Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

АСРЛАРГА ТАТИГАН ЙИЛЛАР

АСРЛАРГА ТАТИГАН ЙИЛЛАР

Самарқанд вилоятида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. 

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, рассомлар, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар иштирок этган ушбу тадбирлар Нуробод туманида жойлашган Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига саёҳат билан бошланди.

Тадбир иштирокчилари, айниқса, Тошкентда яшаб, ижод қилаётган самарқандлик ижодкорлар ярим йил ичида кўркам қиёфа касб этган ушбу масканни зиёрат қилдилар. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари энг чекка туман ва қишлоқларда ҳам давом этаётганига гувоҳ бўлдилар.


– Самарқандни кеча келиб кўрган одам бугун танимай қоляпти, – дейди профессор Сайди Умиров. – Масалан, ушбу қадамжога ҳам кўпчилигимиз бир пайтлар келганмиз, аммо инсон руҳий таскин оладиган бу манзилда мукаммаллик, номига мослик етишмасди. Бугун эса ҳайратимизнинг чегараси йўқ.

Бир ҳолатга эътибор қилайлик, дунёнинг кўплаб мамлакатларида муқаддас жойлар бузиляпти, вайрон этиляпти. Бу маънавиятнинг саёзлиги, худбин ва эртани ўйламаслик оқибати эмасми? Бундай вайронкорликлар барчамизни ташвишга солгани ҳолда юртимизда одамларнинг кайфиятидан, илм-маърифатга, маданиятга ошнолигидан қувонамиз, шукур қиламиз. Ўз навбатида бир ижодкор сифатида бу жиҳатлардан илҳомланиб, куч оламиз.

2015 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ҳазрати Довуд зиёратгоҳида вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан катта ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Самарқанд–Қарши магистрал йўлидан қадамжога олиб борувчи 6 километр йўл текисланиб, асфальтланмоқда.


25 та айвон, 1 та новвойхона, 8 та дўкон, 2 та маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси, салқин ичимликлар ва ширинликлар, рўзғор буюмлари, совғалар сотиладиган дўконлар қурилди. 50 ўринли меҳмонхона бунёд этилмоқда. Ҳудуднинг тоза-озодалигини сақлаш, орасталигини таъминлаш мақсадида 600 метрли зинали йўлак ва 600 метрли доимо мусаффо, тоза булоқ суви оқиб турадиган бетон ариқ қурилди.

– Кимдир дарахт экади, орадан йиллар ўтиб унинг соясида кимлардир ором олади, мевасидан баҳраманд бўлади. Бу ўзгармас ҳақиқат, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. – Демак, биз бугун аждодлар қолдирган бой мерос – моддий-маънавий бойликлардан баҳраманд бўляпмиз ва, ўз навбатида, ўз ниҳолларимизни қадаётганимиз ҳам рост.

Эътибор қилайлик, йигирма беш йил ичида қанчалаб ниҳоллар экилди?! Буни барча жабҳаларда амалга оширилган ислоҳотларда кўриб турибмиз. Жамият, мамлакат, одамлар қай даражада ўзгариб кетди? Буни ҳам сезиш қийинмас, онг ва маданий ўсиш етти яшар набирамиздаям сезилиб турибди. Табиийки, инсон руҳиятида келажакка, эртасига ишонч бўлса, у бунёдкорликка қўл уради, яратувчилик қилгиси келади. Аслида ҳам инсониятнинг мақсади шундай бўлиши керак. 

ДОСТОНЛАРГА МАВЗУ ТОПИЛАР

Тадбир иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида ташкил қилинган китоб ва газеталар кўргазмасини томоша қилиб, рассом ва ҳунармандларнинг ижод маҳсулидан баҳраманд бўлдилар.


Самарқандлик ижодкорлар – Комилхон Каттаев, Жумагул Сувонова, Исомиддин Пўлатовнинг яқинда нашрдан чиққан китоблари тақдимоти тадбир иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди.


Жаҳон шоирлари конгресси аъзоси Азим Суюн Самарқанд ҳақида ёзилган янги достони қўлёзмасини тақдим этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зуҳра Эшонқулова “Юрагимга айланар Ватан” номли янги китобини тадбир иштирокчиларига тарқатди.


Шунингдек, соҳалар бўйича фаол меҳнат қилаётган, амалга оширилаётган ислоҳотларни фаол ёритаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкор ташкилотлар томонидан рағбатлантирилди.

Тадбир қатнашчилари самарқандлик мўйқалам усталари томонидан яратилган сурат-картиналар кўргазмасидан баҳраманд бўлдилар. Айтиш лозимки, вилоят рассомларига йил давомида 190 га яқин буюртма келиб тушган бўлса, шу кеча-кундузда буюртма асосида вилоят ташкилотлари учун 60 дан ортиқ ранг-тасвир ва бадиий асарлар яратилди. “Санъат” журналининг бош муҳаррири Дилафрўз Қодирова журналнинг навбатдаги сонларидан бирини айнан самарқандлик рассомлар ижодига бағишлашни таклиф этди.




– Ижодкорга, аввало, одамларнинг эътибори катта илҳом беради, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, шоира Раъно Ярашева. – Қолаверса, хоҳ шоир, хоҳ, актёр, хоҳ рассом бўлсин – халққа керакли асарни тақдим этиши лозим. Бундай асарлар мағзини эса одамларимизнинг қалбидан излашимиз керак. Бугун биз, ижод аҳли ўзимизни тарбиялаб берган Самарқандда шундай эътибор ва хайрихоҳлик билан кутиб олинаётганимиз учун халқимизга таъзим қиламиз, ғурурланамиз. 

МАЪРИФАТНИ СЕВГАН МИЛЛАТ БУ

Яқинда ишга туширилиб, бугунги кунда минглаб китобсеварларнинг севимли масканига айланган “Самарқанд китоб олами” мажмуасида ўтказилган тадбирлар ҳам иштирокчиларнинг эътиборини тортди, Президентимиз раҳнамолигида юксак маънавиятли ва интеллектуал салоҳиятли авлодни камолга етказиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада кучайтиришга қаратилаётган доимий эътиборнинг юксак самаралари эътироф этилди.




Мажмуада Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари жамланган “Президент асарлари билимдони”, “Сиёсий-ҳуқуқий китоблар” бўлимлари, қироатхона, вертуал китоблар маркази, “Хорижий нашрлар зали”, “Болалар зали”, асосий зал ҳамда замонавий услубда “Book cafe” ташкил қилинган. 2500 номдаги 50 мингдан ортиқ китоб жой олган. 30 та нашриёт билан ҳамкорлик ўрнатилган, 42 нафар муаллиф билан ҳамкорлик шартномаси тузилган.




– “Самарқанд китоб олами” мажмуаси шаҳарнинг энг марказий ҳудудида жойлашганига гувоҳ бўлдик, – дейди “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёров. – Ён-атрофда олий ўқув юртлари ва мактаб-коллежлар, кўплаб корхона-ташкилотлар ҳам жойлашган экан. Бу ҳар томонлама қўлайликларга эга. Масалан, бирор талаба ёки ўқувчи кафе-ресторанга эмас, айнан шу манзилга қадам босганини кўрган бошқа бир тенгдоши, фарзандига бир қучоқ китоб харид қилиб чиқиб кетаётган ота-онани кўрган қайсидир ота-она беихтиёр шу масканга талпинса, ажабмас. Ёхуд ўз ташкилотида алоҳида кутубхона бўлишини шарт, деб билган ташкилот ташаббусини кўрган яна бир муассаса раҳбарияти бу маърифатхонага ошиқиши табиий. Қисқа қилиб айтганда, мажмуанинг ички ва ташқи дизайни ҳеч бир кишини бефарқ қолдирмайди. 

БИЗНИНГ ҚУДРАТИМИЗГА ШУБҲА ҚИЛСАНГ…

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги тадбир иштирокчиларини шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этди. Мустақиллик байрами арафасида шаҳардаги 25 кўчада қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, йил охиригача эса 33 та кўча таъмирланиши ва бошқа ободонлаштириш ишлари ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берилди.

– Вилоят зиёлилари, ижодкорлар ва фахрийлар ҳамкорлигида зиёратларга бориш, кўҳна шаҳар кўчаларини айланиш чоғида автобусда бўлган маърифий суҳбатлар ҳам бизга завқ бағишлади, – дейди Ўзбекистон Миллий университети доценти Тўлқин Эшбек. – Хусусан, мустақиллик даврида юртдошларимизнинг дунёқараши, жамиятга муносабати нечоғлик ўзгарганини мисоллар воситасида таъкидлаш баробарида замона қаҳрамони образини яратиш, бадиий асар тили, публицистиканинг йўналишлари ҳақида қизғин фикрлар билдирилди.

– Самарқанд мамлакатимизда саноати энг жадал ўсиб бораётган вилоятлардан бири, – дейди “Ўзбекистон” телеканали бош муҳаррири Абдурауф Қоржовов. – Республикамизда ўртача кўрсаткич 109 фоизни бўйлаб турганда, ҳудуддаги тармоқ ўсиши 112 фоиздан кам бўлмаяпти. Биргина автомобилсозликни олайлик. Япониянинг “Isuzu Motors Ltd” ва “Itochu Corporation” компаниялари билан ҳамкорликда 2007 йилда ташкил этилган “Самавто” заводида кичик, ўрта ва оғир юк ташувчи автомобиллар билан бир қаторда автобуслар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. 2011 йилда асос солинган оғир юк ташувчи “MAN” автомобиллари ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш мажмуасида элликдан ортиқ турдаги замонавий ва ишончли юк автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда.



Жомбой тумани Бешбола мажмуасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими З.Мирзаев вилоятимизда амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш борасидаги бажарилаётган юмушлар, бунда ижодий жамоаларнинг ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Бу борада фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ижодкорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. 


Охирги ўзгариш: 28/07/2016 20:59.   Кўрилганлиги: 560
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/asrlarga-tatigan-yillar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг