Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Бекатлар йўловчи учунми ёки…

Бекатлар йўловчи учунми ёки…

Ҳаёт бу – кутиш. Ўта фалсафий гап бўлса-да, қайсидир маънода ҳақиқат бор бунда. Чунки, гоҳ қайсидир идора остонасида, гоҳ шифохонада, баъзан раҳбар қабулхонасида кутиб вақт ўтказамиз. Кўпчилигимиз эса бекатда транспорт кутамиз. 

Кейинги пайтда юртимизда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган бекатлар пайдо бўлди – атрофи ойнаванд, юмшоқ ўриндиқлар, иситиш ва совутиш мосламалари ўрнатилган. Шу йўналишда қатнайдиган транспорт воситаларининг электрон рўйхати, WiFi тармоғи, телефон апаратларига қувват берувчи мосламаларгача мавжуд. Афсуски, бундай бекатлар кўп эмас.

Вилоятимизда ҳам бундай замонавий бекатлар саноқли холос. Аксарият бекатлар эса дўконга айланиб кетган. Бу ҳам етмагандек, атрофи турли хил ичимликлар тахлами ва бошқа маҳсулотлар билан тўлдириб ташланганки, мазкур ҳолат транспорт воситаларининг тўхташи, йўловчиларнинг автобусга чиқиб, тушишига халақит бермоқда.

Амалдаги меъёрларга кўра, бекат учун ажратилган майдоннинг камида 70 фоизи йўловчи учун ажратилган бўлиши керак. Қолаверса, йўловчи бекатда ўз йўналишидаги транспорт келгунча кутиб туриши, нафасини ростлаб олиши лозим.

Самарқанд шаҳридаги бекатларни ўрганар эканмиз бир ҳолат эътиборимизни тортди. Одатда, марказий кўчалар, яъни одам гавжум бўладиган жойлардаги бекатлар тадбиркорлар томонидан “обод” қилинган. Ажабланарлиси, улар томонидан мижозлари (майли шу ўринда йўловчи бўлмасин) учун бирор қулайлик яратилмаган.

Мисол учун, Рўдакий кўчасида “Нурли йўл”, “Даҳбед”, “Буюк Турон” сингари бекатларда йўловчилар учун етарли шароит йўқ. Бекат тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан эгалланган.

Гагарин кўчасидаги бекатларда ҳам бу каби ҳолатларни кузатишингиз мумкин.

Шаҳар четида ёки йўловчи кўп тўпланмайдиган бекатлар эса тадбиркорлар билан бирга мутасаддиларнинг ҳам эътиборидан четда қолган. Уларнинг аксарияти ҳатто таъмирланмаган.

Хусусан, Гагарин кўчасининг вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси рўпарасидаги ҳамда Самарқанд олимпия захиралари мажмуаси ёнида жойлашган икки бекат эътиборсизлик оқибатида бугун хароб ҳолга келиб қолган. Бекатдаги савдо дўконлари ичига чиқинди тўпланган. Аммо ушбу бекатларда йўловчиларнинг автобус кутиб турганига гувоҳ бўласиз.

Шу ўринда аксарият бекатларда автобусларнинг турнақатор бўлиб тизилиб қолиши нафақат йўловчиларга, балки йўлда ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларига ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлаш жоиз.

 Масалан, шаҳардаги Даҳбед чорраҳасида, Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Зебо”, “Университет ҳиёбони”, “Кафтархона бош бекати”, маҳаллий халқ тили билан айтиладиган “Поворот” бекатида тартибсизликларга гувоҳ бўласиз.

Шундай тартибсизликларни Иштихон тумани марказида ҳам кўриш мумкин. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси рўпарасидаги бекат савдо дўконига айлантирилган. Транспорт воситалари, йўловчилар жуда серқатнов бўлган бу жойдаги савдо фаолияти бекатда автобус кутаётганлар учун ҳам, ҳайдовчилар учун ҳам ноқулайлик туғдирмоқда.

Тошкент-Бухоро йўналишидаги йўлнинг Иштихон тумани ҳудудида ҳам бундай “замонавий” бекатлар кун сайин кўпаймоқда. Ишонмайсизми? Ана, Азамат қишлоғи марказидаги дўкон-бекатда Дарон Мамадиевнинг ўрнига ўғли, ҳали мактаб ўқувчиси бўлган Озодбек савдо қилаётган экан. Бу ерда биринчи навбатда тозаликка риоя этилмаган.

Шу ҳудуддаги Оқчўрағоси бекатида ҳам туну кун савдо авжида. Транспорт воситаларининг бири кетиб, иккинчиси келади. Аммо, бу ерда ҳам йўловчиларнинг транспорт кутиши учун умуман шароит йўқ. Демак, бу ердаги бекат тўлалигича дўкон вазифасини бажармоқда.

Ҳа, дарвоқе, яқин орада шу йўналишнинг ўзида яна бир нечта шундай дўкон бекатлар пайдо бўлса, ажабмас. Чунки, ҳозирда бу масканларнинг қурилиш ишлари бошлаган? Қовун қовундан ранг олади, деганларидек, бу бекатлар ҳам бошқалари сингари дўкон бўладими ёки бекатми, буни вақт кўрсатади.

Бекатларнинг дўконга айлантириб юборилишида “бекат-дўкон” эгалари айбланмоқда. Бу нотўғри демоқчи эмасмиз. Тўғри, бекатни савдо марказига айлантирган тадбиркорлар ноқонуний иш қилган. Аммо дўконга айланиб кетган бекат лойиҳасини қурилиш бошқармаси кўрмаганми? Улар кўрмаса, нега лойиҳани экспертизадан ўтказган ташкилот бу ҳолатга кўз юмиб, тасдиқлаб берган?

Майли бекатлар “эгалари” бу ташкилотлардан қандайдир йўл билан лойиҳани ўтказишгандир, аммо унга эгалик ҳуқуқини чиқариб берган шаҳар ҳокимлиги қаерга қараган? Ахир эгалик ҳуқуқини чиқариш учун бутун бошли комиссиянинг хулосаси олинмайдими?

Ўйлаймизки, бу ташкилотлар бекатлар қай тарзда дўконга айланиб қолганлиги, муаммонинг ечими тўғрисида ўз муносабатларини билдиришади.

Аммо, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган, вилоят ҳокимлиги даражасида кўриб чиқилаётган бу ҳолатга энди ҳуқуқ-тартибот органлари қонуний баҳо берса тўғри бўларди.


Охирги ўзгариш: 13/07/2019 09:03.   Кўрилганлиги: 740
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/bekatlar-yolovchi-uchunmi-yoki

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.