Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Самарқанднинг Регистон майдонида Ватан ҳимоясига бел боғлаган жасур ва мард ўғлонларни вояга етказган муҳтарама оналар ва уларнинг Самарқанддаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскар ўғиллари дийдорлашдилар. 

– Азизбегим оилада бир ўғил. Йигитлик бурчини ўтасин, иродаси тоблансин, дея ҳарбий хизматга кузатган эдик, – дейди Фарғона вилояти Риштон туманидан келган Дилфуза Кароматова. – Ҳарбийдаги ўғлингиз билан учрашасиз, деб Самарқандга таклиф қилишганда ҳаяжондан кўзимга уйқу келмади. Қарангки, бу шаҳри азимга икки кун олдин келиб, учрашувни кутаётгандим. Қўлларида гулдаста тутиб ёнимга шошилаётган ўғлимни кўриб ниҳоятда севиндим, тадбир ташкилотчиларидан чексиз миннатдорман.

Оддий аскар Азизбек Кароматов онаси билан кўришганидан севинчини яшира олмаса-да, ҳарбийларга хос жиддийлик билан таассуротларини сўзлади:

– Ватан ҳимоячиси, деган шарафли номга лойиқ бўлиш ҳар бир йигитнинг орзуси, айни пайтда муқаддас бурчи ҳамдир. Шу шарафли бурчимни ўташ чоғида миллий армиямиз мудофаа салоҳиятини, Қуролли Кучларимизнинг қудратини ҳис қилдим. Бугунги учрашув мен учун ажойиб байрам совғаси бўлди.


Тошкент вилояти, Қўйлиқ туманидан келган Дилдора Турсунова ўғли билан телефон орқали тез-тез қўнғироқлашиб турса-да байрам муносабати билан ташкиллаштирилган тадбир ўзгача кечаётганини яширмади:

– Бу учрашувдан ўғлим Санжарбекнинг хурсандлигини кўринг. Ватан ҳимоячилари куни билан табриклагани ўзингиз келдингиз-а, дейди нуқул. Болалигида “Қачон мен ҳам армияга бораман?”, деб кўп сўрарди. Юзида қатъият ва ғурур билан ғоз турган ўғлимга аскарлик либоси ярашганини қаранг. Илоҳим юртимиз тинч, оналар юзида доим қувонч бўлсин.


Келажакда ички ишлар соҳасида фаолият олиб боришни мақсад қилган Санжарбек Турсунов барча таассуротларини бир жумлада жамлади:

– Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлими аъзолари ва мусаввирлар аскарлар ва уларнинг оналари суратини чизиб, совға қилдилар. 


Оналар аскар фарзандлари ҳамроҳлигида Самарқанддаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилиб, ҳарбийларни шарафлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Зилола Омонова


Охирги ўзгариш: 14/01/2016 21:15.   Кўрилганлиги: 831
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/askar-onalari-sharaflandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг