Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

БУЮК АЛЛОМАЛАР КАМОЛГА ЕТГАН ЗАМИН

БУЮК АЛЛОМАЛАР КАМОЛГА ЕТГАН ЗАМИН

Буюк алломалар камолга етган замин Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Заминимизда туғилиб, камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси неча асрларки эътироф этилиб, чуқур тадқиқ этилмоқда. 

Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини халқаро жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг хизматлари беқиёс экани бизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ватанимиз мустақиллиги ҳар бир юртдошимизда ана шу фахр ва ифтихорни чин дилдан ҳис қилиш, мустабид тузум даврида ҳатто номини тилга олиш ҳам таъқиқланган, сўнгги манзилларига беписанд муносабатда бўлинган буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш имкониятини берди.

Самарқанд вилоятида ўтган йиллар давомида улуғ алломалар, юртимиз тарихи ва халқимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган буюк сиймолар номи билан боғлиқ ўнлаб муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар обод этилди. Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган ишлар айниқса эътиборлидир.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 29 апрелдаги “Имом ал-Бухорий таваллудининг ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ушбу ёдгорлик мажмуи Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли янгидан бунёд этилди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган уста ва ҳунармандларнинг меҳнати самарасида салобатли мақбара, улкан масжид, музей, маъмурий хоналар ва миллий услубдаги айвонлардан иборат мажмуа ниҳоятда қисқа муддат – саккиз ой мобайнида қуриб битказилди.

– 1998 йил 23 октябрь куни мажмуанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Юртбошимиз Ислом Каримов Имом Бухорий ҳазратлари нафақат ўзбек халқи, балки бутун мусулмон оламининг фахр-ифтихори эканини таъкидлаб, бу табаррук зотнинг ҳаёти том маънодаги илмий ва инсоний жасорат, букилмас ирода, сўнмас эътиқод тимсолидир, деди, – дейди Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси бошқарув кенгаши раиси Субҳон Аббосов. – Бугун бу мажмуа жамики мусулмон оламининг муқаддас қадамжоларидан бири сифатида дунёнинг турли мамлакатларидан келаётган зиёратчилар билан гавжум. Улар буюк муҳаддис мангу қўним топган масканни зиёрат қилиш билан бирга, унинг диний-маънавий меросидан баҳраманд бўлмоқда. Бу ердаги музейда сақланаётган ноёб китоб ва бошқа ашёлар ҳам меҳмонларнинг Имом Бухорий фаолиятига оид ҳамда мажмуа ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, мажмуа ва унинг атрофини обод қилиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Жумладан, 2013 йилда мажмуа ички ва ташқи ҳовлиларида таъмирлаш, ободонлаштириш юмушлари амалга оширилди. Йўлакларга табиий ва иқлим ўзгаришлари ҳисобга олиниб, замонавий плиткалар ётқазилди. Уч гектарлик ташқи ҳовлида ландшафт архитектурасига монанд майсазор ва гулзорлар барпо этилгач, мажмуа яна ҳам кўркамлашди. Катта ҳовуз ва рангли фаввора ҳудудда ҳаво мўътадиллигини сақлаш билан бирга, ўзгача чирой бахш этди. Мажмуа яқинида замонавий маҳалла маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Сайёҳларга замонавий сервис хизматлари кўрсатиш ишлари доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Президентимизнинг 2008 йил 23 майдаги “Имом Бухорий халқаро марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази буюк муҳаддиснинг улкан меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, имон-эътиқодини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айни пайтда бу ердаги ўқув курсларида юртимиздаги диний идоралар, масжидлар ходимлари билим ва малакаларини оширмоқда. Марказ қошида ташкил этилган ҳадисшунослик, манбашунослик бўлимлари ҳамда ахборот ресурс марказида фаолият кўрсатаётган илмий ходимлар юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ҳаёти ва меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, улардан халқимизни хабардор қилиш борасида самарали иш олиб бормоқда.

Ислом оламида “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлган Абу Мансур ал-Мотуридий қадамжосининг обод этилиши ҳам Президентимиз раҳнамолигида буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, шону шавкатини тиклаш билан боғлиқ ишларнинг юксак намунасидир.


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 2000 йилда юртимизда Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридагиЧокардиза қабристонида Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти олимлари томонидан қазилма ишлари олиб борилди. Тадқиқотлар натижасида Имом ал-Мотуридий қабри аниқланди ва бу ерда қисқа фурсатда салобатли мақбара бунёд этилди.


– Тарихий манбаларда Имом Мотуридий ҳазратларининг қабри Чокардиза қабристонида эканлиги ёзилган бўлса-да, собиқ тузум даврида бу ҳақда гапириш, ушбу йўналишда тадқиқот ишларини олиб боришни тасаввур ҳам этиб бўлмаган, – дейди Археология институти директори Амриддин Бердимуродов. – Шунинг учун қабристоннинг катта қисми уй-жойлар остида қолиб кетган. Аллома таваллудининг 1130 йиллигига тайёргарлик доирасида қабристон ва унинг атрофида кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Зиёратгоҳга олиб борадиган йўл кенгайтирилди. Қадамжо билан боғлиқ кўплаб ашёлар, тарихий манбалар ўрганилди ва бу борадаги ишлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Муҳими, кўп йиллар эътибордан четда қолиб кетган маскан бугун муқаддас зиёратгоҳлардан бири сифатида доим юртдошларимиз, хориждан келган сайёҳлар билан гавжум.

Мустақиллик туфайли Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуи, Бибихоним, Хўжа Аҳрори Валий, Руҳобод мақбаралари, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи ва бошқа обидаларнинг обод этилиши ҳам халқимизнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, буюк аждодларимиз номини улуғлаш, тарихни ўрганиш ва миллий ўзликни англашда муҳим омил бўлганини таъкидлаш лозим.


Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги арафасида Соҳибқирон ва темурийлар номи билан боғлиқ обида ва иншоотлар обод этилгани юртдошларимиз қалбини фахру ифтихорга тўлдирди.

– Амир Темур ва унинг фарзанду набиралари, устозлари дафн этилган мақбара, унинг атрофидаги аввалги манзарани катта авлод вакиллари яхши эслайди, – дейди Амир Темур мақбараси директори Амрилло Абдуллаев. – Зиёратгоҳ ҳовлисигача уй-жой, турли бинолар қурилган, узоқдан иншоотнинг фақат минора ва гумбазлари кўриниб турарди, холос. Собиқ тузум мафкурасини қарангки, муқаддас қадамжо яқинида умумий овқатланиш шохобчалари, ҳатто, спирт заводи қурилган эди. Руҳобод мақбараси ҳам ана шу бинолар орасида қолиб кетиб, ундан шу атрофдаги ишлаб чиқариш корхонасининг хомашё омбори сифатида фойдаланилган. Ана шундай манзараларни кўрган киши учун ушбу мажмуаларнинг бугунги кўриниши нақд мўъжиза. Президентимиз ташаббуси билан мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бу ерда босқичма-босқич бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бошланди. Соҳибқирон бобомиз таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан бу ишлар кенг кўламда давом этди. Регистон кўчасидан Амир Темур мақбарасигача бўлган ҳудуддаги бинолар бошқа жойларга кўчирилиб, кўркам хиёбон бунёд этилди. Мақбарада катта ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугун мажмуани зиёрат қилиш учун юртимиз ва дунёнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар бу ободлик, кўз қувнаб, кўнгил тўладиган манзаралар мустақиллик берган имконият, Президентимизнинг буюк аждодларимизга бўлган чексиз ҳурмати ва эҳтироми ифодаси эканлигини таъкидлайди.


Дарҳақиқат, ўтмишини, аждодларини унутган, тарихдан сабоқ чиқармаган халқнинг келажагини тасаввур қилиш қийин. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2014 йил май ойида Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция ҳам буюк аждодларимизга бўлган эҳтиромнинг яққол намунаси бўлган эди. Мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари “ўз тарихига, тўпланган тажрибага, дунёда энг катта бойлик саналган интеллектуал салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосини ташкил этади”, деб таъкидлади. Бу тарих, тажриба, интеллектуал салоҳият аввало аждодларнинг дунё цивилизациясида тутган ўрни, илмий мероси билан ўлчанади ва бу борада биз заминимизда камолга етган алломалар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шу билан бирга, уларга муносиб ворис бўлиш, эзгу ишларини давом эттириш масъулиятини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов


Охирги ўзгариш: 26/07/2016 07:33.   Кўрилганлиги: 1859
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/buyuk-allomalar-kamolga-etgan-zamin

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.