Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИ – 1 СЎМ

ДАВЛАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИ – 1 СЎМ

Мамлакатимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестициялар киритиш учун қулай шарт-шароит яратиш борасида талай ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 11 октябрдаги "Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони соҳа ривожидаги муҳим ҳужжат бўлди.

Фармонда келтирилган давлат мулки объектларини тадбиркорларга бериш тартибларида қандай ўзгаришлар бўлди, аукционга қўйиладиган кўчмас мулк объектларига эгалик қилиш учун тадбиркорлар қандай шарт ва мажбуриятларни бажаришлари талаб этилади? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Fафуровга мурожаат қилдик.

– Фармон асосида 2019 йилнинг 1 апрелига қадар давлат объектлари ва ерларга бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бў­йича эксперимент ўтказилади, – дейди А.ўафуров. – Шунингдек, энди вилоят ҳокимлари бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини баҳоламай туриб, 1 сўм қийматдаги бошлан­ғич нархда "E-IJRO AUKSION" ор­қали, инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда сотиш ваколатига эга бўлди.

Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, бунда Президент, Вазирлар Маҳкамаси ёки ҳокимият қарорлари асосида аввал савдога чиқарилган давлат мулки объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан – 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх билан "E-IJRO AUKSION" орқали сотилади. Бошқа кўчмас мулк объектлари эса қайта баҳоланмайди, улар аукцион ўтказиш кунидаги нарх бўйича "E-IJRO AUKSION"да сотилади.

– Кўчмас мулкка эгалик қилиш учун тадбиркордан нима талаб этилади?

– Тадбиркордан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар талаб этилади. Инвестиция мажбуриятига ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хомашё ва материаллар, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисм­лар ва бутловчи буюмлар етказиш, таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш талаб этилади. Шунингдек, ишлаб чиқаришни ре­конструкция қилиш, сотиб олинган объектнинг давлат бюджети олдидаги қарзларини, кредитлар ва бошқа мажбуриятларни тўлиқ ёки қисман тўлаш, маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг муайян турини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва ҳоказолар киради. Ижтимоий мажбуриятлар эса аксинча, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган ноу-хауни, интеллектуал мулкнинг бошқа турларини жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш, ишлаб чиқариш объектининг аввалги фаолият соҳасини сақлаб қолиш ва қўшимча янги иш ўринлари яратишдан иборат бўлиши мумкин.

– Фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари аукционсиз ҳам берилиши мумкинми?

– Фармонга кўра, фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотишни жадаллаштириш мақсадида вилоят ҳокимига ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашига ўз ваколатлари доирасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали ин­вестициявий (камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида) ва ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объ­ектларини сотиш тўғрисида (халқ депутатлари вилоят Кенгашида кўриб чиқиб, тасдиқлаган ҳолда) қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилди.

– Мулкни хусусийлаштириш жараёни қандай кечади?

– Қонун ҳужжатларида давлат кўчмас мулк объектлари учун хусусийлаштириш комиссияси ишининг умумий муддати у ташкил этилган пайтдан бошлаб 2 ой этиб белгиланган бўлиб, эксперимент даврида ушбу муддат 20 кундан ошмайди. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, давлат кўчмас мулк объекти бўйича олди-сотди шартномаларини тузиш савдо натижаларидан сўнг 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилиши белгиланган бўлса, ушбу муддат эндиликда 10 кунни ташкил қилади.

Фармонда белгиланган тартибга кўра, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери эса сотиб олиш тў­ловлари ва пеня тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб 5 кун ичида берилади.

Тадбиркорларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида эксперимент даврида давлат мулки объектларини хусусийлаштиришга буюртманома берганлик учун ундириладиган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдоридаги йиғим ҳамда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини берганлик учун давлат божини ундириш бекор қилинди.

– Бугунги кунда вилоятда ушбу йўналишда қандай ишлар амалга оширилди?

– Самарқанд вилояти ҳокимининг 2018 йил 16 октябрдаги "Давлат кўчмас мулк объектларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини белгиланган ҳолда "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасига чиқариш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, вилоят ҳудудида жойлашган фойдаланилмасдан бўш турган жами 21 та, шундан 18 та давлат кўчмас мулк объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар эвазига 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда ҳамда 3 та давлат активлари савдоларда шаклланган нарх­да "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончаси орқали аукцион савдоларига чиқарилди.

Бундай объектларни хусусий мулк эгалигига берилиши натижасида 11,95 миллиард сўм инвестиция киритилиши ва 225 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.

 


Охирги ўзгариш: 07/11/2018 21:39.   Кўрилганлиги: 84
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/davlat-mulki-obekti-1-som

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг