Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ДИЛЛАРНИ ДИЛЛАРГА БОҒЛОВЧИ ФЕСТИВАЛЬ

ДИЛЛАРНИ ДИЛЛАРГА БОҒЛОВЧИ ФЕСТИВАЛЬ

Президентимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантириш, дўстлик ва тинчлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Умуминсоний қадриятлар, юксак маънавият ва миллий анъаналарни ўзида мужассам этган ушбу халқаро мусиқа байрамига қорақалпоғистонлик санъаткорлар ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Бу ҳақда ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрининг бош дирижёри Қурбонбой ЗАРЕТДИНОВ билан суҳбатлашди.

– Юртбошимиз ташаббуси билан 1997 йилдан буён икки йилда бир ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали мамлакатимиз мусиқа санъатини ривожлантириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ушбу тадбир дунёнинг турли мамлакатларидан келган санъаткорларга ўз халқининг мусиқа санъати ютуқларини жаҳонга танитиш, ўзининг ижрочилик маҳоратини намойиш этиш, ўрганиш, тажриба алмашиш имконини бермоқда.

Фестивалда 1999 йили “Мийрас” номли кичик бир фольклор ансамбли таркибида қорақалпоқ миллий чолғу асбобларида бахшичилик йўналишида иштирок этдик. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Роза Қутекеева, Қорақалпоғистон халқ бахшиси Турғанбой Қурбанов, жиров Бахтиёр Есемуратов, созанда Қайрат Ўтемуратов ижросидаги куй-қўшиқларимиз томошабинлар олқишига сазовор бўлиб, танловнинг “Энг яхши миллий либос” номинацияси ғолиблигига эришган эдик.

“Шарқ тароналари” фестивалида 2003 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг “Мерос” фольклор-этнографик ансамбли ижросида “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” достонидан парча билан қатнашдик. Санъатимиз ҳайъат аъзолари томонидан юқори баҳоланиб, танловнинг “Офарин” мукофоти билан тақдирлангандик.

Санъаткор сифатида фестивалдан ҳар гал бирор-бир янгилик излайман, Шарқ халқлари мусиқа санъатидаги жуда кўп ўхшаш томонларни ўзим учун кашф этаман. Хусусан, Япония, Вьетнам мамлакатлари, шунингдек, тува ва бурят халқларининг чолғу асбоблари бизнинг миллий қўбизимизга жуда ўхшаб кетиши мени ҳайратга солади. Улардан таралаётган оҳанглар ҳам бир-бирига жуда яқин.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий анжуманларда турли давлатлардан келган мусиқашунос олимларнинг маърузаларида аслида барча халқлар мусиқаси бир-бирига яқинлиги, ўзаро таъсири ҳақида асосли маълумотлар келтирилади, мусиқа санъати тарихига оид қимматли фикрлар билдирилади.

Қорақалпоқ санъаткорлари ушбу нуфузли халқаро фестивалнинг тантанали очилиш маросимида мунтазам иштирок этиб келмоқда. “Айқулаш” қорақалпоқ миллий халқ рақс ансамбли, “Аму тўлқини” миллий фольклор ансамбли, “Гулзор” фольклор-рақс ансамбли ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар мусиқа билимдонлари жам бўлган Регистон майдонига йиғилган томошабинларни бефарқ қолдирмайди.

Бу йил ҳам халқаро мусиқа фестивалига қизғин тараддуд кўрилмоқда.

“Шарқ тароналари” мамлакатимиз мусиқа санъатини, маданиятимизни кенг тарғиб қилиш ва юксалтириш, маънавиятимизни янада бойитишдек эзгу ишга хизмат қилмоқда. Бундай нуфузли мусиқа анжуманида иштирок этиш ҳар бир санъаткор учун шараф, айни вақтда катта масъулиятдир.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 27/06/2015 19:53.   Кўрилганлиги: 483
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/dillarni-dillarga-boglovchi-festival

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг