Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ФАРОВОН ТУРМУШИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ МЕЗОНИ

ФАРОВОН ТУРМУШИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ МЕЗОНИ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги кенг нишонланмоқда. Халқимиз турмуш даражасини ошириш, давлатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш борасида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда Бош Қомусимизда белгиланган қоида ва тамойилларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган асосий тантанада ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов йиғилганларни байрам билан қутлар экан, Конституциямиз миллий давлатчиликни бунёд этиш, янгича бошқарувни яратиш, демократик тамойилларга таянган ҳолда сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини белгилаб бергани, унда ифодаланган ғоя ва мақсадлар жамиятимизнинг жаҳон ҳамжамияти томон юз тутишига ўзига хос замин ҳозирлагани, халқимиз манфаатининг устуворлиги, одамларимизнинг хоҳиш-иродаси, орзу-нияти, ҳуқуқи, эркинлиги, маънавий-ахлоқий қадриятларини ифодалаганини эътироф этди.

- Кейинги икки йилда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида вилоятимизда ҳам давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи ҳисобланган халқимизни рози қилиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш, одамлар турмуш даражасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, - деди вилоят раҳбари. - Республика инвестиция дастури асосида 84 та ижтимоий соҳа объектида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида 34 та маҳалла ва қишлоқларимизда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бу ҳудудларда замонавий муҳандислик-коммуникация тармоқлари яратилди. Янги йўллар барпо этилди, аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 62 массивда 2349 та уй-жойлар бунёд этилиб, аввало аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг турар-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юксак савияда ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланган мазкур тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кучайтириш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.

Ўз навбатида юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ишларга катта қизиқиш билдирди. Бу ҳам Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуришнинг мустаҳкам қонуний асоси, озод ва эркин ҳаётимизнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётганидан далолат беради.

Шунингдек, тадбирда фидойи ва маҳалла-кўй, эл-юрт ташвишида жонкуярлик кўрсатаётган 38 нафар юртдошларимизга Президентимизнинг 2017 йил 13 июлдаги қарори билан таъсис этилган “Маҳалла ифтихори“ кўкрак нишони топширилди.

- Салкам 40 йил туман халқ таълими тизимининг турли вазифаларида меҳнат қилдим, - дейди Жомбой туманидаги Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғини фаоли М.Имомов. - Бугун Бош Қомусимиз байрами арафасида бундай мукофот билан тақдирланганим фаолиятимга янада масъулият юклади. Бу ютуқ аввало юртимизда ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига қаратилаётган эътибор, қолаверса, маҳалламиздаги уч мингга яқин аҳолимизнинг барча ишларда фаоллиги, биз, нуронийларнинг ўгитларига амал қилиши, бамаслаҳат иш юритиши самараси, деб ўйлайман.

Пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар, вилоятимиз ёш ижодкорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева иштирок этди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).


Киритилган вақти: 06/12/2018 19:10.   Кўрилганлиги: 1136
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/farovon-turmushimizning-huquqiy-mezoni

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.