Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди

Ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 январь куни “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
 
Олиб борилаётган таркибий ислоҳотлар доирасида йирик стратегик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан бир қаторда шаҳарлар аҳолиси фаровонлигининг ўсиши ва барқарор ривожланишига етакловчи омил сифатида урбанизация жараёни тегишли даражада ҳисобга олинмаган. Натижада сўнгги йилларда урбанизация даражасининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда, шаҳар аҳоли пунктлари сони эса атиги 1065 дан 1071 гача кўпайган.
 
Йирик қишлоқ аҳоли пунктларини шаҳар посёлкаларига айлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, бугунги урбанизация даражаси шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича замонавий талабларига жавоб бермайди ва жаҳон тенденцияларидан сезиларли даражада қолиб кетмоқда. Бунда урбанизация даражаси ҳанузгача барқарор хусусиятга эга эмас.
 
Урбанизация жараёнларининг давлат томонидан самарали тартибга солинишини таъминлаш ҳамда ер участкаларининг айланмаси ва улардан фойдаланишда замонавий бозор механизмларини жорий этиш мақсадида:
 
1. Қуйидагилар мамлакатда урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
 
мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш, бунда муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминланган, ипотекани кредитлаш ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирларни назарда тутиш;
 
жисмоний ва юридик шахслар учун турар жой ва нотурар жой бино
ва иншоотлар остидаги ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини амалга оширишни кафолатлаш, ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш учун шарт-шароитлар яратиш;
 
миграция жараёнларини маъмурий тартибга солиш тизимини такомиллаштириш йўли билан аҳолининг қишлоқ жойларидан шаҳарларга эркин ҳаракатланиш учун шарт-шароитлар яратиш;
 
йирик шаҳарлар аҳолисининг фаровонлигини таъминлаш, иқтисодий ва саноат ресурсларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига ушбу шаҳарлар аҳолисини тўлиқ ва самарали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, ҳудудлардаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари асосида технопарклар ташкил қилиш ва уларнинг тизимини мустаҳкамлаш;
 
авваламбор саноат, хизмат ва сервис соҳаларида аҳолининг даромадларини ошириш ва барқарор иш жойларини яратиш омили сифатида агломерацияларнинг афзалликларидан фойдаланишни назарда тутган ҳолда ўрта шаҳарларни, шу жумладан, туман марказларини бошқаришда илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш;
 
йирик шаҳарларга туташ бўлган ва қулай транспорт алоқасига эга йўлдош-шаҳарлар тармоғини кенгайтириш, йирик шаҳарларнинг марказий қисмида саноат ва бошқа зоналар ҳудудларини қисқартирган ҳолда ижтимоий-ишбилармонлик зоналар ҳудудларини кенгайтириш.
 
2. 2019 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
 
юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлариуларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки улар томонидан хусусийлаштирилаётган бино ва иншоотлар, саноат инфратузилмаси объектлари жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун зарур миқдордаги ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
 
жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролариуларга якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;
 
кўрсатилган ер участкаларини хусусийлаштириш жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан амалга оширилади;
 
жисмоний ва юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан хусусийлаштирилган ер участкаларихусусий мулк (фуқаролик муомаласи объектлари) ҳисобланади ва дахлсиздир, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ давлат томонидан муҳофаза қилинади;
 
ер участкаларини хусусийлаштириш фақатгина кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда пуллик асосда амалга оширилади.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
 
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини киритсин;
 
2019 йил 1 июнга қадар хусусийлаштириладиган ер участкалари учун табақалаштирилган тўловлар миқдорлари, шунингдек, уларни тўлаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарорини қабул қилсин.
 
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда 2019 йил 1 июлга қадар белгиланган тартибда, шу жумладан, комплекс уй-жойлар қурилиши ҳисобидан янги шаҳарлар ва йўлдош-шаҳарлар ташкил этишни назарда тутадиганЎзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш Концепциясини (кейинги ўринларда – Концепция) тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.
 
4. Қуйидагилар:
 
а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
 
урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
 
саноатлаштириш сиёсатининг суръатлари, босқичлари ва натижаларини узоқ муддатли режалаштириш, шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини ҳисоблаш;
 
“ўсиш полюслари”ни аниқлаш, бошқарув марказлари жойларини танлаш, таълим, меҳнат бозорини шакллантириш, ички ва ташқи миграция соҳаларидаги сиёсатни келишиш;
 
қишлоқ аҳолисини янги саноат ихтисосликларига ўқитиш ва қайта тайёрлашга қаратилган қатор институционал ва ташкилий чора-тадбирларни белгилашни назарда тутувчи, ишчи кучининг қишлоқлардан шаҳарларга ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;
 
илғор, энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш асосида ҳамда ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмаларини қамраб олган йўлдош-шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олган ҳолда шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқариш;
 
жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар аҳолисини жойлаштириш тизимини комплекс ривожлантиришни тартибга солиш, кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатини шакллантириш;
 
б) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси(кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин ва унинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
 
ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган барча маблағларни жамлаш;
 
Концепция доирасида барпо этиладиган янги шаҳарлар ва йўлдош-шаҳарларнинг бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, шунингдек, улар учун зарур бўлган муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишини молиялаштириш;
 
кейинчалик тушган маблағларни жамлаган ҳолда зарур инфратузилмаларга эга ер участкаларини аукцион савдолари орқали сотиш;
 
ипотекани кредитлашнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўрта ва узоқ муддатли ипотека облигацияларини чиқариш ҳамда уларни институционал инвесторлар орасида жойлаштириш орқали ипотека бозорини ривожлантириш, шунингдек, миллий ипотека бозорини ривожлантириш мақсадида халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш.
 
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Қурилиш вазирлиги, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК, “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК ва “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ билан биргаликда табиий-иқтисодий салоҳиятни аниқлаш мақсадида йирик шаҳарларга туташ аҳоли пунктларини инвентаризациядан ўтказишни таъминласин, амалга оширилган ишлар натижаларига кўра 2019 йил 1 ноябрга қадар тизимли урбанизация жараёни амалга оширилишини, янги саноат корхоналарининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари билан комплекс жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда ўрта муддатли даврда йўлдош-шаҳарларга айлантириладиган аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантирсин.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Агентлик томонидан режалаштирилган аҳолини рўйхатдан ўтказиш ишларининг натижаси ҳамда халқаро талаблар бўйича урбанизация даражасини ҳисоблаш методологиясидан келиб чиққан ҳолда, шаҳар аҳолисининг ҳисобини юритиш ва статистик ҳисоботларни такомиллаштиришни таъминласин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Агентлик, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар 2020-2025 йилларда комплекс уй-жой қуриш давлат дастурларининг асосий прогноз параметрларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:
 
бўш турган ер участкалари, яшаш учун яроқсиз бўлган турар жойлар ҳудудларини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотларни, кейинчалик уларни инфратузилмавий ривожлантириш ва сотиш учун Жамғармага беришни назарда тутган ҳолда, хатловдан ўтказиш;
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг илгари қабул қилинган қарорларига мувофиқ амалга оширилаётган уй-жойлар қуриш бўйича амалдаги давлат дастурларини босқичма-босқич мақбуллаштириш, бўшайдиган маблағларни комплекс уй-жой қуриш давлат дастурлари доирасида тегишли уй-жойларни қуришга йўналтириш;
 
комплекс уй-жой қуриш давлат дастурларини уларга мос равишда молиялаштириш манбалари, қурилиш материаллари ресурслари ҳамда пудратчи қурилиш ташкилотлари қувватлари билан таъминлаш;
 
қурилаётган бино ва иншоотларнинг муайян қисмини фақат муқобил энергия манбалари билан жиҳозлаш ва таъминлаш бўйича мажбурий талабни белгилаш.
 
Белгилансинки, Жамғармага берилган бўш турган ер участкалари, яшаш учун яроқсиз бўлган турар жой бинолари ҳудудлари, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино ва иншоотлар хусусийлаштирилган ҳисобланади ва кейинчалик белгиланган тартибда қурувчиларга сотилиши мумкин.
 
8. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик:
 
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Концепцияни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини тегишли ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг бош режаларига мувофиқ аниқлайди;
 
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Концепция доирасида белгиланган ер участкаларида зарур муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жойлаштириш юзасидан назоратни таъминлайди.
 
9. Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни тартибга солишни таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаларига мазкур “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати тўғрисидаги ахборотни киритиб борсин.
 
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик, истеъмол, ипотека ва бошқа кредитлар юзасидан банкка мурожаат қилиш жойи бўйича рўйхатда туриш мажбурийлиги ҳақидаги талабни бекор қиладиган кредитлашнинг янги тартибини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.
 
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда шартнома асосида мустақил консультантлар ва экспертларни, техник кўмак маблағлари ва грантларни жалб қилган ҳолда, урбанизация соҳасида энг муҳим халқаро рейтинглар ва индикаторларнинг кўрсаткичлари, уларни шакллантириш методологиялари чуқур ўрганилишини таъминласин, шунингдек, кўрсатилган рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича таклифлар киритсин.
 
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
 
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини, унинг маблағларини шакллантириш манбалари ва улардан фойдаланиш тартибини назарда тутган ҳолда, ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини;
 
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
 
13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва оммавий ахборот воситаларига мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини кенг ёритиш тавсия этилсин.
 
14. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                 Шавкат Мирзиёев                       

 
Тошкент шаҳри, 2019 йил 10 январь

Киритилган вақти: 12/01/2019 12:15.   Кўрилганлиги: 340
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/er-uchastkalarini-xususiylashtirishga-ruxsat-berildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг