Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз

Бу йил барчамиз учун энг улуғ, энг азиз айём, Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллигини нишонлаймиз.


Бу айёмнинг ўрни, қадри бўлакча. Шу боис Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорини юртдошларимиз зўр мамнуният билан кутиб олишди.

 Хосият БОБОМУРОДОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

– Мустақиллик халқимизнинг тарихий ютуғи. Бу байрамни барча ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда кутиб олади. Ҳар йили бўлгани каби бу йил ҳам турли тадбирлар, катта шодиёналар билан нишонланади, албатта. Президентимизнинг бу борадаги қарорини диққат билан ўқиб чиқдим.

Унда қайд этилган "Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз" деган тамойил ҳам катта мазмун-моҳиятга эга. Ёшларимиз истиқлол ва унинг қадрини янада теранроқ англаши учун аввало, кучли маънавиятга эга бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам юртимизда китобхонликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Қарорда ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тарғиб этиш борасидаги ишларни кенг акс эттириш ҳам таъкидланган. Ижодкор сифатида бундан жуда ҳам руҳландим.

Ансор ҲОТАМОВ,

Ургут туманидаги "SAM-FERRE" хусусий корхонаси директори ўринбосари:

– Давлатимиз раҳбарининг қарорида халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади, деган ғоя илгари сурилган. Айнан шу ғоя асосида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни барчамиз кўриб турибмиз. Бунинг барчаси истиқлол туфайлидир.

Биргина тадбиркорлик соҳасини оладиган бўлсак, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар самарасида тадбиркорлар мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантиришга қодир етакчи кучга айланди.

Ана шундай имкониятлар асосида ташкил этилган хусусий корхонамизда айни вақтда 12 турдаги газ плиталари ишлаб чиқарилади. Бу йилдан темир эшиклар, витринали музлаткичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Йилдан-йилга маҳсулот турини кўпайтириб бормоқдамиз.

Албатта, тадбиркорлик ривожи халқ фаровонлигига хизмат қилади. Биз фаолиятимизни янада кенгайтириб, ана шу фаровонликка ҳисса қўшиб, бу йилги байрамни ҳам улкан ютуқлар билан кутиб оламиз.

Мафтуна РЎЗИЕВА,

СамДЧТИ талабаси:

– Истиқлол, эрк ва фаровон кунлар қандай машаққатлар билан қўлга киритилганидан хабардормиз. Шунинг учун ҳам бу байрамнинг қадри баланд. Истиқлол берган имкониятлардан меҳнаткаш халқимиз, айниқса, ёшларимиз беҳад миннатдор ва шунга муносиб бўлиш учун ўзларининг бор куч ва билимларини сафарбар этмоқда.

Президентимиз қарорини ўқиб чиқдим. Ундаги "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" бош ғояси замирида катта маъно-мазмун мужассам. Айниқса, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилганидан жуда руҳландик. Ўйлайманки, тенгдошларим бугунги имкониятлар даврида иқтидорини янада юксак намоён этиб, Ватанимиз шаън-у шавкатини улуғлашга интилиб яшайди.



Охирги ўзгариш: 01/07/2017 11:35.   Кўрилганлиги: 2206
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/eng-ulug-eng-aziz-bayramimiz

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.