Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

"ДЎСТУ ҚАРДОШДИР АЗАЛДАН ЎЗБЕГИМ ТОЖИК БИЛАН"

"ДЎСТУ ҚАРДОШДИР АЗАЛДАН ЎЗБЕГИМ ТОЖИК БИЛАН"

“Икки тилда сўзлашувчи бир халқ”, “Эт билан тирноқ”, “Бир дарёдан сув ичадиган қўшнилар”.

Бу каби таърифу тавсифлар Самарқанд вилояти вакилларининг 27-29 март кунлари Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятига ташрифи давомида қайта-қайта тилга олинди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъул ходимлари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар, самарқандлик зиёлилар, санъаткор ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат гуруҳнинг Тожикистонга сафари жорий йилнинг 1 мартида тантанали очилган “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши белгиланган эди.

Бугунги кунда ушбу маскандан икки давлат фуқаролари эмин-эркин ўтиб-қайтмоқда. Бизнинг ҳам ҳужжатларимиз қисқа фурсатда расмийлаштирилгач, “Саразм” пункти томон йўл олдик.

Тожикистон Республикаси остонасида самарқандлик меҳмонларни Сўғд вилояти раиси ўринбосари Анвар Ёқубий бошчилигидаги расмийлар тантанали кутиб олди. Миллий либосдаги қизлар делегация аъзоларига нон ва ширинлик билан пешвоз чиқди.

– Икки давлат Президентларининг халқларимиз хоҳиш-иродаси, манфаатларини кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бугун чегараларимиз очилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Чегараларимиз билан бирга, икки халқнинг бағри кенг очилиб, бир-бирига меҳру муҳаббати ошди. Вилоят ҳокимлигининг таклифига кўра, яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган Наврўз сайилларида Сўғд вилояти вакиллари иштирок этган эди. Тожикистонлик дўстларимизни ҳам “Жартепа”да ана шундай бағрикенглик билан кутиб олган эдик. Улар Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида Наврўз тантаналарида қатнашиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Яқин қўшничилик тамойилларига кўра, энди Сўғд вилояти маъмурияти самарқандликларни Панжикент шаҳрида ўтказиладиган Наврўз байрамига таклиф этди. Тожикистонлик биродарларимизнинг юртимизга ташрифи ва бизнинг бу юртга сафаримиз халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама алоқаларни янада ривожантиришга хизмат қилади, албатта.

Панжикент шаҳридаги Наврўз тадбирлари 28 март кунига мўлжалланган экан. Шу сабабли “Саразм” ўтказиш пунктида ҳозир бўлган енгил машиналарда мезбонлар ҳамроҳлигида Сўғд вилояти маркази Хўжанд шаҳри томон йўл олдик.

 

ЙЎЛЛАР ЭЛЛАРНИ БОҒЛАЙДИ

Панжикентдан Хўжандга бориш учун 3 минг 400 метр баландликдаги Шаҳристон довонини ошиб ўтишга тўғри келар экан. Тожикистоннинг шимолий ҳудудини Зарафшон дарёси бўйидаги шаҳар ва қишлоқлар билан боғлайдиган ушбу йўл муҳим стратегик иншоотлардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кейинги 10-15 йилда ушбу йўл ва умуман, республикадаги барча йўлларни замон талаблари даражасида қайта қуриш, реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Мезбонларнинг айтишича, бу ишга хорижий қурилиш компаниялари жалб этилган.

Ушбу юртдаги илк таассуротимиз йўллар билан боғлиқ бўлмагани боисини англадик. Довонга боргунча Панжикент шаҳри ва қишлоқлар оралаб ўтган йўлларнинг бирор жойида носозлик кўрмадик, машина бир текис, равон ҳаракатланади. Йўл чизиқлари, пиёдалар ўтиш жойлари ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Йўл атрофида бир хил кўринишдаги бекатлар, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган. Кўчалар ҳуда-беҳуда ковланмаган.

Ҳамроҳимиз – Ургут туманида туғилиб ўсган, лекин олий маълумотни Тожикистон давлат санъат институтида олиб, маълум муддат шу ерда яшаган Асатулла Атоуллаев йўл ва унинг атрофидаги манзараларни ҳайрат билан кузатиб бориб, ўтмишни ёдга олди.

– Қарийб йигирма йил мана шу йўлдан Ургут ва Душанбега қатнаганман, – дейди А.Атоуллаев. – Йўловчи машинада ҳам, шахсий уловимда ҳам минг бир азобда ўтганман. Айниқса, қиш пайтлари бу йўл ва довондан ошиб ўтишни тасаввурга сиғдириб бўлмасди. Чунки, у вақтларда йўллар бугунгидек равон ва хавфсиз эмас эди. Ҳатто даралар орасида ёғоч кўприклардан ўтган вақтларимиз бўлган. Зарафшон дарёси бўйидан келиб, Айни қишлоғи орқали Шаҳристон довонига чиқиш ва 3400 метр баландликдаги тоғдан ошиб ўтишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермасди. Ҳар лаҳзада тош ёки қор кўчиб турадиган, туби кўринмас жарлик ва даралар ёнидан, атрофида ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган йўлдан ўтиш учун киши ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши керак эди. Бугун эса бу йўллар таниб бўлмас даражада ўзгарибди.

Ҳақиқатдан ҳам, довонга кўтарилар эканмиз, тоғ ён бағрида йўлнинг кескин бурилиш, пастликка тушиб, яна кўтарилиш жойлари такрорлана бошлади. Аммо ушбу ҳолатлардан огоҳлантирувчи йўл белгилари ўз ўрнида экани, бетон ариқлар ва ҳимоя тўсиқлар ўрнатилгани, энг муҳими, йўлнинг текис ва қатнов учун қулайлиги довонни забт этишни осонлаштиради. Инсон ақлу заковати туфайли яратилган бу қулайликлар баъзида табиатнинг ўзгармас қоидалари олдида аҳамиятсиз бўлиб қолиши ҳам мумкин экан. Довондан ўтишда йўлнинг айрим қисмларида тепадан тош ва қум тушганини кўриб, бунга амин бўлдик. Шунинг учун ҳам довонда йўлчилар махсус транспорт воситалари орқали туну кун йўлни тозалаб, назорат қилиб туришар экан.

Атрофдаги яшиллик, баҳор нафаси довон тепасига кўтарилган сари ортда қола бошлади. Тоғ бағрида, йўл четларида қотиб қолган қор уюмлари (уларни тарма деб аташар экан) кўзга ташланди. Яна бироз вақтдан кейин атрофи оппоқ қор билан бурканган тоғ тепасига чиқдик. Пастда ёға бошлаган ёмғир бу ерда қорга айланган эди.

Тоғнинг бу қисмидан ўтиш учун Шаҳристон ер ости йўлидан фойдаланилар экан. “Душанбе – Айни – Истаравшан – Хўжанд – Бўстон – Чаноқ” автомобиль йўлини реконструкция қилиш жараёнида 2012 йилда бунёд этилган ушбу туннель транспорт воситаларининг довондан хавфсиз ўтишини таъминлайди.

Тоғ орасидан ўтган 5 минг 253 метрлик ер ости йўлидан чиқишимиз билан яна баҳор нафасини туйдик. Улкан арчазорлар, мусаффо ҳаво киши баҳри-дилини очади.

Дарвоқе, Тожикистонда автомобиль йўлларидан фойдаланишда ҳақ тўланар экан. Истаравшан шаҳри ҳудудига кираверишда машиналаримиз ана шундай масканда тўхтаб ўтди. Халқаро талаблар даражасида ташкил этилган ушбу нуқтада автомобиллар белгиланган тўловни амалга ошириб, ҳаракатда давом этади. Бир нечта йўлаклар мавжудлиги ва замонавий технологиялардан фойдаланилиши туфайли тирбандлик кузатилмайди.

Мезбонлар йўл учун ундириладиган бу маблағ республикадаги транспорт-коммуникация тизимини мунтазам янгилаб бориш, реконструкция қилиш ва сифатли сақлашга йўналтирилишини айтишди. Ҳар сафар йўлга чиққанида тўловни амалга оширган ҳайдовчи албатта, йўлнинг ҳаракатланиш учун қулай бўлишини талаб қилади, энг муҳими, унинг бузилишига йўл қўймайди.

Умуман, Тожикистон Республикаси ҳудудининг 93 фоизини тоғлар ташкил этиши ва бу жойлардаги йўллардан нафақат мамлакат аҳолиси, балки халқаро транзит иштирокчилари ҳам фойдаланишини ҳисобга олсак, йўлларни сифатли сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилишини англаш қийин эмас.

 

МЕҲР – КЎЗДА, ШИРИН СЎЗДА

Истаравшан шаҳрига киришда машиналаримиз карвони йўл бўйида байрамона либосда кийинган кишилар олдида тўхтади. Карнай-сурнай садолари янгради. Миллий либосдаги қизлар самарқандлик меҳмонларга нон ва ширинликлар, гуллар билан пешвоз чиқди.

Гуруҳимиз “Саразм”да тантанали кутиб олингани учун биз бошқа жойларда бундай маросимлар ўтказилишини кутмаган эдик. Лекин бу юртга сафаримиз давомида Истаравшан, Хўжанд, Гулистон, Панжикент шаҳарларида ҳам ана шундай самимий муносабат, юксак меҳмондўстликка гувоҳ бўлдик.

Ушбу шаҳарлар маъмурияти раҳбарлари билан бирга юзлаб одамлар кўчага чиқиб, самарқандлик 20 нафар меҳмонга, мезбонлар тили билан айтганда, ўз яқин қўшнилари, биродарларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатди. Бағрини очиб кўришди, кўзларда севинч ёшлари қалқиди.

Уч кун мобайнида зиёрат мақсадида ёки танишиш учун Истаравшандаги Муғ қалъаси, Хўжанд шаҳридаги “Пайшанбе” бозори, Шайх Маслиҳаддин Бадеуддини Нури зиёратгоҳи, Камол Хўжандий мажмуаси, Бобожон Ғафуров туманидаги “Арбоб” маданият саройи, Панжикентдаги Лойиқ Шерали маърифий мажмуаси, Абу Абдулло Рудакий номидаги республика тарих ва ўлкашунослик музейи, шунингдек, бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, маҳаллаларга борганимизда ҳам ана шундай кўтаринки руҳда кутиб олишди, самимий тилаклар билдиришди.

– Давлатларимиз ўртасидаги чегараларнинг очилишини икки халқ интиқ кутгани ана шу учрашувларда ҳам яққол намоён бўлмоқда, – дейди Истаравшан шаҳридаги “Карвони умед” газетаси бош муҳаррири Сайфулло Маҳкамов. – Бу мамлакатларимиз раҳбарларининг халқпарвар сиёсатлари, бир-бирига самимий муносабатлари натижаси, деб биламиз. Чегаралардан ўтишдаги янги тартиблар, икки давлат фуқароларига берилган енгилликлар туфайли минглаб юртдошларимиз Ўзбекистондаги яқинлариникига бориб келяпти, муқаддас масканларни зиёрат қиляпти. Самарқандлик дўстларимизнинг бугунги ташрифидан ҳам бошимиз кўкка етди.

У ерда азиз меҳмонларга пешвоз чиққанда нон ва ширинлик тутиш билан бирга, кўнгилдаги самимий тилакларни шеър билан ифодалашдек ажойиб анъана ҳам бор экан.

Самарқандлик меҳмонлар ҳам уч кун давомида ўзбек ва тожик тилларида янграган ана шундай каломларни бир неча бор эшитдилар.

– Хуш келибсиз, деган кўнгил гапини бу йигит-қизлар Рудакий, Навоий, Жомий ва бошқа улуғ мутафаккирлар шеърлари билан шундай чиройли ифода этдиларки, ижодкор сифатида бундан руҳландим, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова. – Ўзим ҳам уларга шу тарзда миннатдорлик изҳор этдим. Тожикистонда ижодкор дўстларим жуда кўп. Улар билан ширу шакар тарзида шеърлар битганмиз. Ҳамон ижодий ҳамкорлик қилиб турамиз. Яқинда бир гуруҳ дўстларимиз Самарқандга ташриф буюрганида ҳазрат Алишер Навоий ва мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойида мушоира қилган эдик. Бу мушоира бугун Хўжандда, Панжикентда давом этди. Биз уларни яна Самарқандда кутамиз. Тожикистонга сафаримиз давомида тожик адабиётининг йирик намояндалари Абу Абдулло Рудакий, Камол Хўжандий, Шерали Лойиқ ҳайкаллари пойига гуллар қўйдик. Биз ишонамиз, ўзбек ва тожик адабиётининг бир неча асрлик азалий муштарак алоқалари бундан кейин ҳам бардавом бўлади.

Сафар давомида жойларда ўтказилган қабул маросимларида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари М.Восеев, Сўғд вилояти раиси ўринбосари Анвар Ёқубий Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари Президентлари ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, халқларимизнинг ўзаро яқинлиги мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Мезбонларга Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимликларининг эсдалик совғалари топширилди. Ўз навбатида, Сўғд вилояти ва Хўжанд шаҳри маъмуриятлари меҳмонларга ўз совғаларини тақдим этди.

Тадбирларда Самарқанд давлат университети ректори, профессор Р.Холмуродов, “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Б.Раҳмонов, Тожикистон халқ шоирлари Нурмуҳаммад Ниёзий, Фарзона Хўжандий ва бошқалар сўзга чиқиб, бу каби учрашувлар икки халқни бир-бирига яқинлаштириш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларига миннатдорлик билдирилди. Ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ўқилди.

Тожикистон халқ артистлари Ж.Набиев, Афзал Шоҳ ҳамда Самарқанддан борган меҳмонлар – Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти М.Мавлонов, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист А.Атоуллаев икки халқнинг миллий қўшиқларини ижро этди.

 

НАВРЎЗ – УМУМИЙ БАЙРАМИМИЗ

Вилоятимиз вакиллари 28 март куни кечқурун Панжикент шаҳридаги стадионда ўтказилган Наврўз байрами тантаналарида иштирок этди.

Маросимда қатнашган Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўз табрик сўзида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий, маданий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Тадбирда Ўзбекистондан ҳам меҳмонлар иштирок этаётганини айтиб, байрам билан табриклади.

Байрам дастурида тожик миллий куй-қўшиқлари, фольклор ашулалари билан бирга, ўзбек мумтоз наволари янгради. Наврўз, баҳор билан боғлиқ миллий урф-одат ва маросимлар, халқ ўйинлари намойиш этилди. Уларни томоша қила туриб, ўзбек ва тожик халқларининг анъана ва қадриятлари, маросимлари ҳам муштарак эканига яна бир бор амин бўлдик.

Байрам тантаналаридан сўнг Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Самарқанд вилояти вакиллари билан учрашиб, байрам билан табриклади. Ўзбекистон Президенти ва халқига ўзининг самимий тилакларини изҳор этди. Наврўз Марказий Осиё халқларининг умумий миллий байрами экани, бундай маросимларни биргаликда нишонлаш халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришини таъкидлади.

Сўғд вилоятига уч кунлик сафаримизни якунлаб, юртимизга қайтар эканмиз, қўшниларимизни Ўзбекистонга таклиф қилдик. Хайр демадик, Самарқандда кўришгунча деб, “Саразм”дан “Жартепа”га ўтдик.

 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири

 

Самарқанд – Хўжанд – Самарқанд.


Охирги ўзгариш: 03/04/2018 09:20.   Кўрилганлиги: 1003
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/dostu-qardoshdir-azaldan-ozbegim-tojik-bilan

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.