
Президентимизнинг 2017 йил 28 декабрдаги “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили”да 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинди.
Дастур лойиҳаси 237 банддан иборат бўлиб, Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида келтирилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.
Дастур лойиҳасининг биринчи йўналиши ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИга оид ислоҳотларни ўз ичига олади.
Жумладан, унда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш соҳасида қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувни назарда тутадиган Қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
2-бандда сайлов тўғрисидаги 6 та қонун ва бир қатор қонун ҳужжатларини яхлит бир ҳужжат шаклига келтириш ҳамда сайлов жараёнига нисбатан ягона шаффоф ва самарали ёндашув белгилаш мақсадида Сайлов кодексини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
5-бандда сайлов жараёнида “Электрон ҳукумат” тизимини фаол татбиқ этган ҳолда сайловчиларнинг турар (яшаш) манзиллари ягона базасини яратиш, бу борада кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, сайловчиларининг Ягона электрон рўйхати эксплуатация қилиш бўйича махсус ваколатли органни белгилаш назарда тутилмоқда.
Конституциямизнинг 40-моддасига мувофиқ ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиши мумкинлиги белгиланган. Фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқини давлат томонидан қўшимча кафолатлаш мақсадида Дастур лойиҳасининг 3-бандида соғлиқни сақлаш муассасалари устидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг назоратини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Барча сиёсий кучларга бир хил имконият бериш, сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамлаш мақсадида дастур лойиҳасининг 7-бандида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидан Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун белгиланган квотани бекор қилиш белгиланмоқда.
Дастур лойиҳасининг 10-бандида давлат хизмати тизимини ташкил этиш, давлат хизматчиларнининг ҳуқуқий мақоми, моддий ва ижтимоий таъминоти, давлат хизматига ишга ўтиш, хизматни ўташ ва хизматдан бўшаш тартиби ўзида белгиловчи “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
26-бандда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини такомиллаштириб унга аҳолига онлайн маслаҳат беришни назарда тутувчи қўшимча имкониятни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан фуқароларимизга 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш учун рухсат ёзуви стикерини расмийлаштириш тартиби бекор қилиниб, ҳорижга чиқиш учун алоҳида биометрик паспорти жорий этиш белгиланган эди.
Бу борада аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида 2018 йил 1 июлдан бошлаб миллий биометрик паспортни хорижга чиқиш паспорти сифатида эътироф этиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаш, ҳаракатланиш учун фуқаролик паспорти ўрнига шахсни тасдиқловчи ID – идентификация картасини жорий қилиш таклиф қилинмоқда.
Фуқароларимизнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқлари уларнинг конституциявий ҳуқуқлари сирасига киради. Шу мақсадда, дастур лойиҳасининг 28-бандида 2018 йил 1 апрелга қадар фуқароларимизнинг юқоридаги ҳуқуқларини кафолатловчи бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларида вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам бериш; меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш назарда тутилиши кутилмоқда.
Дастур лойиҳасининг Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш соҳасида бир қатор муҳим ислоҳотлар белгиланган.
Жумладан, лойиҳанинг 32-бандида Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги ва бошқа мутасадди давлат органлари томонидан Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида фуқаролар, ўқувчи ва талабаларнинг Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида монеликсиз иштирок этиш имкониятлари белгиланади.
Дастур лойиҳасининг 34-бандида жамоатчилик назорати фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Дастур лойиҳасининг иккинчи йўналиши ҳисобланган ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ИСЛОҲ ҚИЛИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИда бир қатор кечиктириб бўлмас ислоҳотлар белгиланмоқда.
Жумладан,
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш соҳасида:
Дастур лойиҳасининг 45-бандида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириши, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиши, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чоралари кўриш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш таклиф этилмоқда.
49-бандда суд тизими ходимларини тайёрлаш, малакасини оширишга хизмат қиладиган ихтисослаштирилган алоҳида ўқув муассасаси – Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш белгиланмоқда.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш борасида:
52-бандда “Хабеас корпус” институтини янада кенгайтириш доирасида суриштирув ва дастлабки тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Дастур лойиҳасининг 58-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида паспорт тизими қоидаларини соддалаштириш назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Жорий йилнинг 20 март кунига қадар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш; фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйганлик учун жавобгарликни енгиллаштириш; паспорт олиш, таълим олиш, меҳнат қилиш ва бошқа конституциявий ҳуқуқларни амалга оширишда прописка билан боғлиқ чекловларни бартараф қилиш назарда тутилади.
Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий процессуал қонунчиликни такомиллаштириш соҳасида:
Дастур лойиҳасининг 61-бандида жорий йилнинг 30 июнига қадар Жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш, жиноят содир этган шахсларни узоқ муддат давомида жиноий таъқиб қилиш муддатларини мақбуллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасида айрим турдаги жиноятлар таркибини декриминаллаштириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслиги назарда тутилади.
62-бандда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари мақомини белгилаш, уларнинг ваколат ва вазифалари чегарасини аниқ белгилаш ҳамда улар ўртасида “ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати”ни белгилаш мақсадида “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
63-бандда миллий хавфсизлик хизматининг вазифа ва функциялари, ҳуқуқий мақоми, ваколатлари, ушбу орган устидан парламент назоратининг механизмларини белгилаш мақсадида “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида қонуний манфаатларини янада кафолатлаш мақсадида, дастур лойиҳасининг 65-бандида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жиноят ишларини вилоят ва унга тенглаштирилган прокурор розилигига асосан қўзғатиш тартибини назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб таклиф қилинмоқда.
Эр-хотинлар, болалар, ота-оналар ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш тартиби ҳамда никоҳ-оила муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа муносабатларни тартибга солиш учун дастур лойиҳасининг 67-бандида “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш борасида:
Дастур лойиҳасининг 69-бандида ички ишлар органлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги фаолиятининг очиқ ва шаффоф механизмларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар дастурига мувофиқ ички ишлар органларининг йўл-патрул ва патрул-пост хизматлари ходимларини хизматни ўташи, уларни хизмат фаолияти давомида фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берувчи видеокамералар билан таъминлаш белгиланмоқда.
Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида:
Дастур лойиҳасининг 76-бандида Адвокатура тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мустақиллигини таъминлаш ва уларга солиқ имтиёзларини тақдим этишга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
77-бандда юриспруденция соҳасида йирик ва нуфузли хорижий олий таълим муассасаларини республикага жалб қилиш; юриспруденция мутахассислиги бўйича қабул квотасини ошириш; Тошкент давлат юридик университетининг ўқув-методик базасини кенгайтириш назарда тутувчи Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Дастур лойиҳасининг учинчи, яъни ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ бўйича
81-бандда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда инвестициялар ҳамда туристларни мамлакатимизга жалб қилишга кўмаклашиш элчилар фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаш; элчихоналарда савдо ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини жорий қилиш; элчихона ходимларини лавозимига қўйишда уларнинг иқтисодий билимларини синовдан ўтказиш кабилар белгилаш назарда тутилмоқда.
85-бандда тадбиркорлар эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, валюта операцияларини тартибга солишни соддалаштириш ҳамда валюта бозори фаолиятини янада такомиллаштириш ва эркинлаштириш каби муҳим вазифаларни белгиловчи “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
95 ва 97-бандларда Солиқ ва бохжона қонунчилигини такомиллаштириш концепцияларини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
102-бандда зиёрат туризмига мусулмон давлатлардан сайёҳларни кенг жалб қилишни назарда тутувчи “Тошкент–Самарқанд–Бухоро” йўналиши бўйича “Кичик ҳаж” концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
117-бандда замонавий тараққиётнинг муҳим шарти ва омили бўлган муҳим стратегик тармоқ миллий авиация ва аэрокосмик саноатни шакллантириш таклиф этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёзлар бериш мақсадида 128-бандда улар молиявий-хўжалик фаолиятини режа асосида текшириш бўйича икки йил муддатга мораторий жорий этиш белгиланмоқда.
133-бандда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус давлат органи (агентлик) ташкил этишни назарда тутувчи “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш белгиланмоқда
Дастур лойиҳасининг ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ деб номланувчи тўртинчи йўналишида аҳолининг муносиб турмуш тарзини кафолатловчи амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар ўрин олган.
Жумладан, дастур лойиҳасининг 143-бандида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш таклиф қилинмоқда.
147-бандда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талаблари ва халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ қилиш, шунингдек, “ногирон” тушунчаси ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” тушунчасидан фойдаланиш назарда тутилмоқда.
152-бандда касалликларни олдиндан аниқлаш, уларни масофадан профилактика қилиш имконини берувчи “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий маълумотлар маркази” концепцияларини тасдиқлаш белгиланмоқда.
169-бандда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг максимал даражада шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест синови натижаларини тест ўтказилган кунда эълон қилиш шартлиги белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
170-бандда олий таълим муассасаларига қабул квоталарини 2017/2018 ўқув йилига нисбатан камида 20 фоизга оширишни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.
201-бандида “Миллионлар ўйини” сифатида эътироф қилинадиган футбол спортини ривожлантириш, бу соҳасида юқори малакали тренер ва спортчиларни тайёрлаш, футбол клублари ва ҳомийларига солиқ ва бошқа имтиёзларни яратиш; футбол селекционерлиги (скаутинг) тизимини ривожлантириш, миллий терма жамоанинг Қатар мамлакатида 2022 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этишини таъминлаш учун чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш белгиланмоқда.
Дастур лойиҳасининг бешинчи – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича
205-бандда Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси янги таҳририни тасдиқлаш таклиф қилинмоқда.
2017 йилнинг 19 сентябрь куни Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “БМТнинг ёшлар ҳуқуқи бўйича” Конвенцияси, “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳамда Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавийва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир” резолюция лойиҳаларини ишлаб чиқиш тўғрисида таклифлар билдирган эди.
Давлат дастури лойиҳасининг 223, 224, 225-банларида юқорида таъкидланган ҳалқаро ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Жорий йилда муҳим ҳалқаро ҳужжат ҳисобланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланиши муносабати билан давлат дастури лойиҳасининг 226-бандида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё Форумини 2018 йил Самарқанд шаҳрида ўтказилиши билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар белгилаш таклиф қилинмоқда.
Мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада кенгайтириш ҳамда бой маданий меросимизни тарғиб қилиш мақсадида давлат дастурининг 237-бандида сайёҳлик мақсадида келаётган хорижий фуқаролар учун электрон визаларни жорий этиш орқали қулайликлар яратиш кўзда тутилмоқда.
Вилоят адлия бошқармаси юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш шўъбаси мудири
Шероз ШОДИЕВ тайёрлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 13
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.