
Самарқандда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги – ахборот олишда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи таъминланишининг муҳим кафолати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат бошқаруви органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Эстония, Греция, Финляндия давлатларидан келган экспертлар, халқаро ташкилотларнинг юртимиздаги ваколатхоналари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г.Алимова, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда фуқароларнинг ахборот олишга доир конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг асосий қоидаларидан келиб чиқиб, 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши мамлакатимизда давлат бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги муҳим қадамлардан бўлди.
Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш тартиби, аҳолининг давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари билан боғлиқ қарорлари ҳақидаги ахборотдан кенг хабардор бўлиб боришини кафолатловчи ҳуқуқий тартиб-таомиллар белгилаб берилган.
Анжуманда мазкур қонуннинг ишлаб чиқилиши, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилгани ҳақида маълумот берилди. Қонун ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятидан аҳолини хабардор этиш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқлари таъминланиши тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сўз ва ахборот эркинлиги кафолатлари белгилаб қўйилган. Мамлакатимизда «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги каби қонунлар қабул қилинди. Яратилган мустаҳкам ҳуқуқий асос ва сўз эркинлигининг таъминланиши натижасида мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари сони 3,6 баробар ошиб, ҳозир 1 минг 400 дан ортиқни ташкил этмоқда. Улар орасида босма матбуот нашрларининг 60 фоизга яқини, телерадиоканалларнинг 67 таси ва интернет-нашрларнинг 95 фоизи нодавлат оммавий ахборот воситаларини ташкил этади. Бу бугунги кунда оммавий ахборот воситалари аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялашда фаол қатнашаётганини кўрсатмоқда.
Халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот соҳасини демократлаштириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори самара бераётганини қайд этди.
Анжуманнинг секция мажлисларида кун тартибидаги масалалар юзасидан маърузалар тингланди, ўзаро фикр ва тажриба алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 2
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.