Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ДЎКОНЛАРДАГИ ЧАЛАСАВОД ЁЗУВЛАР ДАВЛАТ ТИЛИГА БЎЛГАН ҲУРМАТСИЗЛИК ЭМАСМИ?!

ДЎКОНЛАРДАГИ ЧАЛАСАВОД ЁЗУВЛАР ДАВЛАТ ТИЛИГА БЎЛГАН ҲУРМАТСИЗЛИК ЭМАСМИ?!

“Оқдарё овози” газетасининг жорий йил 24 январдаги сонида эълон қилинган “Давлат тилига эътибор шуми?!” деб номланган мақола кўпчиликни эътиборини тортган эди.

 Газета веб-сайтида ушбу мақолага кўпгина муштарийлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилган эди. Минг афсуски, мақолада қайд этилган камчиликлар орадан роппа-роса олти ой муддат ўтган бўлсада, ҳамон “Эски ҳаммом, эски тос” қабилида, бартараф этилмаган. Ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.

Мақолада эълон қилинган Оқдарё тумани маркази Амир Темур шоҳ кўчасида жойлашган бир қатор савдо шахобчалари, ошхона ва ресторан ҳамда айрим ташкилот-муассаса пештоқларидаги ёзувлар, реклама, эълонларидаги йўл қўйилган хато-камчиликлар ҳамон эски ҳолатида қолган. Ҳеч ким пештоқларда ёзилган ёзувлардаги хатоларни тўғрилаш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаганлиги ачинарли ҳолдир.

Яқинда мутахассислар танқидий мақолада қайд этилган савдо объектларининг айримларида бўлишиб, ҳолатни ўрганишганида ҳеч қайси дўкондор ёки туман мутасаддилари ёзувларни ўзгартириш тўғрисида кўрсатма бермаганлиги маълум бўлган.

Туман ҳокими ўринбосарлари, туман халқ таълими бўлими, туман маънавият бўлими мутасаддилари бу масалага эътибор бермаётганлиги кўпчиликда саволлар пайдо бўлишига замин яратмоқда?

Туман марказий кўчаларида жойлашган турли хил тадбиркорлик дўконлари пештоқларидаги кундан-кунга кўпайиб бораётган чаласавод ёзувлар, кишининг ғашига тегадиган реклама ва эълонларга қачонгача тоқат қилиш мумкин? Уларни ким назорат қилади? Ахир  бу каби саводсизликларни ўз кўзи билан кўрган ёш авлод олдида нима деб жавоб бериш мумкин? Ахир бу она тилимизга, маънавиятимизга бўлган ҳурматсизлик эмасми? Ана шу дўконлар атрофидаги тартибсизликлар, антисанитария ҳолатига эса алоҳида тўхталиб ўтиш вақти келмадимикан? Туман юзи бўлган марказий кўчалар ва маҳаллалардаги ёзувлардаги бу каби хато ва камчиликларни таг-томири билан йўқ қилишда маҳалла фаоллари, тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиши зарурлигини эслатиб ўтишни лозим деб ҳисоблаймиз. Туман мутасаддиларининг бу борада белгилаган аниқ чора-тадбирлари ва амалга оширган амалий ишлари ҳақидаги жавобларини кутиб қоламиз.


Киритилган вақти: 22/06/2019 22:19.   Кўрилганлиги: 673
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/dokonlardagi-chalasavod-yozuvlar-davlat-tiliga-bolgan-hurmatsizlik-emasmi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 9

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.