Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Фидойилар шарафланди

Фидойилар шарафланди

Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами вилоятимизда кенг нишонланди

Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, яхши таълим-тарбия олиб, касб-ҳунар эгаллаши, жамиятда ўз ўрнини топишини орзу қилади. Бу эзгу мақсад ҳаётининг мазмунини белгилайди.

Ота-оналарнинг ана шу ниятларини рўёбга чиқаришда заҳматли касб эгалари ҳисобланган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Мактабда алифбодан сабоқ берадиган муаллимдан бошлаб, олий даргоҳдаги профессор, академиккача ёшларга ўз билим ва тажрибасини, касб сирларини ўргатишга интилади. Шу тарзда ота-она ва ўқитувчи-мураббийнинг эзгу ниятлари ва машаққатли меҳнати самарасида оиланинг давомчиси, жамият учун билимли, ўз касбининг етук мутахассиси шаклланади. Шунинг учун ҳам устозлар юксак шарафланиб, улар номи ота-она қаторида тилга олинади.

Мамлакатимизда ушбу касб эгаларига давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатилади. Ўқитувчи ва мураббийлар куни юртимиздаги муҳим саналар қаторида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади.

Байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан Самарқанд шаҳрида уюштирилган тантанали маросимга таълим тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган илғор педагоглар, соҳа фахрийлари, нуронийлар ва ёшлар таклиф этилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев байрам тадбири иштирокчилари ва улар тимсолида вилоятимиздаги барча таълим соҳаси ходимларини ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклади. Уларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатлари эътироф этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз таълим тизимини замон талаблари даражасида такомилаштиришга доир фармон ва қарорлари асосида мактабгача таълим муассасалари моддий-техника базасининг мустаҳкамланаётгани, умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, 10-11 синфларнинг ташкил этилгани, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг янгича тизими ва замонавий таълим жараёнларининг йўлга қўйилаётгани вилоятимиздаги муассасалар фаолияти, улар эришаётган натижалар мисолида таҳлил этилди. Бу ислоҳотлар халқимизнинг таклиф ва истаклари инобатга олинган ҳолда, бамаслаҳат амалга оширилаётгани ва аҳоли томонидан қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.

Маросимда вилоятимиз таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва  эсдалик совғалари тантанали топширилди.

– Байрам арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ўқитувчи ва мураббийларига табригини катта ҳаяжон ва фахр билан эшитган эдик, – дейди Самарқанд қишлоқ хўжалик институти профессори Р.Орипов. – Давлатимиз раҳбарининг биз, ўқитувчилар меҳнатига юксак баҳо бериб, эътироф этганидан бошимиз кўкка етди. Бугун эса вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва совғаларига сазовор бўлганимиздан хурсандмиз. Биз бу эътибордан руҳланиб, ёш авлодни Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассислар қилиб тарбиялашга бор билим ва салоҳиятимизни бағишлаймиз.

Маросимда элимиз ардоғидаги санъаткорлар ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт намойиш этилди.

***

Худди шундай байрам тадбири Самарқанд шаҳридаги Концерт залида ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирга шаҳар халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, олий ўқув юртлари педагоглари, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар таклиф этилиб, улар касб байрамлари билан қутланди. Соҳада жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийларга Халқ таълими вазирлиги ҳамда шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалар, «Халқ таълими аълочиси», «Таълим ҳомийси» кўкрак нишонлари топширилди.

Ўз мухбиримиз. 


Киритилган вақти: 06/10/2017 15:55.   Кўрилганлиги: 1058
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/fidoyilar-sharaflandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.