Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ САЛОМАТЛИГИНИ АСРАШ ЭНГ КАТТА БАЙРАМ!

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ САЛОМАТЛИГИНИ АСРАШ ЭНГ КАТТА БАЙРАМ!

Бугун жонажон юртимизга баҳорнинг қутлуғ шодиёнаси Наврўзи олам кириб келди.

Шарқона янги йилнинг илк кунида турибмиз. Кўкламга етганимиз, яна бир баҳорни қарши олаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтамиз.
Мана шундай дамларда барча юртдошларимизни, вилоятимиз аҳлини, халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган барча фидойи ва жонкуяр устоз-мураббийларни, ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналарини Наврўз байрами билан табриклайман! Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин! Фарзандларимиз бахту камолини кўриб юриш насиб этсин!
Бугун коронавирус туфайли дунё аҳли, жумладан, халқимиз ҳам синовли кунларни бошдан кечиряпти. Мавжуд ҳолат ҳар биримиздан лоқайдлик ва бефарқликни четга суриб, огоҳ ва эҳтиёткор бўлишни, ҳамжиҳатликни талаб этмоқда.
Айни синовли дамларда Президентимиз бошчилигида давлат ва ҳукумат раҳбарларининг халқпарварлиги, инсонпарварлиги намоён бўлмоқда. Бу офатни ваҳимага берилмасдан, сергак ва ҳамжиҳат бўлиб, талафотларсиз ўтказиб юбориш учун етарлича куч ва маблағлар сафарбар этилмоқда. Ватанимиз чин маънода она бўлиб, ўз халқини ҳимоя қилмоқда. Ушбу жараёнга ортиқча таъриф бермасак-да барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Айни пайтда, карантин эълон қилиниши муносабати билан, аввало, таълим муассасаларидаги талаба ва ўқувчи-ёшларга таътил берилгани халқимизнинг нақадар болажонлигини яна бир бор намоён этди. Узайтирилган таътил кунларида уларнинг билим олишининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида онлайн мактаб фаолияти жадал йўлга қўйилди. Фидойи ва жонкуяр устозларнинг онлайн дарс машғулотларини тасвирга олишда фаол қатнашиб, фан ўқитувчиларининг телефон орқали, ижтимоий тармоқлар орқали ўқувчисининг билим олиши, ўз устида мустақил ишлашига ундаб тургани эътиборга молик.
Бир сўз билан айтганда, бугун нафақат болаларимизга, балки, халқимизга ҳар томонлама чексиз ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Аммо бундай саъй-ҳаракатларга бепарво бўлиш, ўзимизни-ўзимиз, атрофдагиларимизни асрашга бефарқ бўлишимиз инсонийликка тўғри келмайди. Фарзандларимизнинг таътил деб, кўча-кўйда, жамоат жойларида, жамоат транспортларида ва дўконларда юриши давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликка хиёнатдир. Уларнинг ўйинқароқлик қилиб, қўни-қўшниларнинг фарзандлари билан ўйнаб юриши бундай хавфли юқумли касалликнинг олдини олмайди. Шу боис, аввало, ота-оналар, маҳалла фаоллари, зиёлилар кўз-қулоқ бўлиб, болаларни уйда, тоза-озодаликка риоя қилган ҳолда, мутахассисларнинг тавсияларига қулоқ тутишса нур устига аъло нур бўларди. Ота-оналар фарзанларининг мустақил дарс тайёралашини назорат қилиб, бунга шароит яратиб беришса, боболар ва момолар набираларга қизиқ-қизиқ китоблар ўқиб беришса, ҳикоялар айтиб беришса таътилнинг мароқли ва фойдали ўтишига муносиб ҳисса қўшган бўларди.
Ушбу холисона айтган фикрларимизни, даъватимизни вилоят халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган барча ходимлар, ўқитувчилар имкон қадар ота-оналарга етказишса, болалар тақдирига бефарқ бўлишмаса мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир сизу бизнинг бахтимиз ҳам, ҳаловатимиз ҳам, таъбир жоиз бўлса, энг катта байрамимиз ҳам фарзаларимизнинг саломатлиги, шундай эмасми?
Саидаҳмад УСМОНОВ,
вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи


Киритилган вақти: 22/03/2020 21:04.   Кўрилганлиги: 104
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/farzandlarimiz-salomatligini-asrash-eng-katta-bayram

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.