Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Фавворалар сайли вилоятимизда кенг нишонланди

Фавворалар сайли вилоятимизда кенг нишонланди

Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасида қад ростлаётган замонавий бино ва иншоотлар, барпо этилаётган истироҳат боғлари, кўркам хиёбонлар халқимиз турмушига қанчалик мазмун бағишлаб, ёшларимиз камолотига хизмат қилаётган бўлса, ушбу обод масканларимизда бунёд этилаётган бир-биридан гўзал фавворалар одамларимизга шунчалик кўтаринки кайфият ва хурсандчилик улашмоқда.


Кеча Самарқанд шаҳрининг Амир Темур, Кўксарой, Темирйўл вокзали майдонлари, вилоят мусиқали драма театри олди, Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳаси, Йўлбарслар ҳамда Университет хиёбонлари, «Шоирлар боғи», Аэропорт маҳалласидаги, Пайариқ, Жума, Ургут ҳамда Нуробод шаҳарларидаги фавворлар атрофига жам бўлган юртдошларимиз чеҳрасида ана шундай хушнудлик ва шукроналикнинг гувоҳига айландик.

Фавворалардан отилиб чиқаётган ҳар бир томчи сувнинг қуёш нурида ўзгача жилваланиши, оқшом пайти эса чироқлар шуъласида камалак рангларда жилоланиши сайилга ташриф буюрган самарқандликлар ҳамда меҳмонларнинг қалбида эзгу ниятлар, орзу-умидлар уйғотди.

- Самарқанднинг тарихий масканлари, хусусан, Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш мақсадида келиб, бевосита «Фавворалар сайли»да ҳам қатнашиш насиб этгани баҳридилимни очди, - дейди фарғоналик Азамжон бобоҲожиев. – Сайил давомида куй-қўшиқлар, рақслар, санъаткорларнинг чиқишларини мириқиб томоша қилдик. Фавворалар атрофида ўтириб, бундай ажойиб байрамлар юртимизнинг тинчлиги, осойишталигидан эканлигига яна бир бор имон келтирдик.

- Самарқандга биринчи бор ташриф буюрган бўлсак-да, бу қадим кент бизда унутилмас таассурот қолдирди, - дейди кореялик сайёҳ Юн Сужин. – Турмуш ўртоғим – Ле Сюнгжай иккимиз шаҳарнинг тарихий обидаларини томоша қилиб, гўзал байрамнинг устидан чиқдик. Ўзбекистонликлик ёшларнинг хурсандчилигига шерик бўлиш асносида халқингизнинг чеҳраси, самимийлиги, меҳмондўстлиги ҳайратимизни оширди. Айниқса, шаҳар ҳавосининг мусаффолиги, суви-ю, нонининг мазасини айтмайсизми?! Фурсати келганида айтай, ўзбек халқига тинчлик-омонлик доим ёр бўлсин! Келаси йил ҳам бу заминга бошқа яқинларимиз билан саёҳатга келишга аҳд қилдик.

Шунингдек, сайил тадбирларида юртдошларимиз меҳри, тафти билан ўсаётган дарахтлар, ям-яшил майдонлар, гулу гулзорлар вилоятимиз шаҳар ва туманлари ҳуснига ҳусн, чиройига чирой қўшатгани гапирдилар.

Таъкидланишича, вилоятда бугун 60 га яқин фаввора мавжуд бўлиб, улар нурли-мусиқали, нурли ва оддий фавворалар ҳисобланади. Айни пайтга келиб, нафақат бетакрор фаввора яратиш, балки уларнинг атрофини ободонлаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, майсазор ва гулзор барпо этиш, дарахтларга шакл бериш, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим соснаси, қора сосна кўчатларини экиш, парваришлаш тажрибаси шаклланди. Биргина, Самарқанд шаҳрининг ўзида 100 гектардан зиёд кўкаламзорлаштирилган майдон, қарийб минг квадрат метр яшил майсазорлар ташкил этилди. 400 мингга яқин манзарали ва игна баргли дарахтлар парваришланмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, сув ҳавзалари, фавворалар барпо этилган жойларда мўътадиллик юқори бўлиб, ушбу иншоотлар атрофида сайр қилиш юртдошларимизнинг кайфиятини кўтариб, жисмига тетиклик бахш этаётир.

Сайилларда вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг бадиий чиқишлари, театр ижодкорлари томонидан тайёрланган саҳна асарлари намойиш этилди. Номдор рассомлар ҳаваскор мусаввирлар учун мастер-класс машғулотлари ўтдилар. Шоирлар тадбир мазмунига мос ижод намуналари билан чиқиш қилди. “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда ёш рассомларнинг ижодий ишлари кўргазмаси, “Камолот” ЁИҲ фаолларининг турли танлов ва викториналари, турли спорт мусобақалари уюштирилди. Шарқ ширинликлари, салқин ичимликлар савдоси ташкил этилди.

- Мактабимизнинг 40 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчиларини сайилларга жалб этдик, - дейди Самарқанд шаҳридаги 28-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Музаффар Исақулов. – «Шоирлар боғи»даги сайилда йигитларимиз муассасамизда ташкил этилган спорт тўгаракларида орттирган маҳоратларини намойиш этган бўлса, қизларимиз ўзларининг рақслари, ижро этган мумтоз ашулалар ва жаҳон классик қўшиқлари билан томошабинларни хушнуд этишди. Ўқувчиларимиз сайиллардан олам-олам завқ олди, қалбида эзгу ниятлар уйғониб, келгусида ҳамма ҳавас билан қарайдиган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган соғлом фарзандлар бўлиш орзуси пайдо бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, «Тоза сув - мусаффо ҳаво, соғлом ҳаёт!» шиори остида ўтказилган «Фавворалар сайли» унга ташриф буюрган катта-ю кичик учун чинакам шодлик байрамига айланди.


Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,



Охирги ўзгариш: 01/05/2017 18:46.   Кўрилганлиги: 389
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/favvoralar-sayli-viloyatimizda-keng-nishonlandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг