ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВЧИЛАР ҲУЗУРИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси регламентига мувофиқ, депутатлар ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан мулоқот ўтказмоқда. 

Учрашувлар давомида ЎзМТДП, “Адолат” СДП, ХДП ҳамда ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан сайловчиларга ахборот беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари изланиб, бу борада сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланаётир.

Самарқанд шаҳридаги 1-сон оилавий поликлиникада 50-Регистон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Марҳабо Ғафурова ўз сайловчилари билан учрашди.

Депутат давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори репродуктив саломатликни янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида янги имкониятлар эшигини очгани ҳақида тўхталди. Хусусан, қарорда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида қатор долзарб вазифалар белгилангани тўғрисида гапириб берди.

Учрашувда жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

***

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари Рустам Қобилов, Тўлқин Эшназаров, Адҳам Шодмонов ва Меҳриддин Муҳаммадиев Каттақўрғон, Пастдарғом, Ургут туманлари ҳамда Самарқанд шаҳрида сайловчилар билан учрашди.

Тадбирларда Президентимизнинг йил якунларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида билдирилган фикрлар ҳақида сўз юритилди. Маърузада белгиланган вазифаларни амалга ошириш ислоҳотлар изчиллигини таъминлаб, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, коллеж битирувчиларига кредитлар ажратиш, коммунал хизматлардаги муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

***

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар Дилмурод Саъдуллаев, Ёқуб Умаров, Саҳобиддин Арзиқуловларнинг Иштихон, Пайариқ ва Булунғур туманларидаги сайловчилар билан учрашувида маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлаш, бозорларда тўлов терминалларини жорий этиш, коллеж битирувчилари билан тузиладиган тўрт томонлама шартномаларнинг ижроси каби масалалар муҳокама қилинди.

Депутатлар мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб тиббиётга оид қонун ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва унинг афзалликлари тўғрисида мулоҳазалар билдирдилар.

Сайловчилар нафақат ижтимоий-маиший масалалар, балки мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсати, тинчликни асрашга қаратилган чора-тадбирлар, бунёдкорлик ишларининг истиқболли режалари, давлат бюджети кўрсаткичлари билан ҳам қизиқишди.

***

Пастдарғом автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи ҳамда Самарқанд туманидаги 12-умумтаълим мактабида “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси, депутат Ш.Полвонов сайловчиларга қонунчиликда бўлаётган янгиликлар, иш фаолияти юзасидан маълумотлар берди. Уй-жой қурилиши, маҳалла ёшларини спортга кенг жалб қилиш, қишлоқ врачлик пунктлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолини тоза ва сифатли ичимлик сув билан таъминлаш борасида сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Ғайрат Сатторов, Бектош Шодиев, Бўрибой Бўронов


Киритилган вақти: 29/03/2016 18:26.   Кўрилганлиги: 512

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг