ДЎСТЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК ИФОДАСИ

1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бугун нафақат халқимиз, балки хорижлик машҳур санъаткорлар ҳам орзиқиб кутадиган нуфузли маданий тадбирга айланиб улгурди, десак, янглишмаймиз. Буни қатнашчилар сони ва географияси йил сайин кенгайиб бораётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Бинобарин, илк бор ўтказилган мазкур тадбирда 31 мамлакат вакиллари иштирок этган бўлса, 2013 йили 56 давлатдан меҳмонлар ташриф буюрди. Ўнинчи бор ташкил қилинаётган бу галги фестивалда эса 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашиш истагини билдирган. Маврикий, Бутан, Коста-Рика, Мали, Перу ва Эквадор каби давлатлар вакиллари биринчи марта келиши кутилмоқда.

- Жорий йилда фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзуида илмий-назарий конференция ўтказилади, - дейди мазкур анжуман раҳбари, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Рустамбек Абдуллаев. - Конференциянинг мақсади - Шарқ анъанавий мусиқаси ривожланиши босқичларини ҳар томонлама ўрганиш, қадимий тамаддуннинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини кўрсатишдир. Унда хорижий давлатлардан кўплаб олимлар иштирок этади.

“Шарқ тароналари” дунё халқлари маданиятини бирлаштирмоқда, санъаткорларнинг ўзаро тажриба алмашишига шароит яратаётир. Энг муҳими, у халқлар ўртасида дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Чунончи, фестиваль турли халқларнинг миллий қўшиқлари янграйдиган, жаҳоннинг таниқли санъаткорларини чорлайдиган нуфузли шодиёнадир.

Аҳамиятли томони шундаки, бундаги хонишлар қайси тилда янграшидан қатъи назар, уларда Ватан, инсонийлик, муҳаббат, тинчлик тараннум этилади. Зеро, айнан шундай эзгу ғоялари билан “Шарқ тароналари” ўтган даврда дунё санъат аҳли меҳрига сазовор бўлди. Бугунги кунга келиб, фестивалнинг жаҳондаги нуфузи янада ошди. Самарқандда нафақат Шарқ, балки дунё тароналари янграй бошлади. Мазкур нуфузли тадбир ЮНЕСКО томонидан тан олинди ва унинг шафелигида ўтказиб келинмоқда.

Фестивални ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда уюштириш мақсадида республика ташкилий қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан белгиланган зарур чора-тадбирларга мувофиқ, ҳозиргача асосий ишлар бажарилди. Хусусан, Регистон ансамблидаги очилиш маросими ва кўрик-танловлар ўтадиган саҳна қурилиши бир қанча жиҳатлари билан аввалгиларидан фарқ қилади. Саҳна кенгайтирилган бўлиб, Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасалари билан боғланади.

Саҳнани ёритиш ҳам бутунлай янгича тизимга ўтказилади. Бу борада германиялик мутахассислар билан яқиндан ҳамкорлик қилинди. Фестиваль олдидан Улуғбек ва Тиллакори мадрасаларида реставрация, Шердорда мукаммал реставрация ишларига киришилгани ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, илгари томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатишда анчагина мураккаб жараёнларни амалга оширишга тўғри келарди. Эндиликда майдонда мармардан барпо этилган қулай амфитеатр юзага келди.

Айни кунларда унинг очилиш маросимига тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. Республикамизнинг турли ҳудудларидан 130 нафардан ортиқ раққосалар таклиф қилинган. Қолаверса, очилиш маросимидаги театрлаштирилган томошаларда буюк алломаларимиз сиймолари акс эттириладики, бу хорижлик меҳмонлар қалбида буюк ўтмишимиз, бой қадриятларимизга ҳурмат туйғусини уйғотишга хизмат қилади.

“Ер юзининг сайқали” дея таърифланадиган Самарқандда сайёҳлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган 60 дан зиёд фирмалар ва 90 га яқин меҳмонхоналар ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатади. Анжуман иштирокчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Улуғбек мадрасаси, музейларда “Шарқ тароналари”га оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилиши режалаштирилган. Бинобарин, тадбир қатнашчиларининг туманларда бўлиб, истироҳат боғларида, мусиқа ва санъат мактабларида ўз дастурларини намойиш қилишлари, ёш ижодкорларга маҳорат сабоқлари ўтишлари учун зарур шароитлар яратилаяпти.

Албатта, буларнинг барчаси “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалининг ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтишини таъминлаши, шубҳасиз.

Мамадиёр Зиёдинов


Охирги ўзгариш: 06/08/2015 19:38.   Кўрилганлиги: 550

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг