Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

“ЧИҚИНДИГА ТЎЛГАН” ШАҲАРЧА ЁХУД ИШТИХОНДАГИ НОҚОНУНИЙ САВДО СОТИҚНИНГ АВЖ ОЛГАНИ ХУСУСИДА

“ЧИҚИНДИГА ТЎЛГАН” ШАҲАРЧА ЁХУД ИШТИХОНДАГИ НОҚОНУНИЙ САВДО СОТИҚНИНГ АВЖ ОЛГАНИ ХУСУСИДА

Мамлакатимиздаги шаҳар ва туман марказлари сингари Иштихон шаҳрининг қиёфаси ҳам ўзгармоқда.

Кўркам бинолар, шинам бозор ва дўконлар-у, намунали хизмат кўрсатишга интилаётган тадбиркорларга қараб бундан ўн-ўн беш йил аввалги ҳолатни унутасиз. Аммо, фақат бир ҳолат йиллардан йилларга “мерос” бўлиб қолаётир – у ҳам бўлса шаҳар кўчаларидаги ифлослик, сув ариқчалари тўла чиқинди ва улардан анқиб турган бадбўй ҳид!

Биз бу ҳақда биринчи марта ёзаётганимиз йўқ, дейди “Иштихон овози”. Аммо, яқинда ДСЭНМ санитария бўлими раҳбари А.Тоиров, туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти бошлиғи З.Эгамов, Жўра Маҳмудов ва Ғафур Ғулом МФЙ фаоллари ҳамроҳлигида шаҳар бўйлаб ўтказилган кузатувлар мавзуга яна қайтишимиз жоизлигини тақозо этди.

Аввало, шаҳримизнинг марказий йўли четида авж олган ноқонуний савдо ҳақида тўхталиш лозим. Транспорт воситалари ўта серқатнов бўлган йўл бўйлаб шахсий автомашиналарда қовун-тарвуз сотувчиларга бу тижорат қонунга хилоф эканлигини айтганимизда ажабланишди. Қизиғи шундаки, уларнинг қўлида бу тижорат учун бирорта рухсатнома йўқ, маҳсулотлар туман ветеринария санитария экспертиза лабораторияси назоратидан ҳам ўтказилмаган. Тўғри, айни пайтда мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилмоқда, улар учун барча имкониятлар эшиги кенг очилган. Лекин бу ҳеч кимга қоидаларни менсимаслик, қонун талабларига риоя этмаслик ҳуқуқини бермайди. Қолаверса, тижоратчилар орасида бугун ёзги таътил завқини суриши лозим бўлган ўқувчи ёшлар ҳам борлиги кишини ранжитади.

Йўл бўйидаги яхна сув, “морс” сотувчилар бизни кўриб ўзларини панага олишди. Чунки, аввало, бу “маҳсулот”ни сотиш мутлақо таъқиқланган. Қолаверса, мижозлар сув ичган стаканни челакдаги сувга шунчаки чайқаб иккинчи мижоз учун ишлатиш қандай оқибатга олиб келишини аслида уларнинг ўзлари яхши билишади-да! Иштихон туман марказий йўлининг Каттақўрғон туман кўчасига қайрилишида стол устига “сухари”, рангли ширинликлар, писта, тамаки маҳсулотларидан иборат аралаш молларни қўйиб савдо қилаётган тадбиркорлар сотилаётган нарсаларнинг иссиқ қуёш тиғида асл сифатини йўқотганини билсалар-да, биздан ранжишди. Уларнинг ёнгинасидаги ариқчалардан ҳам оқова сув аралаш чиқиндининг бадбўй ҳиди анқийди.

Маълум бўлишича, аслида бу ердан чиқиндини олиб чиқиб кетиш бўйича “Севинч” супермаркети билан “Тоза ҳудуд” ДУК ўртасида шартнома тузилган. Йўл бўйида жойлашган барча савдо дўконлари билан ҳам ана шундай шартномалар имзоланган бўлиши керак. Лекин шартнома шартлари бажарилмаяпти. Суҳбатлар давомида буни шу ерда музқаймоқ, салқин ичимлик сотаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам алоҳида таъкидлашди.

Бу ҳолатлар бўйича айбдорни қидириб топиш, ҳудудни қисқа вақт ичида тозалашнинг имкони бор. Аммо, муаммо бу билан ҳал бўлиб қолмайди. Ҳамма гап озодаликка доимий равишда риоя қилишда. Балки бунинг учун шу ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг масъуллари, тегишли ташкилотлар, профилактика инспекторлари билан биргаликда қатъий чоралар белгиланиши лозимдир. Чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаган фуқароларни огоҳлантириш, жаримага тортиш каби қоидаларни жорий этиш вақти етгандир, эҳтимол?

Негаки, шу ҳудудда ўзимиз яшаймиз, нафас оламиз, фарзандларимиз буни кўриб улғайишади. Демак, лоқайдлик, масъулиятсизлик ва маданиятсизлик каби иллатларни кейинги авлодларимизга юқтирмалигимиз учун ҳам қатъий қарорга келишимиз шарт!.


Киритилган вақти: 20/07/2019 08:53.   Кўрилганлиги: 461
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/chiqindiga-tolgan-shaharcha-yoxud-ishtixondagi-noqonuniy-savdo-sotiqning-avj-olgani-xususida

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.