Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Жаннат меваси

Жаннат меваси


Гап қайси мева ҳақида бораётганини англагандирсиз. Ҳа, топдингиз, бу - Самарқанднинг дунёга машҳур анжири.

Мамлакатимизнингбарчаҳудудларидаушбушифобахшнеъматетиштирилади. Аммо Самарқанд туманининг Боғибаланд маҳалласидаги анжир фойдали микроэлементларга бойлиги, таъми ва сифати билан бошқалардан ажралиб туради. Бу асло менинг эмас, соҳа мутахассислари, хорижлик олимларнинг хулосалари.

 - Анжир мевасида 40 фоизгача, қуритилганида эса 57-71 фоиз шакар бор, - дейди тиббиёт фанлари доктори Сайдулла Расулов. - Шунингдек, оқсил, аскорбин кислота, каротин, кальций, магний, фосфор, темир, органик кислоталар, шовул кислота мавжуд. Бу мева азалдан тиббиётда шифобахш неъмат сифатида фойдаланиб келинади. Буюк аллома Абу Али ибн Сино балғам кўчириш учун анжир мевасини истеъмол қилишни, йўтални қолдириш учун эса мевасини сутда қайнатиб ичишни тавсия этган. Жигар, талоқ ва ўпка яллиғланиши касалликларини даволашда ҳам кенг қўлланилган. Анжир таом ҳазмида катта аҳамиятга эга бўлган тола (томир)га бой мева ҳисобланади. Бу толалар инсон организмида овқат ҳазм бўлишига ёрдам беради ҳамда саратон касаллигининг айрим шакллари хавфини камайтиради. Бир дона қуритилган анжирда икки грамм тола мавжудлиги ва бу тавсия этиладиган кунлик истеъмолнинг йигирма фоизини ташкил этиши ушбу неъматнинг қанчалик фойдали эканидан далолат беради. Юртимизнинг турли ҳудудларида етиштириладиган анжир мевалари таркиби ўрганиб кўрилганда Боғибаланд анжири микроэлементларга бойлиги ва бошқа хусусиятлари билан ажралиб туриши аниқланган. Кўчати шу ердан олиб борилиб, Самарқанднинг бошқа ҳудудларида экилганида ҳам мева Боғибаланддагичалик хуштаъм бўлмаган. Бу балки ушбу анжирзорларнинг Чўпонота тепаликлари ён бағрида жойлашгани ёки Зарафшон дарёсига яқинлиги билан боғлиқдир. 

 Тарихий манбалар Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалишини кўрсатади. Жумладан, "Бобурнома"да мазкур ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб "Боғибаланд" боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.

- Боғимизда 200-300 йиллик анжир дарахтлари бор, - дейди Боғибаланд маҳалласида яшовчи 68 ёшли тажрибали боғбон Шарофиддин Аслиев. - Отам бу дарахтларни ота-боболаримиз эккан, деб унинг парваришини ўргатганлар. Болалигимда ўзим эккан ниҳоллар ҳам бугун катта дарахт бўлиб, мўл ҳосил бермоқда. Анжир шундай дарахтки, томири қаримайди. Новдалари янгиланиб турилса, тўғри ва сифатли ишлов берилса, йилдан-йилга гуркираб ўсиб, ҳосил бераверади. Лекин дарахтларимизнинг боқийлиги Боғибаланднинг серунум тупроғи, зилол суви ва мусаффо ҳавоси билан ҳам боғлиқ.

 Бир неча йил олдин Исроилдан келган фермер ва олимлар боғимизда бўлди. Анжир дарахтлари парвариши, уларга ишлов бериш ва мевасини йиғиштириб олиш жараёни билан танишди. Кун бўйи биз билан боғ айланган меҳмонлар эртаси куни қайтиб келиб, "Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида, чет мамлакатларда ҳам анжир татиб кўргандик. Лекин сизларнинг боғингиздаги мева таъми ва бошқа хусусиятлари билан бизга манзур бўлди", деб ўз юртларида экиш учун новдалардан қаламча кесиб беришимни сўрашди. Гарчи бошқа жойда бу ердагичалик анжир етиштириш мушкул эканини билсам-да, меҳмонлар раъйини қайтармай, қаламча тайёрлаб бердим. Кейинчалик эшитдим, ниҳолларнинг аксарияти кўкарган бўлса ҳам кутилганидек ҳосилга кирмабди.

 Бугун Боғибаланддаги фермер хўжаликлари майдонларида, шунингдек, аҳоли хонадонларида анжир ғарқ пишган палла. Бу азиз неъмат юртимизнинг барча ҳудудларига етказиб берилмоқда. Маҳалладаги анжирзорларни томоша қилиш, жаннат мевасини татиб кўриш учун ҳатто хорижлик сайёҳлар келмоқда. Маҳалла фаоллари ва фермерларнинг айтишича, ушбу анжирзорларни келгусида Самарқанднинг саёҳлик йўналишларига киритиш режалаштирилган. Демак, дунёга машҳур Боғибаланд анжирзорларини жаҳон аҳли кўриши, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш мумкин.

F.ҲАСАНОВ.

А.ИСРОИЛОВ (фото)


Охирги ўзгариш: 19/09/2016 14:27.   Кўрилганлиги: 569
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/anjir

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг