ФИДОЙИЛИККА БЕРИЛГАН ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2015 йил 25 августдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисида”ги Фармонига кўра, Каттақўрғон туманидаги “Ҳосил” фермер хўжалиги бошлиғи Аваз Ҳосилов мамлакатимизнинг юксак мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. 

...Бундан саккиз-тўққиз йил олдин фермер хўжаликлари ҳақида мақола тайёрлаш учун Каттақўрғонга хизмат сафари билан борганимизда ҳокимлик вакиллари туманнинг энг илғор фермер хўжалиги сифатида “Ҳосил” фермер хўжалигини тавсия этишганди. Аваз ака билан ўшанда танишганмиз. Қуёш нури таъсиридан ранги бироз унниққан дўппи ва махсус иш кийими, этик кийган фермернинг шошиб турганини кўриб, бемаврид келдикми, деб ўйладик.

– Суҳбатни далада давом эттирсак, ишчиларга тушлик олиб бораётгандим, – деди Аваз ака бизни машинаси томон бошлаб. – Еримизни, меҳнатимиз самарасини кўрасиз. Машинангизни шу ерда қолдираверинг, барибир у йўлда юролмайди.

Йўлда кетатуриб, ҳақиқатдан ҳам бу паст-баланд, тупроқ йўлда бизнинг машинамиз юролмаслигини англадик. Аваз ака йўл бўйидаги ерлар ҳақида гапириб, машинани бир маромда бошқариб борарди. Машина ортида ердан кўтарилган чангдан бўлак ҳеч нарса кўринмайди.

Қишлоқдан чиқиб, чамаси 15-20 дақиқа юрганимиздан сўнг Аваз ака “Мана шу жойдан бизнинг ерлар бошланади, Қорадарё бўйи дейди бу ерларни” деб бир томонида атайлаб текислангандек яшнаб турган ғўза ва иккинчи томони чакалакзор майдонга ишора қилди. Йўлнинг икки томонидаги икки хил манзарадан ажабланиб, оғиз жуфтламасимиздан аввал фермер ўзи изоҳ берди:

– Ғўза парваришланаётган мана бу майдон ҳам илгари ана шундай ҳолатда эди. Сизот сувлар жуда яқинлигидан ерни шўр босган, тошлоқ. Колхоз вақтида бу жойларга эътибор ҳам берилмасди. Хўжаликда ҳосилот бўлиб ишлаганим учун зовур қазиш, ернинг шўрини ювиш ва тошдан тозалаш ҳақида раҳбарларга кўп айтганман. Агар ана шу ишлар амалга оширилса, бу ердан юқори ҳосил олиш мумкинлигини аниқ ҳисоб-китоблар билан асослаб берганман. Афсуски, бунинг учун маблағ сарфлашдан қочибми ёки бошқа сабабми, таклифларим инобатга олинмади.

Ватанимиз мустақилликка эришиб, Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилгач, 1992 йилда ҳеч ким талабгор бўлмаган мана шу ерларни олиб, “Ҳосил” фермер хўжалиги ташкил этдим. Албатта, бундан, аввало, ҳақиқий мулкдор бўлишни мақсад қилган бўлсам-да, кўнглимнинг бир четида ўша пайтдаги айрим раҳбарларга мана шу ердан мўл ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатиб қўйиш нияти ҳам йўқ эмас эди. Бахтимга давлатимиз фермерлар учун кенг имкониятлар яратиб қўйди. Лизинг асосида трактор сотиб олдим. Ер ости сизот сувларни қочириш учун 8 километр зовур қазилди. Фарзандларим, ишчиларим билан тўрт йил ердаги тошни тердик. Майдонларни жийда, юлғун сингари бутасимон ўсимликлардан тозаладик, шўрини ювдик. Ерга минерал ва маҳаллий ўғитлар солишни канда қилмадик. Натижада 61 гектар ернинг унумдорлик бонитети 32 баллдан 50 баллга кўтарилди. Ғалла ва пахта ҳосилдорлиги бир неча баробар ошди. Лекин ҳали ишларимиз кўп. Мана бу майдонларни ҳам тозалаб, экин экишни йўлга қўйиш, дарё бўйида балиқчилик хўжалиги ташкил этиш, чорвачиликни ривожлантириш, қишлоқда хизмат кўратиш ва сервис шохобчалари, мини цехлар очиш режаларимиз бор.

Аваз аканинг гапларига берилиб, манзилга етиб келганимизни ҳам сезмай қолибмиз. Дала бошидаги ҳовуз бўйида тахтадан ясалган чоғроқ чорпоя, четроқда атрофи ўралган ўчоқхона хўжалик ишчилари туну кун шу ерда эканлигидан далолат беради.

– Ҳозирча ана шундай шароитда ишлаяпмиз-да, – деди фермер бироз хижолат бўлиб. – Насиб этса, бу ерда катта шийпон қуриб, ишчилар учун зарур шарт-шароит яратамиз. Унгача ош-овқатни уйда тайёрлаб келтириб турибмиз.

Дала бошига келиб тўхтаган тракторнинг мотори ўчди. Ундан 20-22 ёшлар атрофидаги йигит тушиб, салом-алик қилгандан сўнг Аваз акадан “Ота, бу майдоннинг культивацияси тугади, тушликдан кейин пастдаги ерда иш бошласак бўладими?” деб сўради. Ота маъқул ишорасини қилиб, зарур кўрсатмалар берди. Кейин кетмон кўтарган сувчи, ғўзани чеканка қилиб келаётган аёллар ҳам келиб дастурхон четидан жой олди.

– Булар ўзимизнинг оила аъзоларимиз, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларимиз, – деди Аваз ака. – Далада том маънода бир оиламиз. Қувончу ташвишларимиз бирга, бир дастурхонда овқат еймиз. Кимнинг рўзғорида, оиласида камчилиги бўлса, баҳамжиҳат бартараф этамиз. Ана шундай қилиб ишламасак, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Айрим одамлар “Ер олсам, фермер бўлсам, даромаднинг ўзи сувдай оқиб келаверади”, деб ўйлайди. Улар фермерликнинг моҳиятини яхши англамагани учун шундай дейишади. Аслида фермер ерни, элни ўйлайдиган, кўпроқ пул эмас, обрў топишга интиладиган киши бўлиши зарур. Фермернинг эл-юрт олдида доимо юзи ёруғ бўлиши керак. Бу осон иш эмас. Бунинг учун фермер хўжалиги аъзоларининг барчаси бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилиши лозим.

Фермер хўжалиги даласидан бир олам таассурот билан қайтиб, бу ҳақда мақола ёздик. Кейинчалик ҳам “Ҳосил” фермер хўжалиги фаолияти билан қизиқиб турдик. Илк суҳбатимизда Аваз ака айтган режалар кейинги йилларда амалга ошди. Хўжалик сўнгги уч йилда ғалладан 100 центнер, пахтадан 60 центнердан ошириб ҳосил олди. Ўтган йили Қорадарё соҳилидаги бир гектарлик сув ҳавзасида балиқчилик йўлга қўйилди. Ёдгорхўжа қишлоғида ташкил этилган тикувчилик цехида ўнга яқин хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда фермер мазкур тармоқни янада кенгайтириш ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари учун янги иш ўринлари очиш ниятида.

Хўжалик даромади ҳисобидан олинган техникалар сони элликдан ошди. Дала бошида кўркам ва шинам шийпон қурилди. Хўжаликда ишловчи олти ёш оила намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларга эга бўлди. Самарқандда ишлаб чиқарилган “Isuzu” автобуси хўжалик аъзолари ва қишлоқ аҳли хизматида.

Бундан ташқари, қишлоқдаги меҳр-мурувват ва саховат тадбирларига ҳам фермер баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳар йили хўжаликда ғалла ёки пахтачилик бўйича кўргазмали семинар ўтказилиб, фермернинг тажрибаси вилоят бўйлаб оммалаштирилади.

Дарвоқе, фермер хўжалигига борадиган йўл ҳақида. Яқинда учрашганимизда Аваз ака “энди даланинг бошигача ўзингизнинг машинангизда бемалол боришингиз мумкин. Қишлоғимиздан далагача бўлган йўлни равон қилиб қўйдик”, деди олдинги учрашувимизни эслагандек.

Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Фермерлар кенгаши ташкил қилинди. Самарқанд вилояти Фермерлар кенгаши раислигига Аваз Ҳосилов номзоди қўйилганда ҳамма бирдек қўллаб-қувватлади. Чунки у киши бу вазифага чиндан муносиб. Аваз ака бу масъулиятли вазифада иш бошларкан, дастлаб фермерларнинг сиёсий онгини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, соҳага янгиликлар киритишга бел боғлади. Бугун ушбу кенгашни бошқараётган Аваз аканинг саъй-ҳаракатлари билан вилоятда кўп тармоқли фермер хўжаликлар сафи кенгайиб, уларнинг сони 4 мингдан ошди.

– Меҳнатинг қадрланса, режаларинг қўллаб-қувватланса, одамда ўз-ўзидан куч, шижоат пайдо бўлиб, яна кўпроқ ишлагинг, жамиятга наф келтиринг келавераркан, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Ҳосилов. – Мустақил Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилаётганини ўзим ва фермер хўжалигимиз мисолида кўриб турибман.

Президентимиз фармонига мувофиқ, 2007 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганимда оддий бир фермернинг давлат мукофотига лойиқ кўрилганидан бошим кўкка етганди. Куни кеча давлатимизнинг олий мукофоти билан тақдирланганимни эшитиб, бахтдан бошим осмонга етди.

Ўйлайман-да, агар истиқлол бўлмаса, мен каби оддий деҳқон шундай мукофотларга, эътирофга сазовор бўлармиди? Ҳамон қиладиган ишининг тайини йўқ ҳосилот бўлиб, у даладан бу далага яёв юрган бўлармидим? Таклифларим, орзу-ниятларимни ҳеч ким инобатга олмай армон бўлиб қолаверарди. Ҳаётим-чи, оилам, қишлоқдошларим-чи? Бугунгидай фаровон бўлармиди?

Мана шу йўлдан трактордан бошқа техника юролмай, ерни шўр босиб ётарди. Ишлайман, наф келтираман деганни қўллаб-қувватлаб рағбатлантираётган, меҳнатимизни қадрлаб, ўзимизни улуғлаётган давлатимиздан, бу эзгу ишларга бош-қош бўлиб турган Юртбошимиздан беҳад миннатдорман.

Билагимда куч, юрагимда ғайрат бор экан, шу азиз Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун меҳнат қилиш, унинг шону шавкатини оширишга ҳисса қўшиш олий мақсадимдир. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами – мустақиллигимизнинг 24 йиллиги билан чин дилдан қутлайман.

Ғ.Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 28/08/2015 08:29.   Кўрилганлиги: 592

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг