Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ГЎЗАЛ ТИМСОЛИ

БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ГЎЗАЛ ТИМСОЛИ

Хожа Дониёрга нисбат бериладиган, Самарқанд шаҳрининг шундоқ кираверишида, Афросиёб тепалигининг чап қисмида жойлашган қадамжони зиёрат қиларкансиз, бу ерга зиёратга келган турли дин вакилларини кўриб, халқимизга хос бўлган бағрикенглик фазилати бугун – Мустақиллик даврида янги босқичга кўтарилганига гувоҳ бўласиз, қалбингиз ёруғ туйғулар билан тўлиб-тошади...

Инсон яралибдики, табиий эҳтиёжларини қондиришга ва бу орқали ўз ҳаётини сақлашга, яшашга ҳаракат қилади. Ейиш-ичиш, кийиниш ва бошқа эҳтиёжлар унинг ҳаётини таъмин этувчи, авлодлар давомийлигига хизмат қилувчи шартлардир.

Ана шундай омиллардан бири, ҳеч шубҳасиз, эътиқод қилиш эҳтиёжидир. Одамзот энг оғир паллаларда, ҳатто бошқа эҳтиёжлари қондирилмаган, ўлим билан юзма-юз келган чоғларида ҳам ана шу омил – метин эътиқоди туфайли барча мушкулотни енгган, яна ҳаётнинг нафосатидан руҳланиб, лазиз неъматларидан баҳраманд бўлган. 

Эзгу ўй, эзгу сўз, эзгу амал...

Барча динларни, илоҳий эътиқод мактабларини бирлаштириб турадиган ягона маслак бу. Яратган томонидан сайланган, одамзотга ҳаёт моҳиятини кашф этиш, ер юзида меҳр-муҳаббат уруғларини сочиш, эътиқод маёғини баланд кўтариш учун жўнатилган пайғамбарларнинг барчаси ана шу маслак йўлида курашган, хизмат қилган.

“Пайғамбарлар турли оналардан туғилган оға-инилардир. Оналари турлича, динлари бир”, дейди пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом.

Ҳа, йўл кўп, Ҳақиқат – битта, ягона.

Юртимизда азал-азалдан барча дин, эътиқод вакиллари ёнма-ён, аҳил-иноқ бўлиб яшаганлар. Яхши-ёмон кунларида бир-бирига суянчиқ, кўмакдош бўлганлар. Бир-бирига меҳр-муҳаббат, яхшилик улашганлар. Гарчи кийиниш, яшаш тарзи, урф-одати, ибодат услуби фарқ қилса-да, қалбларидаги меҳр-муҳаббат манбаи ягона эканини, барчаси бирдай Раҳмли ва Меҳрибон Зотга юкинаётганларини теран ҳис қилганлар.

Хожа Дониёр зиёратгоҳи, унинг тарихи ва бугунги куни ҳақида тўхталишдан олдин бунчалик ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлаётган Хожа Дониёр шахсияти борасида икки оғиз тўхталмоқ жоиз, деб биламиз. 

Хожа Дониёр ким?

Ушбу қадамжо нисбат бериладиган Хожа Дониёр шахсияти ҳақида турли қарашлар мавжуд. Уларнинг ичида икки қараш киши эътиборини кўпроқ тортади.

Биринчи қарашга кўра, бу мақбара пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири бўлган, вафотидан сўнг Шоҳи Зинда қабристонига дафн этилган Қусам ибн Аббоснинг издошларидан бири бўлмиш Хожа Дониёрга тегишли, дейилади. Хусусан, тарихчи Абу Тоҳирхўжа Самарқандий “...Дерларким, у (Дониёл) ҳазрат Аббос ўғли Қусамнинг ёронларидан эди ва шу ерда кўмилгандир”, деб ёзади.

Иккинчи қарашга кўра, бу мақбаранинг тарихи Яратган томонидан одамзотга жўнатилган улуғ пайғамбарлардан бири Дониёр пайғамбарга бориб тақалади. Жумладан, Абул Ҳаким Самарқандий “Қандия” асарида “Самарқандда бир чашма борким, жаннат чашмаларидандур ва у оби Раҳмат ариғи яқинидадур. Машойихлардан баъзиларининг айтишларига қараганда, ушбу сув Дониёр пайғамбар қабрлари ёнидан ўтади...” деб ёзади...

Бу икки мулоҳазани ақл ва мантиқ тарозисига солиб кўрарканмиз, қолаверса, бу қадамжо тарихи билан боғлиқ далиллар ва ривоятларни ўрганарканмиз, кўнглимиз кўпроқ иккинчи қарашга, яъни бу табаррук қадамжо Дониёр пайғамбар шахсияти билан боғлиқ, деган фикрга мойил бўлади. 

Ривоятлар қатидаги ҳақиқатлар


Ривоятга кўра, Дониёр пайғамбар Сулаймон алайҳиссалом авлодидан бўлиб, эрамиздан олдин 603 йилда Қуддус шаҳрида дунёга келган. Эрамиздан олдинги 586 йилда Бобил подшоси Навухудоносор томонидан бу муборак шаҳар забт этилади ва кўпчилик асир сифатида олиб кетилади. Улар орасида 12 ёшли Дониёр ҳам бор эди.

Тушларни таъбирлаб, сирли ёзувларларни ўқий оладиган Дониёр тезда подшоҳ эътиборини қозонади ва саройда катта мавқега эга бўлади. Дониёрнинг ушбу муваффақиятлари ҳасадгўйларни безовта қилади ва унга қарши фитна уюштирилади. Ушбу фитна таъсирида подошоҳ Дониёрни оч шерлар ётган чоҳга ташлатади. Оч шерлар Дониёрни ғажиб ташлаш ўрнига, мулойимлик билан уни ялаб, тавоф қила бошлашади.

Душманлари буни ҳийла, сеҳр деб талқин қилишади. Подшоҳ уларнинг гапига кириб, бир неча кундан сўнг Дониёрни иккинчи марта чоҳга ташлатади. Оч шерлар бу сафар ҳам Дониёрга ўзларича юкинишади. Бу ҳолатдан қаттиқ таъсирланган подшоҳ ниҳоят Дониёрнинг Яратган томонидан сараланган инсонлардан бири эканини англаб етади ва унга нисбатан иззат-икром кўрсатиб, фитнакор ғанимларини чоҳга отади. Оч шерлар ҳасадгўйларни бир зумда тилка-пора қилиб ташлашади.

Ривоятларга кўра, бир умр одамларни ҳидоятга бошлаган Дониёр пайғамбар милоддан олдинги 531 йилда Суза шаҳрида дунёдан ўтади. Уни катта ҳурмат билан шоҳлар хилхонасига дафн этадилар.

Аҳмад ал-Балазурийнинг “Футуҳ ал-Булдан” асарида мусулмонлар Умар ибн Хаттоб ҳалифалиги даврида, Абу Мусо ал-Ашарий бошчилигида Суза шаҳрини забт этгани қайд этилади.

Воқеанинг давоми Ибн ал-Фақиҳ ал-Ҳамадонийнинг “Китаб ал-Булдан” асарида батафсилроқ ҳикоя қилинган. Унда ёзилишича, Абу Мусо ал-Ашарий бутун хазинани қўлга киритади ва қимматбаҳо моллар билан тўла уч юзта сандиқни ҳисобдан ўтказади. Сандиқлардан бири мато билан ўралган ва ёғ суриб қўйилган эди. Уни очиш ҳақида буйруқ берилганда, хазинабонлар йиғлашга тушишади ва унда қимматбаҳо нарсалар йўқлигини айтиб, қасам ичадилар. “Унда нима бор?!” сўрайди Абу Мусо. “Бу сандиқда Дониёр пайғамбарнинг жасади бор”, дейишади хазинабонлар. Бу жавобдан ҳайрон қолган Абу Мусо сандиқни очишга буйруқ беради ва сандиқ очилгач, унинг ичида қўллари ўнг тиззасига тушиб турган одам танасини кўришади.

Ибн Касирнинг “Ал-Бидоя ва ан-Ниҳоя” асарида гарчи кўп замон ўтган бўлса-да, ушбу жасаднинг ташқи кўринишда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани ёзилади. Бу ҳолатдан ҳайратланган Абу Мусо, Умар ибн Хаттобга ушбу ҳодиса ҳақида мактуб ёзади ва қандай йўл тутишни сўрайди. Одамларнинг эътиқодида фитна юз беришидан ҳадиксираган халифа Дониёр пайғамбар жасадини ювиб, яширинча кўмишни ва қабрини одамлардан сир сақлашни буюради. Абу Мусо бу буйруққа асосан, ярим кечаси ўн учта қабр қаздиради ва улардан бирига Дониёр пайғамбар жасадини кўмиб, сўнг барчасини бирдай текислатиб ташлайди. Бошқа ривоятга кўра эса, халифа буйруғига биноан, Суза шаҳри яқинида, Ефрат дарёси бўйида махсус гумбазли мақбара қурдириб, уни шу ерга дафн этишади. 

Дониёр пайғамбар хоки қандай қилиб Самарқандга келиб қолган?

Айрим тарихий нақлларга кўра, Амир Темур қўшини Кичик Осиёга қилган юриши чоғида Суза шаҳри қалъасини ўн саккиз кун қамал қилади. Қамал пайтида Амир Темур эътиборини Дониёр пайғамбар мақбараси жалб этади. Соҳибқирон халқ ичида, ушбу улуғ пайғамбарнинг хоки қаерда бўлса, ўша жойдан файзу барака аримайди, деган гапни эшитади ва Дониёр пайғамбар хокини Самарқандга олиб келишга аҳд қилади. Айрим ровийлар Дониёр пайғамбар мақбарасининг хоки олиб келинган деса, бошқа бирлари у зотнинг ўнг қўл ва ўнг оёқ суяги ҳам олиб келинган, деган фикрни илгари суришади.

Бу фикрларнинг қай бири тўғрилигини аниқлаш, бизнингча, унчалик муҳим эмас. Зеро, бу табаррук маконда улуғ зотнинг танаси эмас, руҳи қўним топгани ва у қалбларга ёруғлик, хотиржамлик бахш этаётгани муҳимроқдир.

Хуллас, бугун Самарқандда, Афросиёб ёдгорлигининг шимолий-шарқий қисмида жойлашган Хожа Дониёр қадамжоси ана шу тарзда бунёд бўлган, деган қараш мавжуд. Ва бу қараш ҳақиқатдан холи эмас, деб ўйлаймиз. 

Мангу сир

Хожа Дониёр зиёратгоҳи йиллар, асрлар ўтиши билан кўп ўзгаришларга юз тутган. Аммо даврлар, замонлар дахл қилмаган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. 1894 йил ёзишмаларида рус рассоми П.Дмитриев-Кавказский бу қадамжо ҳақида тўлқинланиб шундай ёзади:

 “Шаҳардан 2-3 чақирим масофада жойлашган жарлик ён бағрида, анҳор ва сўлим яшиллик қўйнида диндорлар томонидан ниҳоятда қадрланадиган Дониёр Ота мақбараси жойлашган. Камарнинг бутун саҳни пастқам девор билан ўралган. Ўрталиқда узун мақбара, қабр бошида олтита туғ бор. Фақат қушларгина бу ердаги илоҳий сукунатни бузиб туради. Бу – Самарқанд атрофидаги ноёб илҳомбахш гўшалардан биридир...”

Афросиёб қадимий шаҳарчаси муҳофаза деворига ёндош жойлашган мақбара ёнидан машҳур Сиёб – Сиёҳ об, яъни Қорасув ариғи оқиб ўтади. Мақбара пастида хосиятли чашма, булоқ бор. Бу ҳақда Абу Тоҳирхожа Самарқандий ўзининг “Самария” асарида “У зотнинг мижозидан муборак бошлари тарафидан Сиёҳоб ариғидан яқин бир булоқ чиқиб, Сиёҳоб ариғига қуяди. Халқ уни табаррук билиб ичадилар ва чўмиладилар, уни кўп касаллар шифосига сабаб деб биладилар” деб ёзади.

ХХ аср бошларида ушбу қабр устида мақбара қурилган. Мақбарага кириш илгари ман этилган. Қабрни махсус ўрнатилган ганч панжара орқали кўриш мумкин бўлган, холос. Мақбара биносининг эни 5,77 метр, узунлиги 21,20 метр, баландлиги 4,80 метр бўлиб, у узунчоқ тарҳли, беш гумбазли хонадан иборат. Қабрнинг ўзи 18 метр.

Кишида “Нима учун бундай узун?” деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб тариқасида “Ушбу мақбара Шоҳи Зинда қабри томонга йил сайин узайган”, деган халқ ичидаги ривоятни келтиришади...

Лекин дунёда худди шундай бошқа узун қабрлар ҳам борки, улар ҳақида ҳам ҳар хил ривоятлар тарқалган.

Ҳа, Бобо Тарих ўз сир-синоатлари калитини бизга осонликча тақдим этмайди. Эҳтимол, ана шу мангу сирнинг ўзи бизни доимо бағрига чорлаб турар... 

Дониёр пайғамбар қадамжоси: далиллар, мушоҳадалар

Бу қадамжо Дониёр пайғамбар шахсияти билан боғлиқ, деган фикрга келишимизга бир неча сабаблар бор.

Биринчидан, Дониёр пайғамбарга нисбат бериладиган мақбаралар дунёнинг бошқа жойларида ҳам бор. Ва бу мақбаралар кўриниши, булоқ ва анҳорлар яқинида жойлашгани ва бошқа хусусиятлари билан бир-бирини эслатади.

Иккинчидан, сал аввалроқ айтганимиздек, дунёнинг тўрт бурчидан Самарқандга энг ноёб осори атиқаларни олиб келган Амир Темурнинг Дониёр пайғамбар мақбарасига назари тушиши ва у зот барокатидан Моварауннаҳрни ҳам баҳраманд этишни исташи эҳтимолдан холи эмас.

Учинчидан, ва энг асосийси, бу мақбара бир неча асрлардан буён фақат мусулмонлар эмас, балки яҳудийлар, насронийлар учун ҳам табаррук қадамжо саналади. Рус сайёҳи Секульскийнинг 1908 йилда ёзган йўлномасида ушбу мақбара шаҳарнинг энг хушманзара жойларидан бирида жойлашгани ва баҳор, ёз мавсумларида бу ерга рус ва маҳаллий аҳолига мансуб кўплаб зиёратчилар ташриф буюриши қайд этилган. Чиндан ҳам, йил–ўн икки ой давомида бу ердан турли миллат ва динга мансуб бўлган кишиларнинг қадами узилмайди.

Бу ерга келган ҳар бир инсон дини, эътиқод услубидан қатъий назар, бутун тирикликни ўз нури, камолоти билан қамраб олган ва бутун оламга ҳаёт, саодат бахш этувчи Улуғ Қудрат Соҳибининг меҳрини, хайрихоҳлигини ҳис этади. Динлар, мазҳаблар ва турли оқимлар орасидаги зиддиятларнинг бемаъниликдан бошқа нарса эмаслигини, бани олам ва одамни меҳр-муҳаббатнинг жозибали қуввати бирлаштириб туришини, нафрат ва маҳдудликдан сув ичган ҳиссиёт ва фикрлар алалоқибат инсонни, жамиятни парокандаликка олиб боришини англаб етади.

Шу ўринда савол туғилади: Дониёр пайғамбарнинг хоки нима учун айнан Афросиёб шаҳарчасининг шимолий шарқий томонига қўйилган? Мақбаранинг илк кўриниши қандай бўлган ва ўтган давр мобайнида у қандай ўзгаришларга юз тутган? Бу ва бунга ўхшаш саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз. 

Мозий қаъридаги пойдевор

XIX асрнинг охири, XX аср бошларидаги ноёб фотосуратларни кўздан кечирарканмиз, Хожа Дониёр мақбарасининг ўша даврдаги кўриниши тасаввуримизда жонланади. Улардан маълум бўладики, ўша даврларда қабр усти дарё тошлари билан терилган ва унинг атрофида кичик масжид ва айвон бўлган.

Ушбу қадамжонинг ўз қатида неча минг йиллик тарихни яшириб ётган Афросиёб ёнбағрида бино бўлганини идрок этарканмиз, кўнглимизда, мазкур мақбаранинг асоси биз ўйлагандан кўра ҳам олис мозий қаърига бориб тақалмасмикан, деган мушоҳадалар уйғонади. Бу ерда илмий-текширув ишлари ўтказган мутахассисларнинг баъзи тадқиқотлари билан танишарканмиз, ишончимиз янада мустаҳкамланади.

2001 йилнинг 8 октябридан 8 ноябригача – бир ой давомида Х.Муҳиддинов, А.Кузьминов, У.Рашидов каби мутахассислардан ташкил топган Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси қадимшунослари гуруҳи Афросиёб ёдгорлигининг шимолий-шарқий қисмида археологик қазилма ишларини олиб боришади. Маълум бўлишича, мақбара ёнидаги бино 19-аср сўнгида қурилган айвонли масжид бўлиб, у Иккинчи жаҳон урушигача сақланиб турган. Энг қизиғи, масжиднинг меҳроб девори остини текшириш чоғида у ердан 38х19х8 см ҳажмдаги ғиштлар чиқа бошлайди.

Хўш, нима бўпти, дейсизми? Гап шундаки, бундай ҳажмдаги ғиштлар ХI-ХII асрларга оид эди.

Археологлар, меҳроб девори анча қадимий бўлиб, жанубий, шарқий ва шимолий деворлар эса 19-асрда чўпкори услубида янгидан қурилган, деган хулосага келишади.

Шунингдек, тадқиқот жараёнида 14-аср охири, 15-аср бошларига доир қурилиш ашёлари ҳам топилади. Бой тарихий ашёларни ўрганиб, мутахассислар бу ерда Х-ХII асрларда қурилган масжид мўғуллар босқинигача мавжуд бўлган, Амир Темур ҳукмронлиги даврида мустақиллик рамзи сифатида бу муқаддас жой қайтадан тикланган, даврлар шамолида нураган ибодатхона 17-асрда таъмирланган ва, ниҳоят, 19-аср сўнгида кўҳна пойдевор устида янги деворлар тикланган, деган хулосага келишади.

Қадимшуносларнинг фикри фақат бу билан чекланмайди. Улар IV-V, I-II асрларга оид археологик далилларга таяниб, бу ерда Ислом динигача бўлган даврда ҳам муқаддас ибодатхоналардан бири жойлашган бўлиши мумкин, деган фикрни илгари суришади. Бундан бугунги кунда Хожа Дониёр мақбараси жойлашган макон азал-азалдан одамлар юкинадиган, зиёрат қиладиган, таскин-тасалли топадиган мўътабар маскан бўлган, деган хулоса келиб чиқади.

Халқимизда “Худо назари тушган жой” деган ибора бор. Хожа Дониёр зиёратгоҳи жойлашган тупроқда ҳам инсонлар қалбига қувват, ёруғ туйғуларни бахш этувчи, кўнгилларни бирлаштирувчи илоҳий сир-синоат бўлса ажаб эмас. Йўқса, бу жойга барча даврларда турли дин ва миллат вакиллари бирдай талпинмаган, интилмаган бўлур эди. 

Тегирмонга тушган қадриятлар

Барча муқаддас жойлар, тарихий бинолар каби Хожа Дониёр мақбараси ҳам шўро йилларида заволга юз тутди. Маҳаллий аҳоли орасидаги ёши улуғ одамлар мақбара қолдиқлари ХХ асрнинг 40-йилларигача турганини эслашади. Кейин эса ҳамма бирдан бу ерни унутишади. Гўё минг йиллар давомида бу ерда ҳеч қандай диққатга молик нарса бўлмагандай.

Кўпчилик бу ерда фақат тегирмон, кейинчалик эса ун заводи борлигини, у эртаю-кеч ишлаб туришини билар, аммо бу тегирмон ва завод қандай қадриятларимизни янчиб, тўзғитиш эвазига фаолият кўрсатаётганига кўпам эътибор бермасди. Эҳтимол, бу ҳақда ўйлар эдилар-у, аммо ўйларини тилга чиқаришга ожиз эдилар. Зеро, бу пайтда қалтис замоннинг бешафқат Қизил Тегирмони айланар, у бир афсонавий шахснинг мақбараси тугул, етти иқлимни ларзага солган, тарих китобларига ўз исмларини зарҳал ҳарфлар билан битиб кетган улуғ боболаримизнинг ҳам муқаддас қадамжоларини ямлаб-ютаётган эди.

Замон бешафқат, диллар ўксик эди.

Аслида маълум бир бинони, мақбарани, саройни бузиш, ҳатто ер юзидан бутунлай супуриб ташлаш мумкин, аммо тарихий хотирани йўқотиб бўлмас экан. Худди иммун тизими одамни турли хасталиклардан ҳимоя қилгандай, тарихий хотира ҳам миллатнинг ўзлигини, қадриятларини ўз қатларида пинҳон сақлар экан. Ва қулай фурсат келганда, ўлмас қадрият уруғлари яна қайтадан униб чиқар, барқ урар, кўзларни қувонтирар экан. Биз учун қадрли бўлган барча маънавий бойликларимиз, элимиз кўзига сурган аксарият табаррук масканлар сингари Хожа Дониёр зиёратгоҳи ҳам ана шундай қисматни бошдан кечирди... 

Хожа Дониёрнинг “уйғониши”


Сарлавҳани шундай деб қўйдиг-у, аслида уйғонган Хожа Дониёр эмас, биз бўлдик. Зеро, бу жойда қўним топган муқаддас руҳ энг оғир кунларда ҳам уйғоқ эди, айтиш мумкинки, у унутилишга маҳкум этилган чоғларида ҳам халқимиз қалбига ёруғлик, қувват тилашдан тўхтагани йўқ.

Мустақиллик шабадаси, истиқлол шодиёнаси бизни асрий уйқудан уйғотди. Ўзлигимизни эсладик. Президентимиз ташаббуси билан барча улуғ боболаримизнинг муборак номлари, тарихий қадамжоларимиз қайта тикланди. Жумладан, Хожа Дониёр зиёратгоҳида ҳам истиқлол йилларида босқичма-босқич ободончилик ишлари олиб борилди.

Дастлаб 1995-1996 йилларда, кейинчалик 2007-2008 йилларда Хожа Дониёр зиёратгоҳида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Тошкент шоҳкўчасидан зиёратгоҳгача Сиёб ариғи бўйлаб 250 метрлик йўл очилиб, кириш қисмида нақшинкор дарвоза ўрнатилди. Зиёратгоҳга чиқиш учун 3 қисмли зинапоя қурилди. Қабр атрофи оникс ва қора мармар билан қопланди. Ва ниҳоят, 2012-2013 йилларда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари натижасида Хожа Дониёр зиёратгоҳи бутунлай янгича кўринишга эга бўлди.

Зиёратгоҳ майдони кенгайтирилди. Қадамжо яқинидаги ун заводи бу ердан олинди. Тор, эгри-бугри йўналишда оқадиган Сиёб ариғи кўчирилиб, дилларга баҳра берадиган, замонавий ҳолатга келтирилди. Атроф-теварак кўкаламзорлаштирилди. Зиёратгоҳ нишаблигига махсус майсалар, арча кўчатлари экилди. Зиёратчиларнинг ўзлари учун соябонли ўриндиқлар, автоуловлари учун махсус тўхташ жойлари ташкил қилинди. Миллий ҳунармандчилик намуналари, эсдалик совғалари сотиладиган дўконлар қурилди.

Шунингдек, зиёратчиларга қулайлик туғдириш мақсадида, қисқа муддат ичида ўзбек ёғоч ўймакорлик санъатининг энг гўзал намуналарини ўзида акс эттирган шинам айвон барпо этилди. Бу айвон нақшу нигорларида мамлакатимиздаги энг моҳир усталарнинг юрак қўри, меҳри, заковати акс этган.

Айнан шу ободонлаштириш ишлари арафасида одамни ўйлашга мажбур этадиган қизиқ ҳодиса юз берди: сўнгги йилларда қариб-қуриб қолган 500 йиллик писта дарахти, кутилмаганда, яшилланиб, жонланди, унда яна ҳаёт асари пайдо бўлди. Гўё у бу муборак масканга узлуксиз келаётган, шунингдек, уни обод қилишга чоғланган одамларнинг меҳридан, юрагидан қувват олгандай.

Зеро, бизга тасодифдай туюлган ҳар қандай ҳодисанинг таг-замирида сирли ҳақиқатлар ётган бўлади... 

Хотима

Барча илоҳий динлар моҳиятан ўзакдош: дунёда меҳр-муҳаббат байроғини баланд кўтариш; нафрат, ғазаб, ҳасад, очкўзлик сингари иллатлар илдизини қирқиш; жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш; одам ва оламни гўзал қилиш барча пайғамбарларнинг бош маслаги бўлган.

Мамлакатимизда миллий ва умуминсоний қадриятларга кўрсатилаётган эътибор замирида ана шу эзгу мақсад жо бўлган. Хусусан, Хожа Дониёр зиёратгоҳига ташриф буюрган ҳар бир кишининг қалби нурланиб, муайян миллат ё элатга эмас, бутун олам аҳлига бирдай меҳр-муҳаббат кўрсатиш лозимлигини теран идрок этади. Қайси дин, миллатга мансуб бўлмайлик, аввало, Инсон эканимиз, шу боис ер юзидаги барчага бирдай яхшилик соғинишимиз шарт экани ёдимизга тушади.

Ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, Хожа Дониёр зиёратгоҳи – мамлакатимиздаги турли дин ва миллатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, хайрихоҳлик, бир сўз билан айтганда, бағрикенгликнинг гўзал тимсолидир. Бошқача айтганда, Ўзбекистоннинг, юртимиз маънавий дунёсининг, биз қурмоқчи бўлаётган буюк келажакнинг тажассуми, бир кўринишидир. Зиёратгоҳ марказидаги хосиятли чашма, дини ва миллатидан қатъий назар, ҳар бир чанқаган инсоннинг ташналигини қондирмоқда. Шубҳасиз, бу нурли қадамжо туфайли нафақат жисмимиз, энг аввало, руҳимиз, қалбимиз ҳамиша сув ичиб, ёришиб тургай.

 

P.S.

Ушбу мақолани тайёрлаш чоғида оммавий ахборот воситалари томонидан мавзумизга доир иккита хабар тарқалди.

Биринчиси – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ўтказилган танлов натижасига кўра, Хожа Дониёр мақбараси 2014 йилнинг энг яхши маданий объекти, деб тан олинди.

Иккинчи хабар – жангари гуруҳлар Дониёр Пайғамбарнинг Мосул шаҳридаги яна бир рамзий мақбарасини портлатиб юборишди!

Бу икки, бир-бирига зид ҳолат ҳақида ортиқча тўхталмоқчи, шарҳламоқчи эмасмиз. Қиёслаш ва фикрлашни ўзингизга ҳавола қиламиз...

 

Нодир Жонузоқ


Киритилган вақти: 16/02/2015 18:40.   Кўрилганлиги: 2435
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/bagrikenglikning-gozal-timsoli

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 14

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг