Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“FRANCE 2” ТЕЛЕКАНАЛИ САМАРҚАНД ВА БУХОРО ҲАҚИДА

“FRANCE 2” ТЕЛЕКАНАЛИ САМАРҚАНД ВА БУХОРО ҲАҚИДА

Франциянинг давлатга қарашли бўлган “France 2” етакчи телеканали Ўзбекистоннинг афсонавий шаҳарлари – Самарқандва Бухоро ҳақидаги махсус репортажларни ўзининг 10 миллион нафардан зиёд томошабинлари эътиборига ҳавола қилди.

Ушбу телечиқишлар Буюк Ипак йўли йўналиши хусусидаги туркум кўрсатувларнинг бир бўлаги сифатида намойиш этилди. Мазкур йўналиш ҳақидаги дастлабки репортажлар Хитойнинг турли провинцияларига бағишланган эди.

Мамлакатимиз шаҳарлари бўйича телематериаллар “France 2” телеканали мухбирлари А.Микози ва П.Ашере томонидан тайёрланган. Улар 2015 йилнинг май ойида ижодий сафар билан Ўзбекистонга келишган.

Муаллифлар Амир Темур давлатининг пойтахти –Самарқандшаҳрини Шарқ ва Ғарб цивилизациялари учрашадиган, Буюк Ипак йўлининг юраги ҳамда энг гўзал шаҳри, дея таърифлайди.

Франциялик журналистлар юз йиллар муқаддам бўлгани каби бугунги кунда ҳам Самарқанд ўзининг бетакрор гўзаллиги, тарихий ёдгорликларининг маҳобати, мадраса, мақбара ва мовий гумбазлари билан Ғарб саёҳатчиларининг эътиборини тортиб турганини алоҳида таъкидлашган.

Репортажларда ўзбекистонлик таъмирчи усталарнинг фидойи инсон сифатидаги ишлари ҳақида алоҳида илиқ сўзлар тилга олинади. Уларнинг санъаткорона меҳнати туфайли меъморий ёдгорликлар бугунги кунда ҳам дастлаб барпо этилган кўринишида кўзларни қувонтириб келаётгани қайд этилади.

Тарихдан маълумки, ўрта асрларда Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш юксак даражада бўлган. Самарқанд қоғозлари пишиқлиги, сифати ва кўзни толдирмайдиган рангда бўлгани сабаб дунёдаги энг машҳур қоғоз саналган. Хуросон, Ҳиндистон ҳамда Араб мамлакатлари бозорларида Самарқанд қоғозига алоҳида талаб ва эҳтиёж бўлган. Мустақилликдан сўнг маҳаллий усталар томонидан Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш қайтадан йўлга қўйилгани ҳақидаги лавҳалар ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши тайин.

Муаллифлар Бухоро ҳақида ҳикоя қилар экан, ушбу шаҳар кўҳна Буюк Ипак йўли давридан бошлаб халқаро савдо-сотиқ марказларидан бири бўлганини таъкидлашади. Машҳур италиялик саёҳатчи Марко Поло XIII асрда Бухорони “Катта маҳобат шаҳри” дея таърифлагани ҳам тилга олинади. Бугунги кунда ҳам Бухоро ўзининг тарихий ёдгорликлари ва кўҳна савдо расталари билан дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар эътиборини тортиб келаётгани алоҳида қайд этилади.

Шунингдек, франциялик журналистлар ўзбек халқининг миллий таомлари, хусусан, ажойиб таом – паловтайёрлаш санъати ҳақида ҳам атрофлича фикр юритишган.

Телелавҳаларда Ўзбекистоннинг мўътадил, маърифий ислом маркази эканлиги, бой тарих ва маданиятга, ўзига хос меҳмондўст ва оқкўнгил халқига эгалиги, ана шундай омиллар туфайли бу юрт бутун дунё сайёҳларини ўзига оҳанрабодек жалб этаётгани хусусидаги фикрлар кўп миллионли телетомошабинларга маълум қилинади.

Юқоридагилардан ташқари, мамлакатимизга келаётган европалик сайёҳларнинг катта қисмини франциялик саёҳатчилар ташкил қилиши, улар ҳозирги пайтда маданий сайёҳликнинг Осиёдаги янги маркази сифатида Ўзбекистонни танлашаётгани алоҳида қайд этилади.

Жаҳон АА, Париж


Охирги ўзгариш: 20/06/2015 19:10.   Кўрилганлиги: 575
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/france-2-telekanali-samarqand-va-buxoro-haqida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг