Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

БУЛУНҒУР ТУМАНИДА ИСЛОҲОТЛАР ЖАДАЛЛАШАДИ

БУЛУНҒУР ТУМАНИДА ИСЛОҲОТЛАР ЖАДАЛЛАШАДИ

Булунғур тумани географик жиҳатдан қулай жойлашуви, табиати, транспорт коммуникация тармоғидан фойдаланиш имконияти юқорилиги билан Самарқанд вилоятининг бошқа ҳудудларидан фарқ қилади. 

Ушбу туманда боғдорчилик, мева-сабзавот етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида ҳам бой тажриба тўпланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 майда қабул қилинган “Самарқанд вилоятининг Булунғур туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Туман фаоллари билан ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими З.Мирзаев мазкур қарорнинг асосий йўналишлари, унда белгиланган вазифалар, чора-тадбирларнинг амалга оширилиши Булунғурни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман маркази ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Мазкур қарор билан Булунғур туманини комплекс ривожлантиришнинг беш йўналиш бўйича манзилли дастури тасдиқланган.

Биринчи йўналишда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарлари, шунингдек қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини янгитдан барпо этиш, модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Бунда асосан туманда қатор йиллардан буён ишламасдан, бўш турган саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни қайтадан тиклаш ва йўлга қўйиш назарда тутилган. Шу мақсад учун умумий қиймати 57,7 млн. долларлик 69 та лойиҳа амалга оширилади.

Хизматлар соҳаси ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган иккинчи йўналиш бўйича 41,3 млрд. сўмлик 116 та лойиҳа бажарилиши белгиланган.

Муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал жойлаштириш йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Жумладан, туманнинг архитектура қиёфасини ўзгартириш бўйича 2016-2018 йиларда 52,8 млрд. сўмлик қурилиш, таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилган.

Хусусан, туман марказидаги истироҳат боғида замонавий аттракционлари ўрнатиш, сунъий кўл барпо этиш, 400 ўринли янги бозор қуриш, “Оқтепа” бозорини реконструкция қилиш, 3 та кўпқаватли уй-жой қуриш, 12 та кўпқаватли уйларни мукаммал таъмирлаш, 24 та бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, 115 та намунавий уйлар қуриш белгиланган.

Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича 45,6 млрд. сўмлик тадбирлар белгиланиб, 118,7 км узунликдаги йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, туман йўл қурилиш бўлими моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, замонавий транспорт воситалари сотиб олинади.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 34 та “Исузу” русумдаги автобус харид қилиниб, туманнинг чекка ҳудудларидан туман ва вилоят марказига 6 йўналиш бўйича қатнов йўлга қўйилади.

Туман аҳолисининг ичимлик сув ва табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 16 та электр линияларида 9,8 млрд. сўмлик таъмирлаш ва янгилаш ишлари, 28 та ичимлик суви объектида 3,2 млрд. сўмлик ҳамда 14 та табиий газ таъминоти объектларида 5,4 млрд. сўмлик янги қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантиришга йўналтириладиган 1,8 млрд. сўм маблағ эвазига мобил ва интернет алоқа тармоқларини яхшилаш, рақамли телевидение қамровини 70 фоиздан 100 фоизга кўпайтириш белгиланган.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантиришни таъминлаш йўналишида 125,1 млрд. сўмлик тадбирлар амалга оширилади. Бунда қиймати 2,4 млрд. сўмлик 58 та қишлоқ хўжалиги техникалари, 12 млрд. сўмлик 2042 бош наслли қорамол, 7,9 млрд. сўмлик 307 минг бош парранда, 1,1 млрд. сўмлик 2500 бош қуён сотиб олинади.

Бундан ташқари, 10,8 гектар ер майдонда балиқчилик, 520 оила асалари хўжалиги, 18 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш имкониятига эга 3 та совутгич, 2,8 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилади.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2016-1018 йилларда 8,9 млрд. сўмлик ирригация-мелиорация ишлари бажарилади. “Булунғурдавсувмахсуспудрат” корхонасининг моддий-техника базасини яхшилаш учун 3,8 млрд. сўмлик лизинг шартлари асосида 2 та эксковатор сотиб олинади ва корхона негизида 1 та бетон заводи ишга туширилади.

Ижтимоий инфратузилмани янада ривожлантириш йўналишида ижтимоий соҳа объектларининг бугунги ҳолати инобатга олиниб, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 40,1 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш тадбирлари белгиланган.

Жумладан, мактабгача таълим муассасаларнинг 4 тасида мукаммал таъмирлаш, 3 тасини мебель билан таъминлаш, 5 тасида қисқа гуруҳлар учун қўшимча шароит яратиш, 10 та муассасанинг иситиш тизимини яхшилаш режалаштирилган.

Умумтаълим мактабларининг 8 таси реконструкция қилинади, 2 таси капитал таъмирланади, 8 та мактабда қўшимча спорт зали қурилади.

Шунингдек, бир қатор таълим муассасаларини компьютер жамланмаси билан жиҳозлаш, иситиш тизимини янгилаш, 1 та болалар мусиқа ва санъат мактаби қуриш кўзда тутилган.

Тумандаги касб-ҳунар коллежлари, соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳам 9,1 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ишлари бажарилади.

Дастурга кўра, тумундаги Қирқшоди ва 1-сон аҳоли дам олиш ва маданият марказларида реконструкция, жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Булунғур туманини комплекс ривожлантириш дастури доирасида жами 505 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 4 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Барча вазифаларнинг амалга оширилиши эса 2019 йил якунлари туман аҳолиси даромадлари 2,5 баробарга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 мартага, хизмат кўрсатиш соҳаси 2,9 мартага, қурилиш-пудрат ишлари 2,2 мартага, қишлоқ хўжалиги 2,1 мартага ошиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми 42 фоизга етказилиши кутилмоқда.

Йиғилишда туман фаоллари сўзга чиқиб, туманни ҳар томонлама комплекс ривожлантиришга қаратилган мазкур қарорни Президентимизнинг булунғурликларга бўлган чексиз эътибор ва ғамхўрлиги ифодаси, деб билишлари ва уни амалга оширишга сидқидилдан ёндошишларини билдирдилар.


Киритилган вақти: 07/06/2016 15:56.   Кўрилганлиги: 999
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/bulungur-tumanida-islohotlar-jadallashadi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг