АЁЛНИНГ ЖОНИ БИТТА. УНИ АВАЙЛАШ ЛОЗИМ

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова билан суҳбат

– Аёлнинг мингта жони бор, аёлнинг жони тошдан қаттиқ, каби иборалар деярли ишлатилмай қўйди. Аксинча, аёлнинг саломатлиги, унинг маиший ҳаётидаги юмушларини енгиллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари борми ёки бугун барча юкни ўз гарданига олишга аёлларнинг “жони” камлик қиляптими?

– Саволингиз кишини ўйга толдиради. Лекин ҳақиқатан ҳам шундай. Бунинг сабабларини излаш учун бироз ўтмишни хотирлаш, ўша пайтдаги баъзи ҳолатларни эсга олиш ҳамда бугунги кун билан солиштириш лозим, деб ўйлайман.

Аёлнинг жони мингта бўлишидан кимлар манфаатдор эди? Эртадан кечгача далада ишлаб, яна кечаси билан сигир соғиб, тандирда нон ёпган аёлларнинг жони ҳақиқатан ҳам тошданмиди? Хўп, инсон, айниқса, аёл бундай шароитда бир йил яшаши мумкиндир, икки йил яшасин, бир умр шундай ҳаёт кечириши мумкинми? Собиқ тузум аёлларимизни шундай ҳаёт тарзига ўргатишга ҳаракат қилди ва қайсидир маънода ўргатди ҳам. Ким билсин, балки аёлнинг жони тошдан, деган иборалар ўша тузумдан қолгандир. Аммо бунинг асоратлари бир неча йилларга «татиди». Шунинг учун юртимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларнинг саломатлиги, рўзғор ишларини енгиллатиш масалаларига энг муҳим вазифа сифатида эътибор қаратилди.

Аёл биринчи навбатда она, соғлом ва баркамол фарзандлар онаси бўлиши керак, деган қараш юзага келди ва бу қарашлар фикрлигича қолиб кетгани йўқ, барча соҳани қамраб олган ҳолда тизимли ишлар ҳолида аста-секин ҳаётимизга татбиқ этилди. Бу ишларни амалга ошириш учун хотин-қизлар қўмитаси мақоми юқори даражага қўйилди, мазкур қўмита раҳбарлари ҳоким ўринбосари даражасига чиқарилди.

– Айтмоқчисизки, хотин-қизлар ўртасида доимий равишда ўтказилаётган тиббий кўриклар, уйда ўтирган бекаларнинг ҳам спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш, маиший техникалар учун ажратилаётган кредитлар – барчаси аёлнинг ўзига нисбатан эътиборли бўлиши, оиласидаги соғлом муҳитни таъминлашдаги ролини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар-да?

– Албатта. Бугун қишлоқ врачлик пунктларида ўтказилаётган тиббий кўрикларда республика миқёсидаги даволаш профилактика муассасалари мутахассислари иштирок этмоқда. Биргина мисол, ўтган йили фертиль ёшдаги аёлларнинг 99 фоизи тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Пайариқ, Тайлоқ, Ургут, Қўшработ, Пахтачи ва Нарпай туманларининг бориш қийин бўлган, узоқ ҳудудларидаги 56 қишлоқ врачлик пунктида туғиш ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмир-қизларни соғломлаштириш ҳафталиклари ўтказилди. Хотин-қизлар, оилалар ўртасида ўтказилаётган спорт мусобақалари анъанага айланди. Чекка қишлоқларда ҳам ёши улуғ онахонлар ўз ташаббуслари билан спорт клублари ташкил қилишаётир. Бир пайтлар туман марказида ҳам бўлмаган гўзаллик салонлари бугун қишлоқ ҳудудларида фаолият кўрсатмоқда. Эслаб кўрайлик, бир пайтлар қайси қишлоқ аёли тўй-тантанага бориш учун соч турмаклатган, ўзига оро берган? Жойларда гўзаллик салонлари, аёллар соғломлаштириш марказлари ташкил этиш масалалари Давлат дастурларига ҳам киритилди. Барчасининг замирида эса аёлнинг аввало аёллигини улуғлаш, унинг она сифатида масъулиятини ошириш билан боғлиқ мақсадлар мужассам.

– Таълим муассасаларида ташкил этилган «Ораста қизлар» тўгаракларининг асл мақсади ҳам қизларнинг саломатлиги ва эстетик дидини шакллантиришга эътибор қаратиш, шундай эмасми?

– Худди шундай. Бугунги кунда мазкур тўгарак аъзолари республика хотин-қизлар қўмитаси томонидан тасдиқланган ягона режа асосида фаолият олиб боради. Ушбу режада ўрин олган мавзуларнинг барчаси баландпарвоз гаплар эмас, кундалик ҳаётда ҳар бир қиз учун зарур бўлган фикрларга асосланган. Эътибор беринг, “Бувижонимнинг ўгитлари”, “Мен ёқтирган хислатлар”, “Менинг бир куним”, “Ойим билан дугонаман” каби мавзуларда қизларнинг ўзаро суҳбатлари мутахассис тавсиялари билан яна ўзгача мазмун касб этади.

– Шунинг баробарида хотин-қизларнинг иқтидорини намоён қилиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам аёлнинг саломатлигига қаратилган эътибордан кам эмас.

– Бу мавзуда тўхталар эканман, Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида билдирилган қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидлашни истардим: «...Қиз болани коллежни битирмасидан, ҳунар эгалламасидан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади».

Аёл саломат бўлсин, аммо унинг хотиржамлиги учун битта ҳунари бўлса нур устига аъло нур. Бу масалада биргина коллеж битирувчиларига қаратилаётган эътибор кишини руҳлантиради. 2014-2015 ўқув йилида 158 касб-ҳунар коллежларини 29228 нафар қизлар битирди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг 91,7 фоизи, яъни 26816 нафари бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган битирувчиларнинг 1222 нафари тижорат банкларидан 10 миллиард 192 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

– Раҳбарларнинг доимий равишда жойларда сайёр қабуллар ўтказиши, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар олиб бориши одатий ҳолга айланди. Айтингчи, мазкур жараёнда сизни ўйлантирадиган ёки аксинча, қувонтирадиган ҳолатлар нималардан иборат?

– Биринчи навбатда бундай учрашувлар раҳбарлар учун муҳим. Қайси маънодаки, аҳолининг ўй-фикрлари, қувонч-ташвишларини улар билан учрашмай туриб билиб бўлмайди. Дастурларга таклиф беришда, аниқ бир амалий ишларни олиб боришда бу каби учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, савол, таклифлар катта аҳамият касб этади.

Қолаверса, бугун жойлардаги учрашувларда хотин-қизлар оилавий муаммолардан кўра кўпроқ турмуш шароитларини яхшилаш масалалари билан кўпроқ мурожаат этмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар қўмитасига тушаётган мурожаатлар ўз вақтида ўрганиб борилмоқда. Ўтган йил давомида вилоят хотин-қизлар қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 178 та мурожаат тушган. Бу кўрсаткич 2014 йилга нисбатан 21 тага кўпайган. Бевосита қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан 43 нафар жисмоний шахслар қабул қилинган. Мурожаатларнинг катта қисми ижобий ҳал этилишига эришилди.

– Маълумотларга кўра, 2015 йилда хотин-қизлар учун 44858 иш ўрни ташкил қилинган. Аёлдаги яратувчанлик хислати табиатан ато этилгани туфайлими, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган аёллар сафи ҳам йилдан йилга кенгаймоқда. Улар учун қандай имкониятлар, имтиёзлар бор?

– Яқинда Пастдарғом туманидан бир аёл мурожаат қилди. Маҳалламда қандолатчилик цехи ташкил қилсам, шу атроф қизларини иш билан таъминласам, дейди. Ёки Ургут туманидаги бир тадбиркор аёл мини-стадион қурдирмоқчиман, фойда қилмасам ҳам майли, ҳеч бўлмаса фарзандларимиз шу стадионда шуғулланади-ку, дейди. Аёлларга ортиқча баҳо беришдан йироқман, аммо уларда фидойилик, сиз таъкидлагандай яратувчанлик каби фазилатлар мужассам. Шунинг учун улар тадбиркорлик билан шуғулланса, фақат ўзини эмас, оиласини, маҳалласини ўйлайди.

Қандай қилсам, даромаддан ташқари, атрофдагиларга яхши бўлсин, деган эзгу фикрлар билан иш бошлайди. Уларни бу масалада қўллаб-қувватлаш учун доимий равишда туманларда солиқ, банк, тажрибали тадбикор аёллар иштирокида семинарлар ўтказиб борилмоқда.

Биргина «Микрокредитбанк» акциядорлик-тижорат банки вилоят филиали томонидан 2015 йил давомида хотин-қизлар ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 7 миллард 279 миллион сўм кредитлар ажратилди. 2015 йил давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, айниқса хотин-қизларни, ёш оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида яратилган қулай шарт-шароитларни кенг тарғиб қилиш натижасида тижорат банклари томонидан 99 миллиард 8 миллион сўм кредитлар берилди. Шу рақамларнинг ўзиёқ кўп нарсадан далолат беради, менимча.

– Яқинда туманлардан биридаги "Аёллар маслаҳат маркази"да бўлганимда у ерда аёлларнинг марказ ходимларига турли масалаларда мурожаат қилаётгани, айниқса, руҳшунос мутахассисга эҳтиёж ортиб бораётганини кузатдим. Мазкур марказлар ишини такомиллаштиришда бу йил нималарга эътибор қаратилади?

– Ўтган йили хотин-қизлар қўмиталари қошида ташкил этилган, замонавий биноларга эга бўлган "Аёллар маслаҳат маркази"нинг асосий мақсади аёлларнинг сирдоши, кўмакчиси бўлиш, уларга тиббий, психологик, ҳуқуқий, диний масалаларда маслаҳат беришдан иборат. Маслаҳат марказларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. Ҳар бир шаҳар, туман мутасаддилари маслаҳат марказлари мутахассисларини рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу йил уларга кўпроқ эътибор қаратган ҳолда, маҳаллаларда ташкил этилган секторлар билан ҳамкорлигини кучайтириш режалаштирилган.

Жорий Соғлом она ва бола йили муносабати билан ишлаб чиқилган давлат дастурида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортчи қизларни қўллаб-қувватлаш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш борасида қатор ишлар амалга оширилиши белгиланган. Айтмоқчиманки, юқорида келтирилган факт-рақамлар сони ортади, амалий ишлар бу йил янада кенгроқ кўламда давом этади.

– Суҳбатимиз сўнгида вилоят хотин-қизларига байрам тилакларингизни билдириб ўтсангиз.

– Оилаларимизда соғлом маънавий муҳитни ташкил қилиш, хусусан, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар аввало, аёлга боғлиқ. Бу йўлда уларга хос бўлган ибо, ҳаё, кенгфеъллик, шижоат ва фидойилик фазилатлари доим ҳамдам бўлишини тилайман.

Оилаларимиз чароғбонлари бўлмиш хотин-қизларнинг бахту иқболи, толеи доим баланд бўлсин!

Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди


Киритилган вақти: 06/03/2016 17:57.   Кўрилганлиги: 569

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг