Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Эркинжон Турдимов Беруний кўчасидан Бўстонсаройгача 4 соат юрди

Эркинжон Турдимов Беруний кўчасидан Бўстонсаройгача 4 соат юрди

Бугун тонгда Самарқандда бироз ёмғир ёғди. Куз ёмғири майин ва ёқимли бўлиши билан бир қаторда ҳудудларда дилни хира қиладиган ҳолатларни ҳам кўрсатиб берди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ёғин-сочинли кунларда шаҳар кўчаларида ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қандай қулайлик ва ноқулайликлар юзага келганини кўздан кечириш мақасадида иш кунини Рўдакий кўчасида маъсуллар билан пиёда юриб бошлади.
Дастлаб эътирозлар мазкур кўчада яшил майдонларни ташкил этиш, манзарали дарахт ва гулларни экишни шартномавий мажбурияти сифатида зиммасига олган “Баҳор гуллари” корхонаси масъулларига билдирилди. Улар шу кўча атрофида гул ва дарахт кўчатлари ўтқазамиз, майсазорлар ташкил этамиз, деб ваъда берган, шартнома имзолагану аммо ҳалигача иш сифатли қилиб якунига етказилмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!
Кўчадаги ташқи реклама воситалари ҳам тартибсиз, хорижий тилларда ёзилган. Ваҳоланки, улар реклама ва пешлавҳаларни ўрнатишда Давлат тили ҳақидаги қонунга риоя этишлари шарт. Айнан ушбу масала кеча ўтказилган ҳокимлик соатида ҳам муҳокама этилган ва бу борада масъулларга вазифалар топширилганди.
Кўп қаватли уйлар жойлашган Абу Абдулло Рўдакий маҳалласи ҳудуди ҳам талаб даражасида ободонлаштирилмагани, йўлларнинг ҳолати, янги қурилишлар ва уларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
– Ҳамма ислоҳот, янгилик, ўзгариш қуйидан бошланиши керак. Одамлар ўз оиласи, маҳалласи мисолида мамлакатдаги ўзгаришларни ҳис қилиши лозим, – деди Э.Турдимов. – Президентимиз нима учун раҳбарлар маҳаллабай ишласин, уйма-уй юрсин, деяптилар, мақсад – одамлар ҳаёти билан яқиндан танишиш, уларнинг муаммо ва дардларини юракдан ҳис қилиш. Шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раиси ва ўринбосарлари, профилактика инспектори ҳам доим аҳоли орасида бўлиши зарур. Маҳаллада, хонадонларда нима муаммо бор, оилалар қандай яшаяпти – маҳалла фуқаролар йиғини беш қўлдай билиши керак ва бу муаммоларни ечиш учун раҳбарлар олдига вазифа қўя олиши лозим.
Мазкур ҳудудда “Marjona gold fox” жамиятига биринчи қаватда маҳалла маркази учун жой ажратиб бериш шарти билан кўп қаватли уй-жой қуришга рухсат берилганлиги, бугунги кунга келиб эса қурувчи ўз мажбуриятини бажармаётганлиги, қолаверса, қурилишга яроқсиз маҳсулотлар билан болалар майдончаси ҳудудидан маҳалла учун бино қурилаётганлигини вилоят ҳокими танқид остига олди. Кўп қаватли уйларда яшовчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш асносида болалар майдончаларини таъмирлаш, ҳудудларда манзарали ва мевали дарахтлар экиш, автомобиллар сақланадиган жойларда эса асфальт қопламаси ётқизилишига кўрсатмалар берилди.
Вилоят ҳокими “Олтин аср” маҳалласи ҳудудида амалга оширилиши керак бўлган ишлар бўйича ҳам вазифаларни белгилаб берди. Рўдакий кўчасидаги пиёдалар йўлакларининг бир хил кўриниш касб этиши кераклиги, барча реклама, эълонлар ва бошқа пешлавҳалар тўғри юритилишини назоратга олиш зарурлиги таъкидланди. Сиёбча сув коллектори атрофини тартибга келтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Шунингдек, Ҳаётобод, Турон, Севалиота, Истиқбол маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва профилактика инспекторларига ҳам кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш борасида аниқ вазифалар топширилди.
Шу тарзда соат 7.30 да 12 га қадар Беруний ва Рудакий кўчалари чорраҳасидан Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари чорраҳасигача ҳамда унинг атрофидаги маҳаллалар бўйлаб пиёда юриш давомида қайд этилган камчиликларни тузатиш, белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бир ҳафтадан сўнг яна кўриб чиқиладиган бўлди.

Киритилган вақти: 24/11/2021 15:58.   Кўрилганлиги: 75
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/erkinjon-turdimov-beruniy-kochasidan-bostonsaroygacha-4-soat-yurdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 8

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.