
Иштихон туманида Давлат хизматлари маркази биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган мазкур марказ биноси замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган.
Шунингдек, бинода ошхона, болалар, тиббиёт, инвесторлар хоналари мавжуд. Марказ бир вақтнинг ўзида 25 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсатади. Замон андозаларига мос равишда жиҳозланган бинода 6 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар марказга келувчи фуқаролар учун тақдим этилган.
Янада қулайлик яратиш мақсадида марказда болалар ўйингоҳи ҳам барпо этилган.
Янги иншоотда адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси жойлашганлиги фуқароларга яна бир қулайлик яратади.
Тадбир доирасида ташкил этилган пресс-тур давомида журналист ва блогерларга соҳада юз берган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
- Бугунги кунда хизматларни йўлга қўйиш ва барқарор ишлатишдаги асосий муаммоларимиздан бири сифатида давлат органлари томонидан хизматлар кўрсатиш муддатларининг бузилишини айтишимиз мумкин,-деди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд Қурбонов.- 2019 йилдаги ўрганишлар натижасида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар ва бошқа ташкилотлар томонидан 23 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди. Айниқса, ортиқча ҳужжат талаб қилиш, мурожаатни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ёки чўзиш каби ҳолатлар кўп учраяпти.
Таъкидланишича, кадастр, солиқ идоралари билан бугунги кунгача электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилмаган.
Қонун бузилиши ҳолатлари асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари - архитектура ва қурилиш, газ, электр тармоқлари корхоналари, мактабгача таълим ва кадастр идораларига тўғри келмоқда.
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли органларнинг 238 нафар раҳбарлари ва масъул ходимлари бошқарма томонидан маъмурий жавобгарликка тортилган. Киритилган 40 та тақдимнома натижасида 43 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Ўтган йилда Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Самарқанд туманларида мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, замонавий, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилган. Тадбир давомида бу йил бошқа туманлардаги марказ биноларини ҳам босқичма-босқич фойдаланишга топшириш кўзда тутилгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.