
Нуробод туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Йўлдош Аллаёров, Раҳмон Обилов ва Бойқувват Саъдиновларга Президентимиз табриги ва эсдалик совғалари, беш миллион сўм пул мукофоти топширилди.
Туман ҳокими Ф.Зойиров мукофотларни топшириб, Ватан ҳимояси йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган уруш фахрийларининг ибратли ҳаёт йўли ёш авлод учун ҳамиша намуна эканлигини таъкидлади.
– Бугунги дориламон кунлар орзусида қанчадан-қанча қуролдош дўстларимиз ўтиб кетишди, - дейди Йўлдош бобо. – Фарзандлар, набираларимнинг бахтли, тинч ва фаровон кунларини кўриб, уруш йиллари чеккан заҳматларимни унутаман. Давлатимиз раҳбарлари соғлиги, халқимиз фаровонлиги, юрт тинчлиги учун доим дуо қиламан.
Ҳошим Қобулов.
Вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рашид Раҳмонов ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхона ходимлари хонадонларида бўлишди.
– Қадр топган кишининг қадди баланд, ҳаётга муҳаббати, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади, - дейди Рашид бобо. - Умримнинг навқирон дамлари фронтда кечди. Ўша йилларни эсласам, ҳали-ҳануз даҳшатга тушаман. Шукрки, бугун юртимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз фаровонлиги, рўзғоримиз тўкинлиги ана шу тинчлик шарофатидан. Бунинг қадрига етишимиз, бу кунларга осонлик билан эришилмаганини авлодлар онгига сингдиришимиз зарур.
Ғайрат Сатторов.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган меҳр-оқибат, бағрикенглик ва умуминсонийликка қаратилган хайрия тадбирларида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, уруш қатнашчилари ва ногиронлари яшаб келаётган хонадонларидаги электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун 300 минг сўмлик тўловларини амалга ошириш имконини берувчи гувоҳномалар Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан вилоятимиздаги 97 нафар уруш қатнашчилари ва ногиронларига топширилмоқда.
Учқун Бутунов, Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.
Каттақўрғон шаҳар ҳокими М.Ҳошимов ҳамда жамоатчилик вакиллари Зарифобод маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Алексей Катляр хонадонига ташриф буюрди. Ўзининг 92 ёшини қаршилаган отахонга Президентимиз номидан пул мукофоти, тилла соат, озиқ-овқат маҳсулотлари тантанали топширилди.
- Урушнинг номи ўчсин, эслашни ҳам хоҳламайман, - дейди А.Катляр. – Россиянинг Олтой ўлкасида туғилган бўлсам-да, 50 йилдан буён шу юртда, ўзбек халқининг бағрикенглиги, тинчликпарварлигидан роҳатланиб яшаяпман. Менга Ватан бўлган бу давлатдан, қучоғини очган шу танти халқдан бир умр миннатдорман.
Азим Қодиров.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги вакиллари, СамДУ ректорати ҳамда университетнинг жисмоний маданият факультети ўқитувчи ва талабалари Самарқанд шаҳрида яшовчи 97 ёшли Сейд Умар Асанов хонадонида бўлди. Отахонга Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, тилла соат ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.
- Қрим шаҳрида туғилдим ва Германиягача бўлган жангларда қатнашдим, - дейди отахон. – 1948 йилда Самарқандга кўчиб келдим, ўқидим, улуғ даргоҳ - Самарқанд давлат университетида ишладим, оилали бўлдим. Барча эътибор, ғамхўрликлардан миннатдорман. Яратган элимизни ёмон кўзлардан, уруш деган офатдан асрасин!
Баҳодир Қипчоқов.
Жомбой тумани ҳокимлиги, мудофаа ишлари ҳамда ёшлар иттифоқи туман бўлимлари вакиллари чегараларимиз дахлсизлигини қўриқлаш чоғида ҳалок бўлган Муроджон Тожиев оиласи ҳолидан хабар олиб, марҳумнинг оила аъзоларига байрам совғалари топширди.
Туманнинг Назар маҳалласида туғилиб ўсган М.Тожиевнинг бурчига содиқлиги, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз осойишталиги учун кўрсатган жасорати ҳақида ёшларга сўзлаб берилди.
- Турмуш ўртоғим 2011 йилда мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини сақлаш йўлида, хизмат бурчини бажараётган вақтда ҳалок бўлган, - дейди Р.Тоштемирова. – Бугун фарзандларимиз Шуҳратбек ва Ёдгора ҳукуматимиз эътиборида, яқинлари ардоғида улғаймоқда. Ҳар байрамда ҳарбий хизматчилар ва бошқа ташкилотлар вакиллари бизни ёлғизлатишмайди. Бунинг учун ҳукуматимиздан миннатдормиз. Ўғлимдан келажакда ким бўласан, дея сўрасак, чегарачи бўламан, дейди. Шу боис ўғлимга отасининг қаҳрамонлиги ҳақида айтиб беришни канда қилмайман.
Ноила Икромова.
Отам–Муҳаммаджон Умаров самарқандлик кулол, Ўзбекистон халқ рассоми Усто Умар Жўрақулов оиласида таваллуд топган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Марказий ва Белоруссия жанггоҳларида ўқчи полкининг рота командири вазифасини бажариб, оловли жангларни бошидан кечирган. Икки марта яраланиб, ҳарбий госпиталга тушган. Тузалгач, яна қақшатқич жангларга сафарбар этилган. Урушда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун «Қизил юлдуз» ордени, «Германия устидан қозонилган ғалаба учун» медали билан тақдирланган.
Урушдан Самарқанд шаҳрига қайтгач, отам турли раҳбарлик вазифаларини бажариб, халқимизга астойдил хизмат қилган. Бироқ, у 48 ёшида авиаҳалокатга учраб, бу оламни эрта тарк этди. Отамнинг урушда ва тинч қурилиш даврида кўрсатган матонати ва шижоатини асло унутмаймиз.
Мирхат Умаров.
Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги мутасаддилари, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, соҳада кўп йиллар хизмат қилган меҳнат фахрийлари иштирокида тадбир ўтказилди.
Унда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ўтганлар хотирасини ёдга олиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида бир гуруҳ уруш ва меҳнат фахрийларига вакилликнинг эсдалик совІалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги вилоят ҳудудий бўлими ва Самарқанд шаҳридаги кинотеатрлар раҳбарлари кино соҳасида кўп йиллар фаолият юритган меҳнат фахрийси Ҳафиза ая Аҳатова ҳолидан хабар олдилар.
Мутасаддилар онахонга ўзбек кино санъатида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди ва байрам муносабати билан эсдалик совғалар топширди.
***
Самарқанд шаҳрида вилоят фахрийлар кенгаши ташаббуси билан кекса отахон ва онахонлар ўртасида “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди.
Унда барча шаҳар ва туманлардан келган юзга яқин кекса отахону онахонлар югуриш, шахмат ва баскетбол саватига тўп тушириш шартлари бўйича беллашдилар.
Мусобақа якунига кўра, шахматда пайариқлик Раҳматулло Қоржововга тенг келадигани топилмади. Кейинги икки шарт бўйича аёллар баҳсида 55 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар ўртасида нурободлик И.Жуманиёзова, Самарқанд туманидан Т.Алимова, Каттақўрғон шаҳридан Н.Носировалар биринчиликни эгаллади. Эркаклар баҳсида 60 ёшдан 90 ёшгача бўлган отахонлар беллашди. Унга кўра, иштихонлик С.Дониев, Самарқанд туманидан Ж.Зарипов, Самарқанд шаҳридан К.Гилманов, У.Қосимов, М.Мўминов ва 88 ёшли отахон Темур Мансуров барчадан эпчил эканликларини кўрсатди.
Ҳусан Элтоев.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.