Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Божхоначилар сайёҳларнинг фикри ва таклифларини тинглашди

Божхоначилар сайёҳларнинг фикри ва таклифларини тинглашди

Шарқ гавҳари – Самарқандга кунига юз минглаб сайёҳлар ташриф буюриб, халқимизнинг тарихи, маданияти ва урф-одатларини ўрганишдан манфаатдор.

Ҳеч кимга сир эмаски, туризмнинг ривожланиши бевосита зарур инфратузилма ва транспорт-логистика тизими билан замонавий рақобатбардош сайёҳлик мажмуасини шакллантиришга бевосита боғлиқдир.

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун божхона тизими такомиллаштирилди. Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг барча халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилиб, божхона назоратидан кесиб ўтиш жараёни соддалаштирилди.

Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин Ўзбекистон Республикасига Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда 1 та рейсда учиб келган йўловчиларга (150-190 киши) багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатдан кўп вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён ўртача 30-45 дақиқагача бўлган вақтда амалга оширилмоқда. 

 

Самарқанд халқаро аэропортида вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан журналистлар ҳамкорлигида божхона хизматининг самарадорлиги, хорижликларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун нима қилиш кераклиги ҳақида шаҳар меҳмонларининг фикри ва таклифлари билан қизиқишди.

Марко БАЛИEРИ, Италия:

- Самарқанд деярли менинг Ватанимга айланди. Ўзбекистонга илк бор 2013 йилда UzCharmExро халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун келган эдим. Ўша пайтдан буён бу диёрга меҳрим ошиб, тадбиркорлик фаолиятимни юргизиб келмоқдаман. Мен Италиядан Самарқандга полиуретан сотишда янги ҳамкорлар топдим. Ҳар йили 50 тоннадан зиёд кимёвий, пластик маҳсулотларни тўқимачилик ва пойафзалларни ишлаб чиқариш учун импорт қиламиз.

Бир неча йил олдин, Тошкент халқаро аэропортида паспорт назоратидан ўтишда ҳамда багаж юкларимни олишда қийинчиликларга дуч келганман. Ўтган йили Ўзбекистон Ҳукуматининг ташаббуси билан юртингизга ташриф буюрадиган Италия давлати фуқаролари учун виза режими бекор қилинди. Натижада биз тадбиркорлар ва сайёҳларга катта имконият берилиб, мамлакатингизга туристларнинг кириб келиши жараёнини соддалаштирди. Шунингдек, аэропортда “яшил” ва “қизил” йўлакларни жорий этилиши  йўловчиларни божхона назоратидан сифатли ва қисқа муддатда ўтишига хизмат қилади. Ўзим божхона назоратидан беш дақиқа ичида кесиб ўтдим. Бу жуда ҳам қулай. Мамлакатингиз билан ҳамкорликни давом эттиришни истайман. Бунинг учун имкониятлар мавжуд.

Ҳесин МОНИКА, Германия:

- Ҳаётимда илк маротаба бир ҳафталик умримни Ўзбекистонда ўтказдим. Божхона тизимидаги янгиликлардан мамнунман. Ортиқча оворагарчиликларсиз тезда божхонада назоратидан ўтдик. Самарқанд мени маданияти ва архитектура ёдгорликлари билан ҳайратга солди. Бу шаҳардан жуда кўп таассуротлар оламан деб ўйламаган эдим. Ўзбек халқининг миллий таомлари мазали ҳам арзон экан. Бироқ баъзи бир камчиликлар ҳам дуч келдик. Тарихий ёдгорликларга киришда хорижлик сайёҳлар билан маҳаллий аҳоли учун чипта нархи фарқ қиларкан. Такси хизматидан фойдаланишда ҳам худди шундай жараён. Шаҳрингизда банкоматларнинг камлиги ва борларининг ҳам ишламаслигига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга бепул “ВайФай” зоналари ва телефон буткалари кўпроқ бўлса мақсадга мувоффиқ бўлар эди.

Тим Блиссет ва Мэггий Буюк Британия (эр-хотинлар):

- Ўзбекистон бизларга жуда ёқди. Айниқса, Шахрисабзнинг тансиқли таомлари “тандир”, “палов” ва “кабоб”лари, Самарқанднинг “Регистон” майдонининг тунги чироқлар оғушидаги манзараси бини ҳайратлантирди. Ўзбекистонликлар жуда меҳмондўст халқ экан. Бизни яхши қабул қилишди. Биз ҳаётимиз давомида АҚШ, БАА, Туркия, Франция, Германия ва Европанинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлганмиз. Биз бўлган барча мамлакатларнинг чегара божхона ўтказиш ҳудудларида назорат ўрнатилган ва декларациялашда фуқароларга қулайликлар яратишга эътибор қаратилган. Ўзбекистонга қилган қисқа саёҳатимиз давомида ҳам айна шу жиҳатга гувоҳ бўлдик. Англиядан Туркияга, Туркия орқали Самарқандга келдик. Божхона назоратидан ўтишга беш ёки ўн дақиқа вақт сарфладик. Юртингизда жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб кириш ва олиб чиқишга ўрнатилган меъёрлар биз учун айни муддао бўлди. Яъни биз “яшил” йўлак орқали ёзма декларация тўлдирмасдан  божхона назоратидан ўтиш хуқуқига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Биз юртингизга яна ташриф буюрамиз деган умиддамиз.

 Наталя ИВАНОВА, Россия:

- Эрта тонгда, оиламиз билан биргаликда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўриш учун Бухородан Самарқандга келдик. Бу Ўзбекистонга илк ташрифимиз. Божхоначилар қўл ва багаж юкларни тезлик билан текширишди. Бу албатта яхши ва қулай. Узоқ муддатга навбат кутиб қолмайсиз. Самарқандга келганимизда, шаҳарни томоша қилиш учун юкларимизни аэропортдаги “юк сақлаш хонаси”га топширмоқчи эдик. Бироқ аэропортда “юк сақлаш хонаси” мавжуд эмаслигини қўриқлаш хизмати таъкидлади. Кун бўйича юкимизни судраб, шаҳарни айландик.

Ҳусен ҲОЖИПУР, Эрон:

- Ўзим “бизнесмен”ман. Қуруқ меваларни экспорти билан шуғулланаман. Юртингизга уч йил олдин келганман. Қозоғистон давлатида ўтказилган кўргазма ярмарка савдосида иштирок этиб, сизнинг диёрингиздаги маҳсулотларнинг мазаси ва сифати мени ўзига жалб этган. Шундан буён бу ердан қурутилган мева маҳсулотларини БАА, Ироқ, Эрон ва Туркия каби давлатларига экспорт қилиб келаман. Мамлакатингизда товарларни экспорт қилишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар бундан самарали фойдаланишмоқда. Эрон аэропортида битта йўлак мавжуд. Ундан ҳамма йўловчилар ҳаракатланишади. Сизда эса икки йўлакни тизим. Бу қулай. Ортиқча вақт сарфламайсиз.

Биз сайёҳлар билан суҳбат қуриб, вилоятимизда туризм соҳасида мавжуд баъзи бир камчиликларни билиб олдик. Мақсад битта. Хато ва камчликларни кўрсатиш эмас. Яъни учраётган муаммоларни бартараф этиб, хорижлик сайёҳларни оқимини кўпайтириш билан мамлакат бюджетига салмоқли ҳисса қўшишдир.

 

Замира БАЛТАЕВА,

суҳбатлашди


Киритилган вақти: 17/07/2019 12:02.   Кўрилганлиги: 321
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/bojxonachilar-sayyohlarning-fikri-va-takliflarini-tinglashdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.