Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ДИЁРИМИЗ ШУҲРАТИНИ УЛУҒЛАЁТГАН ДИЁРА

ДИЁРИМИЗ ШУҲРАТИНИ УЛУҒЛАЁТГАН ДИЁРА

Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги қарорига кўра Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган истеъдодли қизлар орасида Самарқанд вилояти Пастдарғом политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Диёра Келдиёрова ҳам бор.

Диёранинг ота-онаси спортчи эмас – Бахтиёр ака Жума пахта заводида меҳнат қилади. Дилором опа мактабгача таълим муассасасида тарбиячи. Оиланинг тўнғич фарзанди болалигидан спортга ҳавас қўйди.

– Турмуш ўртоғимнинг тоғалари катта полвон ўтишган, – дейди Диёранинг онаси Дилором Шарипова. – Шунинг учун бўлса керак қайнонам набираларим орасидан ҳам катта спортчилар чиқса, деб орзу қиларди. Диёра болалигидан спорт машқларини иштиёқ билан бажаришини кўриб, шу қизим чемпион бўлади, дерди. Ўзим ҳам болалигимда спортга қизиқсам-да, шароит бўлмагани туфайли тўгаракка қатнаша олмаганман. Шу боис қайнонамнинг гаплари ва ўзимнинг армонларим сабаб бўлиб, Диёрани олти ёшида спорт тўгарагига берганмиз. Кўп ўтмай у туман биринчилиги ғолиби бўлди. Кейин вилоят миқёсидаги мусобақаларда қатнаша бошлади. Мактабга борганидан сўнг ҳам спортни ташлаб қўймади. Тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида, сўнгра Самарқанд олий спорт маҳорати мактабида мураббия Хуршида Холиқова раҳбарлигида дзюдо билан жиддий шуғулланди.

Диёра 2013 йилда – 15 ёшида дзюдо бўйича мамлакат чемпиони бўлди ва Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Осиё ўйинларида бронза медаль билан тақдирланди. 2014 йил Россиянинг Тверь шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон кубогида дунёнинг 97 мамлакатидан келган спортчилар орасида бронза медалини қўлга киритди. 2015 йили Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Диёра Келдиёрова олтин медални қўлга киритиб, мамлакатимиз хотин-қиз дзюдочилари орасида илк жаҳон чемпиони бўлди.

– Ўтган йили август ойида Диёра Сараевода ўтказилган жаҳон чемпионатида чемпион бўлиб келгач, Самарқанд шаҳрида уни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди ва тадбирга бизни ҳам таклиф этишди, – дея давом этади онаси. – Бунчалик катта тантана бўлишини кутмаган эдик. Вилоят ва туман раҳбарлари, спорт мутасаддилари қизимиз ва унинг мураббийи қаторида бизга ҳам юксак ҳурмат-эътибор кўрсатди. Фарзандимиз туфайли кўрсатилган иззат-икромдан бошимиз кўкка етди. Ана шу хурсандчилик ва қувонч шукуҳи яқинда, баҳорнинг илк кунларида яна ўн чандон ошди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасидан қўнғироқ қилиб, Президентимиз қарори билан Диёра Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганини айтишганда, қулоқларимга ишонмадим. Кўзимдан беихтиёр севинч ёшлари оқди. Юртимиз ёшларига шунчалик кенг имконият ва шароитлар яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз. Диёра шу куни Тошкентга, мамлакат чемпионатига кетганди. Хушхабарни эшитишим билан мен ҳам пойтахтга йўл олдим. Яна қизим туфайли элнинг эътиборида бўлдим, раҳматлар эшитдим. Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган тантанали маросим ва бошқа тадбирларда қатнашиб, Тошкентдан бир олам таассурот билан қайтдик.

Дарвоқе, жорий йилнинг 4 март куни пойтахтимизда ўтказилган дзюдо бўйича навбатдаги мамлакат биринчилигида Диёра Келдиёрова барча рақибаларини доғда қолдириб, яна бир бор Ўзбекистон чемпиони бўлди. 5 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда Зулфия номидаги Давлат мукофотини кўксига тақди.

– Телевизорда ёки тадбирларда Зулфиячи қизларни, чемпион спортчиларни кўрсам, уларга чин дилдан ҳавас қилардим, – дейди Диёра Келдиёрова. – Ўзим ҳам шу қизлар каби муваффақиятларга эришиб, Ватанимиз шуҳратини юксалтириш, ота-онамни бахтиёр қилишни дилимга тугардим. Президентимизнинг биз, ёшларга бўлган меҳр-эътибори, билим ва иқтидоримизни намоён этиш учун яратилган имкониятлар туфайли кўнглимдаги орзуларим ушалмоқда. Спорт билан шуғулланиб, бир неча бор мамлакат чемпиони бўлдим, жаҳон биринчилигидаги ғалабам шарафига Ўзбекистонимиз байроғи баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Албатта, бу натижалар мен учун ҳали охирги марра эмас. Келгусида халқаро турнирлар, Олимпиада мусобақаларида ғолиб бўлиш, Ўзбекистонимиз шарафини янада улуғлашга ҳисса қўшишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Бизни ўз бағрида авайлаб улғайтирган Ватан, ёшларга шундай шароитлар яратиб бераётган Президентимиз ишончини оқлаш фарзандлик бурчимдир.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 12/03/2016 18:10.   Кўрилганлиги: 957
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/diyorimiz-shuhratini-uluglayotgan-diyora

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг