Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Давлат хизматига танлов асосида ишга қабул қилинади

Давлат хизматига танлов асосида ишга қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майда “Давлат бошқаруви соҳасидаги коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, шунингдек, филиал томонидан ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.  

Қарорнинг 8-бандига кўра кадрлар билан ишлаш йўналишидаги бюрократик тўсиқларни, коррупциявий хавф-хатарлар ва инсон омилини қисқартиришга қаратилган автоматлаштирилган тизимни 2023 йил 1 январга қадар жорий этиш, хусусан, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда амалга ошириш белгиланган.

– Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири вакант лавозимларга очиқ мустақил танловлар ўтказиш бўлиб, ушбу тизим бугунги кунда тўлиқ автоматлаштирилмоқда, – деди агентлик Самарқанд вилояти филиали раҳбари Х.Назаров. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларда ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратиш мақсадида Агентлик томонидан Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишлаб чиқилди. Ушбу портал давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимларни эгаллаш учун очиқ мустақил танловларни ташкил этиш бўйича ягона электрон тизим бўлиб, интернет тармоғида “бир дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатади.

Порталдаги давлат органларининг вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштирилади ва номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш фақат электрон тарзда амалга оширилади. 

Портал орқали жорий йилнинг 12 май ҳолатида республиканинг 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралари ҳамда барча туман (шаҳар) ҳокимликларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 66 740 та танлов эълон қилиниб, ушбу вакант лавозимларга жами 791 888 нафар номзод томонидан ҳужжат топширилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп танловлар Самарқанд вилоятида ўтказилган бўлиб, 7589 тани ташкил қилади. 

Шундан 6507 тасида танловлар якунланган. Якунига етган танловлар бўйича 3328 нафар малакали номзодлар давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинди. Уларнинг 1352 нафари хотин-қизлардан иборат. Ҳозирги кунда 66 та лавозим бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши давом этмоқда. Вилоят бўйича 42 та бошқармалар ва уларнинг қуйи таркибий тузилмалари ҳамда 17 та ҳокимлик танловлар тизимига уланган. 

Агентлик филиали томонидан ташкилотларда ўтказилаётган очиқ танловлар жараёнлари мунтазам мониторинг қилиб борилади, мониторинг натижасида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича ташкилот раҳбарларига тегишли равишда тақдимномалар киритиб борилмоқда.

Эндиликда vacancy.argos.uz платформаси ЯММТ билан тўлиқ интеграция қилинганлиги сабабли ташкилотда мавжуд вакант штат бирлиги автоматик равишда очиқ мустақил танлов тизимида эълон қилинади, яъни, ташкилот раҳбарлари ўзларида мавжуд вакант лавозимларни яшириш имкониятига эга эмас. Бу ҳам тизимда инсон омилини камайтириш бўйича амалга оширилаётган асосий янгиликлардан биридир. Бундан ташқари давлат органлари ва ташкилотларида мавжуд вакант лавозимни ушбу платформа имкониятлари ёрдамида аввалгидек ойлар давомида эмас, балки белгиланган 20 кунлик муддат давомида муносиб кадр билан тўлдириш имконияти бор. Бунда ўша ташкилотда ойлаб бир лавозим вакант бўлиб туриш ҳолати бартараф этилмоқда.

Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари, анжуманни онлайн кузатиб борган фуқаролар қарор мазмун-моҳияти, шунингдек, филиал фаолияти, вакант лавозимларга ўтказилаётган очиқ танловларга доир бўлган ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА


Киритилган вақти: 14/05/2022 13:32.   Кўрилганлиги: 87
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/davlat-xizmatiga-tanlov-asosida-ishga-qabul-qilinadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.