ЭЗГУ ТАШАББУСЛАР ҚЎЛЛАНГАН ФЕСТИВАЛЬ

Самарқандда мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали эзгуликларга йўғрилгани, янги лойиҳаларга бой ўтгани билан ёдда қоладиган бўлди

Энг тўғри йўл – юрт ишқида ёнмоқ

– Киноларда кўрганим, севимли фильмларим қаҳрамонини талқин этган таниқли санъат дарғалари – Ўзбекистон халқ артистлари Ражаб Адашев, Элёр Носировларнинг муассасамизга ташриф буюриши мен учун қувончли воқеа бўлди, – дейди Самарқанд шаҳридаги 64-алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга ихтисослашган мактаб-интернати тарбияланувчиси Жонижаҳон Жўраев. – Улар мени бағрига босиб, келажакда яхши инсон бўлишим, мана шу юрт корига ярайдиган мутахассис бўлиб етишишимга ишонч билдирдилар.

Айниқса, севимли санъаткорларнинг Ватан, бурч, садоқат ҳақидаги фикрлари юрагимдан чуқур жой эгаллади. Ана шундай буюк тушунчалардан йироқ бўлганим учун ҳам шу кўйга тушганим, қилган барча ножўя хатти-ҳаракатларим кўз олдимдан ўтди.

Фестивалнинг “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” лойиҳаси доирасида бизга совғалар улашган тенгдошларимга, уларнинг ақл-заковати, шижоатига ҳавасим келди.

Келажакда яхши инсон бўлиб, Ўзбекистон тараққиёти учун ҳисса қўшишга, ҳалол меҳнат қилишга аҳд қилдим.


Фестиваль нафақат ёшларни мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништиргани, уларни эзгулик йўлида ҳамжиҳат бўлишга чорлагани билан, балки Жонижаҳон каби адашган ёш юртдошларимизни тўғри йўлга солувчи тарғибот тадбирлари билан ҳам эсда қоладиган бўлди.

 

Лойиҳаларда миллиондан ортиқ ўқувчи-талабалар

Фестиваль доирасида туманларда “Ёшлар жонли ижро тарафдори”, “Марра бизники” шиори остидаги мустақиллик марафони, вилоятимиз ёшлари ташаббуси билан илк маротаба “Юлдузлар билан тарихга саёҳат”, “Видео тузуклар” лойиҳалари ташкил этилди.

Жомбой, Пайариқ, Ургут, Пахтачи, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманлари ва Самарқанд шаҳрида гала-концертлар уюштирилди. Ҳудудлардаги таълим муассасаларида “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Диний экстремизм ва терроризм ёшлар келажагига таҳдид” мавзуларида 1393 марта тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, уларга 1 миллиондан ортиқ ўқувчи ва талабалар жалб қилинди.


– Уч-тўрт кун мобайнида элимизнинг таниқли шоир-ёзувчилари, олимлари, санъаткорлари билан самарқандлик ёшлар билан мулоқотда бўлар эканмиз, уларнинг ўй-фикрлари билан танишдик, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов. – Бир кунда туманлардаги тўрт-бешта тадбирда қатнашган бўлсак-да, чарчоқ нималигини билмадик. Аксинча, ёшларнинг чақнаб турган кўзларидан қувват олиб, яйрадик. Уларнинг билимдонлиги, интилувчанлиги ва мақсадларининг катталигини кўриб, бошимиз осмонга етди.

 

Марра – мустақиллик фарзандлариники!

Фестивалнинг сўнгги куни эрталабдан Республика тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида Самарқанд шаҳридаги 1-сон меҳрибонлик уйи, “8-Март” корхонаси, ҳарбий қисмлар, савдо шохобчалари, Регистон мажмуаси, ҳунармандлар маркази, Самарқанд давлат университети, Концерт зали, Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқа ва драма театрида учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Куннинг иккинчи ярмида 15 мингга яқин самарқандлик ёшлар шаҳардаги “Динамо” марказий стадионида уюштирилган “Мустақиллик фарзандларимиз!” шиори остидаги гала-концертга жам бўлишди.


Ёш томошабинлар билан тўлган стадионда дастлаб пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорларнинг “Оқ қушлар” ҳамда вилоят “Камолот”чиларининг “Суюнчи” жамоалари ўртасидаги футбол-шоу беллашуви ўтказилди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими З.Мирзаев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова эртамиз эгаларини мазкур байрам ҳамда Самарқандни ўз давлатининг пойтахтига, дунё маданияти чорраҳасига айлантирган Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллик қутлуғ санаси билан қутлади.

– Бугун дунёнинг турли бурчакларида таҳликали, ўта мураккаб вазият ҳукм сурмоқда, миллатлараро, динлараро зиддиятлар борган сари кучайиб, тобора кескин тус оляпти, – деди З.Мирзаев. – Оқибатда миллионлаб ёшлар ўз келажагини барбод қилиб, ўқиш, билим олиш, ёшлик гаштини суриш имкониятидан маҳрум бўлаётир. Барчамизни ҳушёрликка, огоҳликка чақирувчи, бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етишга ундовчи бундай воқеа-ҳодисаларни кузатар эканмиз, беихтиёр қалбимизни чексиз шукроналик, фахр-ифтихор туйғуси чулғаб олади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилаётган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида анъанавий оммавий тадбирлар бугун, ҳеч шубҳасиз, ёш авлод қалбида она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашда хизмат қиладиган фидойи ёшларни тарбиялашда муҳим ўрин тутади.




Ф.Муҳаммаджонова фестивалнинг ер юзига сайқал бўлган Самарқандга хос, янги лойиҳаларга бой тарзда ўтганлигини эътироф этди. Самарқандлик юзлаб “Камолот” стипендияси соҳиблари, бошқа номдор стипендиатлар, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, спортнинг турли йўналишлари бўйича Олимпиада, Осиё ва Жаҳон чемпионлари етишиб чиққанлиги намунаси сифатида Пайариқ туманидаги 3-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси, Ўзбекистон ва халқаро мусобақалар ғолиби Нилуфар Сайдуллаевани стадионга таклиф этди. Барчанинг кўз ўнгида у қўлга киритган 30 дан зиёд медалларни бирма-бир санади. Ушбу саноққа майдонга йиғилган барча қўшилди.



Фестивалнинг “Ёшлар билан ишлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокими” номинациясида ғолибликни қўлга киритган Пайариқ, Пастдарғом, Самарқанд ва Ургут тумани ҳокимларига ҳамда “Тадбирларни сифатли ташкил этган “Камолот” ЁИҲ туман (шаҳар) кенгаши” деб топилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд шаҳар кенгашига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.



Республикамизнинг таниқли санъаткорлари, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар стадионга йиғилганлар қалбига завқ-шавқ улашди.

“Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида вилоятимизда ўтказилган фестивалга Самарқанднинг юраги – Регистонда якун ясалди.  Тарғибот гуруҳи аъзолари ва юзлаб “Камолот”чилар маҳобатли майдонда ёғдули шоу томоша қилдилар.



Абдуғофур Шерхолов,
Бахтиёр Мустанов (фото)


Киритилган вақти: 11/04/2016 18:27.   Кўрилганлиги: 1075

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг