада кўпроқ тегади. Кейин ҳожиларнинг тез-тез йиғилиб туришлари зиёфатга айланиши, бундай учрашувларнинг ким ўзар тадбирларига ўтиб кетиши муборак сафарни адо этганлар учун ярашмайди.

Ҳаж – ибодат, зиёрат сафари. Тижорат бошқа жойда ҳам бўлаверади. Бу сафарнинг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, бор эътиборни ибодатга бағишлаш лозим. Эҳромга кирган одам охират либосини кияди, охират дунёсига юзланади. Ҳаж сафаридан қайтган одам, иншоаллоҳ, гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда оқ мато каби қайтади. Ушбу оқликка доғ тушса, билиниб қолгани каби ҳожилар ўзини ушбу мақомга доғ туширишдан эҳтиёт сақлаши, эл-юртга намуна бўлиши шарт.

 

– Ушбу муқаддас зиёрат сафари насиб этган фуқаро сифатида ҳукуматимиз томонидан ҳожиларга яратилган шароитларни қандай баҳолайсиз?

 

– Ҳаж тадбирларига тайёргарлик кўриш, уларни ўтказиш борасида мамлакатимизда ибратли ишлар амалга оширилаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Муболағасиз айтаман, зиёрат сафарига йўл олган юртдошларимиз учун уйдан чиқиб қайтиб келгунигача яратилган шароит дунёнинг бошқа мамлакатларида мавжуд эмас.

Бу йил янги тартиб жорий қилинди. Фуқароларимиз Ҳаж сафарига кетишдан олдин Имом Бухорий мажмуасига зиёратга олиб бориляпти. Уларнинг намозлари ўша жойнинг ўзида ташкил этилиб, сафарига оқ фотиҳа берилмоқда.

Саудия Арабистонига боргандан кейин зиёратчиларимиз учун энг яхши меҳмонхоналар, транспорт воситалари ажратилган. Ҳатто ошхоналарда юртдошларимизнинг миллий таомларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ўзбек ошпазлари жалб қилинган. Керакли дори-дармонлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари ташкил қилинганки, ҳожиларимиз буларнинг шукронасини қилиши, юртимиз равнақи, халқимизнинг тинчлиги йўлида дуоларини аямаслиги, зиёратларини эмин-эркин адо этиб келишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

Абдуғофур Шерхоловсуҳбатлашди.


Охирги ўзгариш: 02/03/2018 17:44.   Кўрилганлиги: 219
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/haj-umra-muqaddas-ziyorat

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг