ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВЧИЛАР ҲУЗУРИДА

Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларида аҳоли билан учрашувлари ўтказилмоқда.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари – А.Шодмонов, Р.Қобилов, М.Муҳаммадиев, Т.Эшназаровнинг Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Ургут, Пастдарғом туманларидаги учрашувларида асосий эътибор жорий йилнинг 22 июнь куни Президентимиз Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си ЦзиньпиннингЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриши ҳамда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқининг мазмун-моҳиятини ўрганишга қаратилди.

– Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бўлиб, икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда, – дейди А.Шодмонов. – Бугунги кунда ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган корхоналаримиз сони 650 дан ортиқни ташкил этади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси охирги 7 йилда 4,5 баробарга ортиб, 4,1 миллиард долларга етди. Мажлисда икки давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантириш, парламентлараро алоқаларни такомиллаштириш юзасидан ўз фикрларини баён этдилар.

Жумладан, Хитой томонидан тақдим этилаётган Европа ва Осиёни боғловчи “Бир поезд – бир йўл” лойиҳасининг амалга оширилиши қадимий Буюк Ипак йўлини тиклаш ва транспорт-коммуникация тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари – М.Ғафурова, С.Намозов, А.Пардаевнинг Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Нарпай туманларидаги сайловчилари билан мулоқотларида Президентимизнинг 2016 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкент саммитида кўрилган масалалар, Хитой Халқ Республикаси Раисининг юртимизга ташрифи ҳамда Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг очилиши ҳақида сўз юритилди.

Депутатлар 2016 йил мамлакатимиз тарихида зарҳал ҳарфлар билан битиладиган воқеалар, муҳим саналарга бой ўтаётгани, шаҳар ва қишлоқларимизда энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан кенг кўламда қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, бу саъй-ҳаракатлар давлатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Учрашувларда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолияти, қонунларни ишлаб чиқиш механизми ва қабул қилиш жараёнлари, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ва ҳудудий дастурлар ижроси, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлиги таъминлаш, фермер хўжаликларининг экспорт амалиёти каби масалалар юзасидан маълумотлар берилди.

Тадбирлар давомида сайловчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга депутатлардан жавоблар олдилар.


Охирги ўзгариш: 30/06/2016 19:40.   Кўрилганлиги: 443

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг