Фаоллар йиғилиши: ИНВЕСТИЦИЯДАН ФОЙДАЛАНИШНИНГ АҲВОЛИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Йиғилишда вилоят, туман ва шаҳарларда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди ҳамда 2018 йил учун тасдиқланган инвестиция лойиҳалари ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан асосий вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Т.Жўраев олиб борди.

Йиғилиш видеоселектор тарзида шаҳарлар ва туманлар студиялари билан боғланган ҳолда ўтказилди. Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқармалар бошлиқлари, шаҳарлар ва туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари иштирок этди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йилнинг 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида Юртбошимиз томонидан кенг имкониятлар берилишига қарамай, Самарқандда хорижий инвестициялар иштирокида етарлича лойиҳалар амалга оширилмаётганини алоҳида таъкидлаб, бу борада олдимизга аниқ вазифаларни белгилаб берди, - деди Т.Жўраев. – Дарҳақиқат. Гарчи вилоятимизда инвестиция муҳити яхшиланган, бунинг учун зарур қонуний ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, натижаларимиз кўнгилдагидек эмас.

Масалан, 2018 йилнинг биринчи ярмида вилоятимиз бўйича умумий қиймати 355,7 миллиард сўм бўлган 446 та лойиҳани ишга тушириш ҳамда 2 774 та иш ўрни яратиш белгиланган эди. Бироқ ҳисобот даврида қиймати 298,1 миллиард сўм бўлган 402 та лойиҳа фойдаланишга топширилди, 2450 та иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳалар доирасида 5,2 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция, 109,2 миллиард сўм банк кредити, 165,9 миллиард сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан инвестициялар ўзлаштирилди.

Юртбошимиз 2018 йилдан, барча туман-шаҳарлар ҳоким ва сектор раҳбарларига ҳудудига ҳар ойда 1 миллион доллардан хорижий инвестицияни жалб қилиш лозимлигини топширган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоят делегацияси Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Тожикистон, БАА, Индонезия, Малайзия, Сингапур каби бир қатор давлатларга ташрифлар амалга оширди, 21 та турли давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари эса вилоятимизга ташриф буюрди.

Биргина 7-11 апрель кунлари вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида умумий қиймати 205,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича 44 та меморандум ва келишувлар имзоланиб, қиймати 44 миллион доллар бўлган 2 та лойиҳа бўйича ишлар бошланди. Натижада ўтган 6 ойликда вилоятнинг 9 та ҳудудида 59 та қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг сони 345 тага етди.

Шунингдек, йиғилишда вилоятда туризмни ривожлантириш ва бу борада ҳам инвестиция жалб этилиши билан боғлиқ муаммолар ўртага ташланди.

Таъкидландики, ўтган 6 ой давомида вилоятимизга 115 минг хорижий ва қарийб 1 миллион маҳаллий сайёҳлар жалб этилди. Бу ўтган йилга нисбатан 2-3 баробар кўп, дегани. Туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида 34 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шундан 350 ўринга мўлжалланган 6 та меҳмонхона ишга туширилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Ш.Худойбердиев, О.Бобоев, М.Восеев, К.Қурбонов, Иштихон, Қўшработ, Ургут, Булунғур туманлари ва Каттақўрғон шаҳрининг тўртта сектор раҳбарлари ҳисоботи тингланди. Улардан хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича белгиланган топшириқлар ижроси сўралди, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширилишига тўсиқ бўлган жиҳатлар таҳлил қилинди.

Йиғилиш якунида ҳудудларга инвестиция киритиш ишларини кескин фаоллаштириш лозимлиги, бунда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўинбосарларининг масъулиятини ошириш, шунингдек, секторлар раҳбарларининг ҳар бири ўз ҳудудига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этишга ҳисса қўшиши зарурлиги айтилди.

Инвестиция таклифларини шакллантириш, инвесторлар топиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, молиялаштириш ва амалга ошириш бўйича топшириқлар аниқ берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Мирзаев сўзга чиқди.


Киритилган вақти: 09/07/2018 20:07.   Кўрилганлиги: 69

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг