
“Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойлари, истиқлол йилларида вилоятда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда.
ЭдриэнсСтивенс, “Native Pride Arts Dancers”жамоасивакили (АҚШ):
– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиш бизга катта мамнуният бағишлайди. Ушбу анжуман иштирокчилари кўплиги ва унинг юксак савияда ташкил этилгани фестивалнинг дунё миқёсида тобора ортиб бораётган нуфузидан далолатдир.
Фестивалнинг Самарқандда ўтаётганида чуқур маъно бор. Самарқанд Шарқнинг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири. Бу ерга келиб буюк меъморий ёдгорликларни кўриб, бебаҳо маданиятингиз билан танишиб, шаҳар манзарасидан завқланиб, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама бойлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Самарқанддаги иншоотлар меъморчиликнинг энг мураккаб жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, юксак дид ва катта маҳорат билан барпо этилгани бизни лол қолдирди. “Афросиёб” музейида Самарқанд тарихига оид кўплаб экспонатларни кўздан кечириб, бу заминга нисбатан ҳурматимиз ва меҳримиз янада ошди.
Рашми Агарвал, “Sufi Music” гуруҳи раҳбари, “Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивалининг Гран-при соҳиби (Ҳиндистон):
– 2013 йилда ушбу машҳур халқаро фестивалнинг энг юксак совринига сазовор бўлган эдим. Бу воқеа ҳаётим ва ижодимдаги энг бахтли ва унутилмас онлар сифатида хотирамда муҳрланиб қолган. Бу галги иштирокчиларнинг чиқишларини томоша қилиб, икки йил аввал ўзимда ҳис қилган чуқур ҳаяжон ёдимга тушяпти.
Жаҳон мусиқа санъати ва турфа халқлар маданиятини намоён этиш, турли миллатлар ва элатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини, уларнинг қалбларида аҳиллик ва бирдамлик каби эзгу фазилатларни мустаҳкамлашга имконият яратаётгани учун Ўзбекистон раҳбариятидан ғоят миннатдормиз. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилаётган, дунёда тинчлик ва тотувликни таъминлашга улкан ҳисса қўшаётган бундай хайрли ишлар мамлакатингизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори ва нуфузи янада юксалишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда санъатни ривожлантириш ва тарғиб этиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлардан ўрнак олса арзийди.
Илга Рейзниэсе, “Илги” гуруҳи аъзоси (Латвия):
– Самарқандга келишимиз билан “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг нечоғли нуфузли ва йирик анжуман эканини яна бир бор ҳис этдик. Бу ерда иштирокчиларга кўрсатилаётган иззат-икром таҳсинга лойиқ. Фестиваль меҳмонлари ва қатнашчилари учун барча шароит яратилган. Бу мамлакатингизда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ижод аҳлининг фаолияти учун кенг йўл очиб берилганидан далолатдир.
Жаҳонаро шуҳрати ошиб бораётган ушбу санъат анжуманида ўз ижодимизни намойиш этиш биз учун катта шараф. Танловда скрипка, кокле, мешли найчалар, гитара, электр бас ва зарбли чолғулар уйғунлигида ижро этиладиган, қадимий ва бир вақтнинг ўзида замонавий мусиқий услубларни жамлаган куй-қўшиқларимиз барча ёшдаги томошабинлар кўнглидан жой олади, деган умиддамиз.
Фестивалда қатнашиш асносида Шарқ гавҳари бўлмиш Самарқандни, унинг дунёда ном таратган бебаҳо меъморий обидаларини томоша қилиш имконига эга бўлганимиздан қувончимиз чексиз. Бу шаҳарнинг ҳар бир қарич ери тарихий ва гўзалдир. Замонавий ва миллий руҳни уйғунлаштирган ҳолда бунёд этилган муҳташам иншоотлар ва кўркам биноларни, серфайз хиёбон ва сайилгоҳларни томоша қилиб тўймайсан киши. Айниқса, бетакрор Регистон ансамбли қалбимда шу қадар катта ҳайрат уйғотдики, ҳисларимни таърифлашга сўз тополмайман.
Махиде Леин, “Ahoi Аrtists and Еvents” агентлиги менежери (Германия):
– “Шарқ тароналари” фестивали халқаро миқёсда ўтказилаётган йирик маданий тадбирлардан. Мазкур анжуман глобаллашув жараёнида дунё халқларининг миллий мусиқа мероси, санъатини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга хизмат қилмоқда. Ер юзининг турли қитъаларидан келган санъаткорлар Самарқандда бир-бирлари билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаётир.
2013 йилда мен менежерлик қилган Шимолий Африка ва Бразилиядан тўпланган ёшлардан иборат “Ланая” гуруҳи мазкур танловда биринчи ўринни қўлга киритган эди. Бу гал зимбабвелик санъаткорлар билан ташриф буюрдим. Умид қиламанки, уларнинг иқтидори ҳам барчага манзур бўлади.
Ўнинчи бор ўтказилаётган «Шарқ тароналари»га бу гал янада катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўляпмиз, анжуман ғоят ўзгача, юксак савияда ўтмоқда.
Соҳрабуддин Мондал, Бангладеш Шилпакала академияси директори:
– Машҳур Регистон майдонида ўз санъатимизни намойиш этиш имкониятига эга бўлганимиздан жуда бахтиёрмиз. Бу онларни узоқ интиқиб кутгандик. Майдондаги улкан амфитеатр киши қалбини ҳаяжонга солади. Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари, қадим минора ва нилий гумбазлар ранго-ранг чироқлар ёғдусида жилоланади.
Ўзбекистонда барча соҳалар қатори санъат ҳам юксак даражада ривожланган. Ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари, жозибадор миллий рақслари дунё аҳлини ўзига мафтун этмоқда. Гўзаллик ва нафосатни ўзида мужассам этган наволарингизга меҳримиз тушган. Халқингизнинг фаровон ҳаёти, мамлакатингизда ҳукмрон обод турмуш тарзи, осуда ҳаётга чин дилдан ҳавас қилдик.
Шаина Снайдер, иштирокчи (АҚШ):
– Санъат ҳамиша инсонларни эзгуликка, бағрикенгликка чорлаб келган. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дунёнинг турли мамлакатидан келган санъаткорлар ижросидаги миллий куй-қўшиқлар тинглаш баробарида ўз ижодий ишларимизни ҳам намойиш этиш имконини бераётир. Ушбу танлов учун махсус дастур тайёрлаб келганмиз. Мазкур фестивалда иштирок этиш биз учун катта шараф.
Самарқанднинг гўзал табиати, ям-яшил боғу роғлари, сержило фавворалари ҳамда халқингизнинг улкан яратувчанлик салоҳиятини намоён этувчи минора ва мақбараларни томоша қилиб, ҳузур қилмоқдамиз.
Килема Рандрианантоандро, “Такидеда” гуруҳи ижрочиси, “Шарқ тароналари” VIII Халқаро мусиқа фестивали совриндори (Мадагаскар):
– Азалдан фан ва маданият гуллаб-яшнаган мустақил ва обод юртингизда миллий мерос, анъана ва қадриятлар юксак қадр топаётир. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлида ташкил этилган. Мазкур анжуманга ҳар гал келганимда унинг ўзига хослиги ва жозибасидан, юртингизнинг фусункор тароватидан баҳра оламан.
Самарқанд тарихий обидаларга жуда бой шаҳар. Бир неча асрларга гувоҳ осори-атиқалар ҳозирга қадар ўз кўркамлиги ва салобатини йўқотмагани аждодларингиз беназир ақл-заковат, юксак салоҳият соҳиби бўлганини намоён этиб турибди. Регистон ансамбли, Бибихоним масжиди, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, руҳий қувват олдик.
Андре Габриель, созанда (Франция):
– «Шарқ тароналари» фестивали миллий санъатни намойиш этишга кенг имконият яратаётгани, иштирокчилар сонининг кўплиги ва жўғрофиясининг ғоят кенглиги билан бошқа халқаро танловлардан ажралиб туради.
Бетакрор Регистон майдонида миллий наволаримизни ижро этаётганимиздан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлмоқда. Самарқандда ўтаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига бутун жаҳон жўр бўлаётгандай гўё. Биз ер юзининг турли минтақаларидан келган санъаткорлар билан танишдик. Гарчи бошқа-бошқа тилларда сўзлашсак-да, мусиқа воситасида самимий мулоқот қилиш имконига эгамиз.
Самарқандни кўришга орзумандлар Францияда ҳам кўп. Мен ҳам уни кўриш ниятида эдим. «Шарқ тароналари» туфайли орзуим ушалганидан жуда бахтиёрман.
ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.